Жарима миқдори оширилди, айрим ҳолатларда эса жиноий жавобгарлик ва 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.
Ўзбекистонда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Бу ҳақда 6 март куни қабул қилинган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар асосида бундай ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача этиб белгиланди. Амалдаги таҳрирда эса жарима БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда эди.
Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундай ҳолатлар учун БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача жарима, ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш, шунингдек 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Илгари жариманинг энг кам миқдори БҲМнинг 100 баравари этиб белгиланган эди.
Қонун билан Ер кодексига ҳам қўшимчалар киритилди. Унга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ер участкаларидан бири ёки бир нечтаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши мумкин.
Бундан ташқари, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, «Ватандош» картаси амал қилган даврда карта эгасининг оила аъзолари виза муддатини кўп марталик виза сифатида узайтириш учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил октябрида қабул қилиниб, Сенат томонидан декабрда маъқулланган эди. Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш жараёнида қайд этилганидек, амалдаги қонунчиликда бундай ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган санкциялар номутаносиб бўлиб, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний муомаласига барҳам бериш ва олдини олиш бўйича ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, 2021−2024 йилларда дори воситаларидан заҳарланган шахслар сони 18 000 нафардан ошган. Шундан 177 нафарида ўлим ҳолати кузатилган. 2022−2025 йиллар давомида 18 миллиард сўмлик 285 минг дона дори воситаси ноқонуний айланмадан олиб қўйилган. Биргина, 2024 йилда бундай ҳолатлар 2022 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайган.