Трампнинг айтишича, яқин 2–3 ҳафта ичида Эронга кучли зарбалар берилиши мумкин.
«Биз уларни ўз ўрни бўлган тош даврига қайтариб қўямиз», — деди у.
Президент АҚШ ҳарбий операциясини муваффақиятли ва якунига яқин деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, ҳозирги босқичда дипломатия эмас, балки ҳарбий чоралар устувор аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, Трамп Эрон Яқин Шарқ учун эндиликда жиддий хавф туғдирмаслигини айтди. У АҚШ иқтисодиёти ёқилғи нархларининг қисқа муддатли ўсишига тайёр эканини ҳам қайд этди.
Президентнинг сўзларига кўра, Эрон ўз ҳарбий салоҳиятини оширишга уринган, бироқ АҚШ бу имкониятларни чеклаган.
Ҳўрмуз бўғози масаласига тўхталар экан, Трамп унинг тақдири уруш якунланганидан сўнг ҳал этилишини билдирди. У нефть импорт қилувчи давлатларни ушбу йўлак хавфсизлигини мустақил таъминлашга чақирди.
«Бу йўлакдан фойдаланадиган давлатлар уни ҳимоя қилиши керак», — деди у.
Шу билан бирга, Трамп АҚШ Яқин Шарқ нефтига муҳтож эмаслигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, 2 апрель кунига ўтар кечаси Оқ уйда бўлиб ўтган ушбу мурожаат 20 дақиқа давом этган. Уни Associated Press жонли эфирда намойиш этган, бироқ журналистлар иштирок этмаган.