Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро С.Авлиёқуловнинг фарзанди Оғабек Султонов 2018 йилдан буён апластик анемия хасталигининг энг оғир шакли билан оғрийди. Унинг даволаниши учун Швейцария давлатида ишлаб чиқариладиган «Неорал» дори воситаси жуда муҳим.

Шу сабабли С.Авлиёқулов жорий йилнинг май-июнь ойларида ушбу препаратни сотиб олиш учун Қарши шаҳрида жойлашган “Mubina Pharm” компаниясига 5 миллион 200 минг сўм маблағни олдиндан тўлаган. Бироқ орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтишига қарамасдан компания томонидан дори воситаси истеъмолчига етказиб берилмаган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида, “Mubina Pharm” компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг тегишли бандлари талаблари бузилганлиги аниқланди ва истеъмолчининг хоҳишга кўра дори воситасини сотиб олиш учун тўланган маблағ С.Авлиёқуловга қайтарилиши таъминланди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

Матбуот хизмати