ХХI асрни ахборот технологиялари ва жаҳон ахборот тармоғисиз тасаввур қилиш мушкул. Глобаллашув даврида ахборотлар оқими боис, ёшлар кенг билимга эга бўлиш баробарида тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларга дуч келяпти. Уларни ахборот хуружларидан асраш эса энг асосий вазифага айланди. 

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети ҳамда «Зиё» медиа маркази ҳамкорлигида «Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши курашиш ҳамда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш» мавзусида ўн кунлик маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтяпти.

Ўн кунликнинг очилиш маросимида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Академия ректори ўз нутқида дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар барчамиздан ёшлар тарбиясига янада эътиборлироқ бўлишни тақозо этаётганини, бунинг учун, энг аввало, таълим тизимида улар билан мунтазам тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, ўн кунлик давомида «Сохта даъватчиларнинг илм, тақво, ақида, мазҳаб борасидаги қарашлари қай даражада мукаммал?», “Бузғунчи тоифалар ўз «қурбон»ларини қандай танлаб, қандай тайёрлайди?”, «Ахборот истеъмолига эътиборли бўлиш ва ахборот хуружи», «Миллий қадрият, урф-одат ва анъаналар, либосларнинг миллат ва халқ ўзлигида тутган ўрни ва роли», мавзуларида кўргазмали воситалар, видео ва аудио материаллар билан бойитилган, экспертлар ва талабаларнинг эркин мулоқотига улкан урғу берилган дарслар бўлиб ўтади.

Муножат Мўминова