Эътироф этиш жоизки, мамлакат раҳбари томонидан битирувчиларга бундай мурожаат илк бор йўлланаётгани билан ҳам тарихий аҳамият касб этди.

Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқариш мақсадида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Халқ таълими тизимида ҳам  кейинги 4 йил ичида салмоғи ўн йилликларга тенг туб бурилишлар амалга оширилди. Айниқса, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришилгани таҳсинга лойиқ. Буни биргина Бухоро вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.     

Бугун вилоятимиздаги мавжуд мактабларнинг 11-синфини 24 652 нафар ўқувчи тамомлаш арафасида турибди. Мустақил ҳаёт сари учирма бўлаётган бу ўқувчиларнинг ҳар бирининг ўз танлаган йўли бор.  Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, уларнинг 15699 нафари олий ўқув юртларига кириш истагини билдирган. 2767 нафари техникумларга, 1564 нафари коллежда ўқиш истагини билдирган. Мактаб остонасиданоқ, “Устоз-шогирд “ анъанасига кўра, ўз-ўзини иш билан таъминлаган ўқувчилар сони 2319 нафарни ташкил этмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари ўз табригида битирувчиларимизга бу йўлда оқ йўл тилар экан, ҳар қадамда уларни қўллаб-қувватлаб турувчи мустаҳкам куч борлигини таъкидлаб, уларга юксак ишонч билдирди.

Айтиш жоизки, юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришда барча имкониятлар яратилган. 

Жумладан, вилоятда ҳам ўқувчиларнинг чуқур билим олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. 2020 йилда математика, информатика ва ахборот технологиялари ҳамда табиий фанларга йўналтирилган 9 та ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти йўлга қўйилди.

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб яна 6 та математика, 4 та кимё-биология, 5 та информатика ва ахборот технологиялари чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида “Президент мактаби” фаолият бошлайди.

Рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмаларни бериш мақсадига йўналтирилган “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаси доирасида ҳам тизимда самарали ишлар олиб бориляпти. Айни пайтда Бухоро вилояти “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаси доирасида uzbekcoders.uz порталидан рўйхатдан ўтганлар сони 7097 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 2170 нафари иштирокчи сертификатига эга бўлган бўлса, 1269 нафари битирувчи сертификатини қўлга киритган. Лойиҳа доирасида ўтказилган танлов натижаларига кўра, вилоят ўқитувчиларининг 7 нафари ТОП-100 рўйхатидан ўрин олган. 8 нафар мактаб ўқувчилари лойиҳа совриндорлари сифатида 3 миллиондан 6 миллионгача пул маблағларини қўлга киритишди.

Айни пайтда  вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 536 та умумтаълим мактабларида 19 103 та фан тўгараклари ташкил этилган бўлиб, уларга 274 278 нафар ўқувчи жалб этилган. Бу рақам жами ўқувчилар сонининг 83 фоизини ташкил этмоқда.Шунингдек, беш ташаббус йўналишида мактабларда 6708 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар 334 543 нафар ўқувчиларни қамраб олган. 

Бундан ташқари ўқувчиларимизнинг 15 386 нафари “Баркамол авлод” болалар мактабларида фаолият юритаётган 7 та йўналишдаги 659 та тўгаракда ўз қизиқишлари асосида иштирок этишмоқда. 

Мактабларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятда инвестиция дастурлари асосида 18 та, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 6 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Шунингдек, Бухорода Президент мактаби фаолияти йўлга қўйилади, математика, ахборот технологиялари, кимё-биология ва физикага ихтисослашган 16 та мактаб ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифларидан сўнг яна 12 та обьектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилди. Жумладан, Вобкент туманидаги 34-мактабнинг мослаштирилган биноси ўрнига замонавий мактаб лойиҳаси асосида 330-ўринли бино қурилиши, Бухоро шаҳридаги 39-, Бухоро туманидаги 2-, Когон туманидаги 15-, Пешку туманидаги 34-, Ромитан туманидаги 3-, Қоракўл туманидаги 4-, Олот туманидаги 11-умумтаълим мактаблари реконструкция қилиниши, Вобкент туманидаги 26-, Жондор туманидаги 27-, Шофиркон туманидаги 30- ва Ғиждувон туманидаги 17-умумтаълим мактабларини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.

Мактабларнинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 291 та мактабда сувни тозалаб берувчи қурилмалар ўрнатиш орқали тоза ичимлик сув билан таъминланиб, 172 та мактабнинг ҳожатхоналари (92 та янги қурилиш, 80 та мукаммал таъмирлаш) ҳолати яхшиланади.

Жорий йилда ОТМ-МАКТАБ ҳамкорлик лойиҳаси асосида битирувчилари олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари бўйича паст натижага эришган вилоятдаги 20 та умумтаълим мактаблари олий таълим муассасаларига бириктирилди. Шунингдек, Бухоро давлат университети томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда 4 та мактабда фанларни чуқурлаштириб ўқитиш бўйича махсус гуруҳлар ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад – битирувчиларнинг 30 фоизини олий таълим муассасаларига ўқишга киришини таъминлашдан иборат. 

Берилган имкониятлардан муносиб жавоб сифатида иқтидорли ўқувчиларимиз қатор ютуқларни қўлга киритишаётгани қувонарли ҳол.

Жорий йилнинг ўтган даврида билимдонларимиз Халқаро мусобақаларда 2 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медалларига сазовор бўлишди. Шунингдек, республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадаларида ҳам ўқувчиларимиз юқори натижаларни қайд этишди. “Қўқон олимпиадаси”нинг республика босқичида Қоракўл Халқаро математика мактабининг 9-синф ўқувчиси Анваржон Рахматов ғолибликни қўлга киритиб, бош соврин- “Нексия” автомашинаси билан тақдирланди. Ушбу мактабнинг яна 2 нафар ўқувчиси ўз гуруҳлари тоифасида 2 ва 3-ўринларни эгаллашди. Ал-Хоразмий номидаги математика олимпиадасида ҳам ушбу мактабнинг 8-синф ўқувчиси Ўлмас Худойбердиев энг юқори натижа билан ғолиблик шоҳсупасини банд этди. Уч нафар ўқувчиларимиз эса фахрли 3-ўринни қўлга киритишди. Эндиликда бундан-да юқори кўрсаткичларга эришиш мақсадида пухта ҳозирлик олиб борилмоқда.

Давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, устозларнинг фидойилиги туфайли мактаб партасидаёқ талабалик бахтига мушарраф бўлаётган иқтидорли ўқувчиларимиз ҳам анчагина. Айни пайтда 200 нафардан ортиқ ўқувчилар хорижнинг ҳамда мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юртларининг талабаси бўлишди.

Давлат раҳбари ўз табриги орқали мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб, “ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар” дея юксак умид ва ишонч билдирдилар. Бунда барча ота-оналарнинг, устозларнинг, бутун бир мамлакатнинг умид ва ишончи мужассамдир.

Дилфуза МУСТАФАЕВА,

Бухоро вилоят ҳокимининг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси,

вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи