Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Элчи Ашраф Хўжаев Доҳа портига ташриф буюриб, “Celestine cruises”кемасида бўлган 71 нафар ватандошимиз билан учрашди. Суҳбат давомида ҳамюртларимизга юзага келган вазият ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати Қатарнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда ватандошларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда вазиятдан келиб чиқиб уларни Ватанга қайтариш механизмларини ишлаб чиқаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Қатар туризм ташкилоти билан келишилган ҳолда 91 нафар фуқаромиз муносиб турар-жойлар билан таъминланди.

Элчихона вакиллари “Grand Regal”, “Hampton”, “Jouri Al Murwab” ва “Retaj Al Rayyan” меҳмонхоналарига ташриф буюриб, у ерларда вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларимиз ҳақида аниқ маълумот тўплаб, уларнинг рўйхатини шакллантирди. Бу эҳтимолий эвакуация ёки бошқа ташкилий чораларни мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда Қатар ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолмоқда. Мамлакатда бўлиб турган хорижий сайёҳлар қўшимча расмий маълумот берилишини кутишмоқда.