Унинг очилиши маросимида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев, туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, меҳнат фахрийлари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди.
Янги бинода яратилган шароит бу ерга келувчиларга ҳам яхши кайфият улашади, ҳам сифатли хизмат кўрсатади. Айниқса, шинам зал бўйлаб ўрнатилган белгилар, табассум билан кутиб олувчи маслаҳатчилар, она ва бола, тиббиёт хонаси, буфет, мўъжаз кутубхона, кутиш, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш хоналари аҳолига қўшимча қулайлик яртади.
Айни кунда туман аҳолиси 135 минг нафарни ташкил этади. 2020 йилда марказ туман аҳолисига 29 мингга яқин давлат хизмати кўрсатди. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида 438 та, юридик шахс сифатида 269 та янги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
— Янги марказ биноси замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган, — дейди Чиноз туман Давлат хизматлари маркзи директори Муроджон Иброҳимов. — Бунинг натижасида ахборот тизимларининг идоралараро интеграцияси яхшиланади, аҳолига ўз вақтида ва сифатли давлат хизматлари кўрсатиш имконини беради. Иш сифатини ошириш мақсадида Швециянинг “QMATIC” компаниясидан электрон навбат ҳамда хизмат кўрсатишни баҳолаш тизими харид қилинди.
Янги бинода аҳолига бир вақтнинг ўзида 150 га яқин сифатли, тезкор ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатилади. 20 та қабул ойнаси орқали бир кунда 400га яқин фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Электрон навбат тизими 6 та мониторда акс этиб туради. Яқинда эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш хизмати ҳам йўлга қўйилади. Бундай қулайликлар аҳолига янада тез ва сифатли хизмат кўрсатишга имкон яратади.
— Давлат хизматлари сони кўпайиши ва унга бўлган талаб ҳамда эҳтиёж кундан-кунга ортиб боргани сайин аввалги бино торлик қилиб қолди, — дейди “Ҳамза” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдураҳим Қодиров. — Бундай ноқулайлик, айниқса, қиш аёзи, жазирам ёз кунларида кўп қийинчилик туғдирарди. Янги бинода эса хона ҳароратини ҳар қандай фаслда ҳам мўътадил сақлаб туриш мумкин. Бир келганда шу ернинг ўзида барча ишиимзни бажариб кета оламиз. Олдингидек қийинчилик ва сарсонгарчилик йўқ. Барча тўловларни қабул қилиш учун касса ташкил этилган. Имконияти чекланган шахсларга ҳам шароит яратилган. Буларнинг барчаси ишимизни янада енгиллаштиришга қаратилган.
Марказ биносида Бош вазир қабулхонаси, нотариус ва адлия бўлимлари ҳам ўрин олган.
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими