Ҳаёт машаққати ва тақдир битиги

Чоғроқ ҳовли четидаги тут дарахти соясида жуссаси чўкиб, хаёлга берилган Роҳат бувининг кўнгли эзилади. Ҳар куни қизининг, икки неварасининг тақдирини ўйлайди.

Дилфуза опа 2-3 ёшли гўдак вақти аравачадан йиқилиб, бел ва елка қисмига жиддий шикаст етганди. Ота-онаси даволатишга роса ҳаракат қилди. Тошкентдаги травматология институтида ойлаб муолажа олинди. У вақтларда ҳозирги тиббиёт қаёқда, дейсиз. Шифокорлар жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкину, аммо асаб толаларига жиддий шикаст етиши оқибатида руҳий зўриқиш кузатилиши, шол бўлиб қолиш эҳтимоли борлигидан ҳам огоҳлантирди. Буни эшитган ота-она таваккал қилолмай, операциядан воз кечди...

Шу тариқа мурғак қизнинг бола қалби ўксиб вояга етди. Лекин иродаси тоблана борди, қийинчиликларга чидашга, яшаш учун курашга ўрганди. Турмушга чиқди. Бахтли кунлар эди, аммо яна бир мусибатга йўлиқди. Оғир хасталик туфайли турмуш ўртоғи вафот этди. Ундан ёдгор бўлиб бир ўғил, бир қиз қолди.

Опа кўп қайғурди, начора, энди фарзандлари учун ҳам яшаши, меҳнат қилиши керак.

– Фарзандларимни бағримга босиб, туни билан йиғлаб, ўйлаб чиқардим. Лекин кўз ёши билан ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини англаб, ҳаракат қила бошладим, – дейди Дилфуза опа.

Тикувчиликдан топган пули рўзғорни аранг тебратишга етарди. Ҳаёт бешафқат, Аллоҳ суйган бандасига дард ҳам берар экан. Дилфуза опанинг кекса онаси тўшакка михланиб қолди. Энди онасига қараши керак, тикувчилик қилишга эса шароит, имкон қолмади. Нафақа пули ўзининг дори-дармони, икки фарзандининг эҳтиёжи ва бетоб онасининг харажатларига “урвоқ” ҳам бўлмайди.

Қизи мактабдан ўксиб келса, ўғли кўчага чиқишга ийманарди. Онасининг эса дарди ичида.

“Шу кунлар ҳам бормиди, қизим кун сайин чўкиб боряпти. Тўй-ҳашамга бормайди, тузукроқ кийими ҳам йўқ. Ўғли билан қизининг ўқишига зўрға пул топиб турибди. Дард устига мен ҳам ортиқча ташвиш бўлдим. Бошқаларга ўхшаб еб-ичадиган, ўйнаб-куладиган кунлар ҳам бормикан шўрлик пешонасида”, деб ўйларди Роҳат буви.

Бу кунларда эса мамлакатда янги ислоҳотлар даври бошланган эди. Бир куни эрта тонгдан дарвоза тақиллади...

Ёруғ кунлар эшик қоқиб келди

Кутилмаган йўқловдан Дилфуза опанинг юраги шув этди. “Сувданми, электр данми? Ёки тунов куни дўкондан қарзга ун олган эдим, шуни сўраб келдимикан”, деб ўйлади.

Дарвозада маҳалла раиси билан яна аллакимлар турарди.

– Бу киши туманимиз ҳокими, булар банк мутасаддилари, молия таъминотчилари, – дея таништирди раис бува. – Сизнинг ҳолингиздан хабар олгани келдик.

Дилфуза опа шу пайтгача бировга дардини айтмаган, маҳалладан ҳам, ҳокимдан ҳам ёрдам сўрамаган эди. Шу боис, буларнинг мақсадини яхши тушунмай турди. Ҳар қалай уйга таклиф қилди...

Хуллас, опага “Микрокредитбанк”дан 28 миллион сўм кредит ажратилди. Мақсад ҳам аниқ эди: нон маҳсулотлари ва ширинлик пиширадиган печ сотиб олади.

Опанинг матонати, мақсад сари интилиши билан ишлар ҳам юришиб кетди. Тез орада опа нон ва ширинликлар ишлаб чиқарадиган якка тадбиркор сифатида танилди. Бугун маҳалладошлари уни меҳнаткаш, оқила ва тадбиркор аёл сифатида ҳурмат қилади.

Кредитга олинган битта печ билан бошланган иш бугун анча кенгайибди. Уй айвонида печ, хамир қорадиган ускуна жойлашган. Янги пишган нон ва ширин кулчалар иси уфурган озода цех. Ўғли онасига ёрдамчи, она-бола гурунглашиб, нон ясайди.

Яқинда туман ҳокими яна опа билан суҳбатлашди. Энди опа пиширган маҳсулотларини сотиши учун замонавий дўконга эҳтиёж бўлаётгани ҳақида гапирди. Ташаббус қўллаб-қувватланди. Опа учун серқатнов йўл ёқасида енгил конструкцияли шинамгина дўкон қуриб берилди. Иссиқ, ширмой, пиёзли нон ва кулчаларнинг харидори кўп.

– Маҳсулотларимиз харидорларга манзур бўлаётганидан хурсандман. Меҳнатимизга, насибамизга яраша даромад қиляпмиз. Гарчи жисмоний камчилигим бўлса-да, кўп қийинчиликларни кўрганимга қарамай, ўзимни омадли, бахтли инсон, деб биламан. Ҳамиша Аллоҳдан бировларнинг қўлига қаровчи эмас, аксинча, ёрдам берувчилар қаторида бўлишни сўраганман. Бу ниятимга бугунги ислоҳотлар орқали эришдим. Қизим ҳам бўй етиб қолди. Сепини йиғяпман. Насиб қилса ҳали тўйлар қиламиз, – дейди Дилфуза опа.

Бахтли инсон йўқдир онамдай

– Онам бизни вояга етказаман, деб кўп қийналди. Қаттиқ эзилардим, лекин чорасиз эдик. Мана, ёруғ кунлар ҳам бор экан пешонамизда. Бизни қўллаб-қувватлаган давлатимизга минг раҳмат. Оиламиз тўкис, онамнинг юзига қон югурган, кайфияти кўтаринки. Бугун онам бечора эмас, улардек бахтли инсон йўқ, – дейди Дилафрўз.

* * *

Кун пешиндан оққан. Роҳат буви тут дарахти тагида сўрида ўтирибди. Энди кўнгли тўқ, қизининг тақдиридан ҳам, набиралари келажагидан ҳам. Шундай хурсандчиликларга етказганига, тинч-осойишта ўтаётган кунларига шукр қилиб дуога қўлини очади: Аллоҳим, халқимизга соғлик-омонлик, юртимизга тинчлик, ислоҳотларимиз бошида турган раҳбарларга куч-қувват ато эт.

Бу вақтда Дилфўза райҳонларга сув сепар, онаси янги узилган нонни дўконга олиб чиқиш учун шошилар, ҳовлини эса нон ва райҳон иси тутган эди...