Чўққини забт этиш заҳмати
Бундоқ ўйлаб қарасам, қўлимга тор олиб, халқ хизматига киришганимга ҳам эллик йилдан ортиқ вақт ўтибди. Умримнинг учдан икки ҳиссаси... Бу даврда жонажон юртимизни қадамма-қадам кезиб чиқдим, ҳар бир қарич ери азизлар қадамжоси бўлган қадимий Туркистон кенгликларида шамоллар тилидагина қолиб, унут бўлаёзган қадимий қўшиқларимизни жамладим, таниш-нотаниш кишилардан яхшиликлар кўрдим, танбеҳлар эшитдим, сабоқлар чиқардим.
Баъзилар мени жуда омадли инсон деб ҳисоблашади. Аммо тоғнинг тепасида кўринган одамнинг бошдан кечирган заҳматларини чўққига чиққан одамгина яхши билади деганларидек, бу кунларга етгунга қадар бошимдан не-не савдолар кечгани фақат ўзимга ва Яратганга аён.
Ишонмаслигингиз мумкин, қирқ ёшга қадар бошимда тайинли бир бошпана йўқ эди. Деярли ҳар куни халқнинг хизматида, концертларда ё тўйларда бўлишга тўғри келган. Мен ижодни бошлаган пайтлар ғалати қонун-қоидалар ҳукм сурарди: дейлик, бирор деҳқон ё чўпон тўй қилмоқчи бўлса, албатта колхоз раисидан рухсат сўрарди. Пахта йиғим-терими пайтлари айниқса, тўй қилиш муаммоларнинг энг каттаси эди. Шунинг учун, қишлоқ жойларидаги тўйлар ёзда ёки қиш пайтлари бўлган.
Санъаткорни тўйга таклиф этиш ҳам катта машмаша эди: шуни ният қилган одам бир қучоқ ҳужжат билан филармонияга ариза ёзиб, белгиланган суммани кассага топширар, бироқ филармония раҳбари қайси қўшиқчини раво кўрса, тўйга ўшани жўнатарди. Тўй эгаси қайси санъаткорнинг шинавандаси эканлиги ёки юбориладиган ашулачининг рағбат-хоҳиши инобатга олинмасди.
Умуман, негадир ўша пайтларда тўйга бориш, халқнинг хизматини қилиш уят, шармандалик сифатида талқин қилинарди. Собиқ тузум мафкураси санъаткорнинг саҳнадан пастга тушиб, халқ ичига кириб киришига йўл бермаган.
Инсонийликнинг юксак намунаси
Муҳтарам Шавкат Мирзиёев Президент сифатида фаолият бошлаган дастлабки пайтлардаёқ биз каби санъаткорларга алоҳида эътибор қаратди. Инсон қадрини улуғлаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини тиклаш бундан ортиқ бўлиши мумкинми! Шунинг учун биз мамлакатимиз раҳбаридан умрбод миннатдормиз.
Бугун янги давр бошланди. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлар халқ учун хизмат қиладиган тизимга асос солди. Бу – одамийлик, инсонпарварлик, халқпарварлик намунаси. Мен илгари бундай ҳолатга дуч келмаганман. Раҳбар деганда барчамиз ўзига бино қўйган, халққа ўгай кўз билан қарайдиган калондимоғ кишиларни тушунардик. Энди эса манзара тамоман ўзгарди. Кўп марта хизмат сафарларида юрдим, вилоятларда, туманларда, энг чекка қишлоқларда уюштирилган тадбирларда иштирок этдим. Ва ҳамма жойда кўрдимки, раҳбарлар ўзгарган. Халққа хизмат қилиш учун уларнинг қўли кўксида. Буларнинг ҳаммаси шу халқни яхши кўрган, эл фаровонлиги, юртимиз тинчлиги йўлида тиним билмай меҳнат қилаётган давлат раҳбарининг юксак инсонийлик фазилатлари натижасидир.
Ташаббус қўллаб-қувватлантириладиган, меҳнат муносиб рағбатлантирадиган давр келди.
Оламшумул ўзгаришлар даври
Бугун Ўзбекистонда барча соҳаларда юз бераётган ўзгаришларни кузатиб, шу ишларнинг бошида турган ва фидойилик кўрсатаётган зотларга тасанно айтаман. Айниқса, санъат, маданият соҳасига берилаётган эътибордан бошим осмонга етади.
Эгасиз қолаётган дўмбираларимиз яна бахшиларнинг қўлига тушиб мардлик, тантилик, жасорат каби фазилатларни тараннум этмоқда. ЮНЕСКО ташкилоти “Лазги” рақсимизни инсониятнинг ноёб маданий бойликлари рўйхатига киритиши ҳам ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта.
Бундан икки йил олдин Президентимизнинг маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга доир муҳим қарорини ўқиб жуда хурсанд бўлган эдим. Шу йилнинг бошида эса маданият ва санъатнинг жамиятдаги нуфузини янада оширишга қаратилган навбатдаги қарори нафақат биз санъаткорлар, бутун санъатсевар халқимиз томонидан ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Ахир, биродарлар, санъат ва маданиятга эътибор бўлса, шунчалик бўлади-да.
Муҳими, юртимиздаги ҳаётбахш ўзгаришлар нафаси чегаралардан ошиб, олис-яқин мамлакатларда яшаётган ватандошларимизнинг ҳам қалбида акс-садо бермоқда. Бир пайтлар хорижий гастролларда “Ўзбегим”ни куйлаганимизда миллатдошларимизнинг кўзида ҳасрат, чорасизликни кўрган бўлсак, бугун ишонч, миннатдорликни кўряпмиз.
Мен бу гапларни бежиз айтаётганим йўқ. Кўпчилик яхши билади, 2021 йилда Президентимиз қарори билан “Ватандошлар” жамоат фонди ташкил этилди. Бу мўътабар жамғармага каминанинг раҳбар этиб тайинлангани зиммамга улкан масъулият юклади. Шу боис, хориждаги юртдошларимиз билан тез-тез суҳбатлашиб, Ўзбекистондаги янгиланишлар ҳақида фикр алмашиб, маслаҳатлашиб турибмиз.
Уларнинг ҳаммасининг тилида бир гап: “Бизнинг халқимиз бугун яхши яшашга муносиб. Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқ манфаатларини ўйлаб амалга ошираётган сиёсати бардавом бўлсин, мустаҳкам иродасига кўз тегмасин! Биз ҳам ана шу тарихий ўзгаришларга ўз ҳиссамизни қўшишни истаймиз”.
Бу истак қандай пайдо бўлади? Аввало, қониқиш, ҳавас ҳисси туфайли. Сир эмас, вақтида ўзбекнинг кўп забардаст, истеъдодли, билимли йигитлари она юртидаги биқиқ муҳитдан зада бўлиб, чет элларга кетиб қолган эди. Улар ривожланган Европа ёки бошқа мамлакатларда ўз ўрнини топишди. Дунёга машҳур етакчи компанияларда масъул лавозимларда ишлаб келяпти. Лекин улар қаерда ишламасин, қандай ютуқ ва натижаларга эришмасин, ҳамиша киндик қони томган она Ватани – Ўзбекистон тараққиёти учун ўзлари ҳам масъул эканини яхши англайди, юрт равнақи йўлида хизмат қилишни шараф деб билишади.
Насиб этса, бундай ватанпарвар юртдошларимиз билан кўп ишларни амалга оширишни режалаштириб қўйганмиз.
Зиё – Шарқдан!
Бугун Ўзбекистон ҳақиқий маънода маънавий тараққиёт йўлига кирди. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, маънавият – инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи, чироғи ҳисобланади. Ана шу чироқ одамзоднинг онги ва тафаккурини ёритади, қалбида эзгу нисоний ҳиссиётларни кучайтиради. Юртимизда янги уйғониш даври яратилаётган тарихий бир даврда ҳар бир ватандошимизнинг қалбини ана шундай маънавият шуъласи мунаввар қилиб, барчамизни эзгу ишлар сари даъват этиб туриши керак.
Маънавий юксалиш, энг аввало, миллий қадриятларни азиз тутишдан бошланади. Бизда санъатсеварлик, китобхонлик, илмга интилиш, соғлом тан ва руҳни тарбиялаш – азалдан энг гўзал миллий қадриятларимиз саналади.
“Зиё Шарқдан таралади”, деган ҳикматли ибора ҳам бежиз тўқилмаган. Бизнинг заминимизда юз очган Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳодисаларига ҳам маърифатли аждодларимизнинг инсоният тараққиётига хизмат қиладиган эзгу ғояларни миллий қадрият даражасига кўтаргани асосий сабаб бўлган эди.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан миллий мақом санъатимизни янада ривожлантириш мақсадида алоҳида қарор қабул қилингани, ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш анъанаси жорий қилингани маънавий ҳаётимизда жуда катта тарихий воқеа бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг: “Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак. Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур”, деган фикри замирида катта ҳаётий ҳақиқат мужассам.
Чунки мақом – санъатимиз гултожи, халқимиз маънавий дунёсининг кўзгусидир. Мақом фалсафаси инсоннинг қалби ва руҳини тарбиялайди. Бу асрлар синовидан ўтган ҳақиқат.
Халқаро мақом санъати ва анжумани айнан қадимий ва навқирон Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилаётгани ҳам бежиз эмас. Бу шарофатли замин Соҳибқирон Амир Темурни улғайтирган. Бу улуғ зот ўз даврида илм-фан ва санъат ҳомийси сифатида ҳам довруғ қозонган. Ўтмишда шаҳри Кешдан қанчадан-қанча машҳур шоиру алломалар етишиб чиққан, маданият ва санъат ривожланган.
Ўзбек миллий мақом санъати маркази ташкил этилгани ҳам барчамизни қувонтирди. Миллий санъатимиз аҳлининг орзуси ушалди. Бугун бу марказ фаолияти устозлар сиймосида мактабларга, санъат масканларига кўчган. Ўзимиз ҳам мактабларга бориб, ёшлар билан кўп суҳбатлар қурдик.
Бизни қувонтиргани, юртимизда мақом санъатига қизиқадиган, иқтидорли йигит-қизлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Эрта-бир кун улар ўзларининг маҳорати ва билимини ошириб, миллий мақом санъатимизнинг довруғини дунёга янада кўпроқ машҳур қилиши, шубҳасиз.
Бахшичилик санъатига қаратилаётган эътибор ҳақида ҳам ана шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин. Зеро, Бахшичилик санъати маркази фаолият бошлагани, қисқа вақт ичида Термиз ва Нукус шаҳарларида халқаро бахшичилик санъати фестивали юқори савияда ташкил қилингани барчамизни бирдай хурсанд қилади.
“Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор...”
Ўрни келганда кўнглимдаги баъзи кечинмаларимни ҳам тилга олмоқчи эдим. Ҳаётим давомида чиқарган энг муҳим хулосаларимдан бир шу бўлдики, она – бу ёруғ дунёда энг мушфиқ, энг меҳрибон зот экан. Парвардигор лутфу марҳаматининг ердаги тимсоли бўлган бу табаррук хилқат ҳақида қанча гапирилса, унинг шарафида шеър ва қўшиқлар тўқилса, шунча оздир.
Агар осмон дафтарига юлдузлар котиблик қилиб, денгиздаги сувлар, дарахт япроқлари, биёбонлардаги қумлар миқдорича сўз ясаб, маҳшаргача онанинг васфини ёзсалар ҳам, унинг чақалоғи бошида бир кеча чеккан ранжу машаққатига баробар бўлмас, деган экан алломалардан бири.
Азиз мухлисларимиз яхши билишади: элнинг тўй-маъракаси бўладими, концерт дастури бўладими, қўлимга торни олиб саҳнага чиқсам, албатта, биринчи навбатда онани васф этувчи қўшиқни куйлайман:
Онагинам,
Дориломон кунлар келди, шафақлари ол,
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор...
Бугун айни шу сатрларни нафақат азиз ва мунис оналаримизга, балки жонажон Ватанимизга нисбатан қўллаб куйласак ҳам, ҳар жиҳатдан тўғри ва ўринли бўлади, деб ўйлайман.
Бебаҳо меросимизга гард юқмасин!
Мен ҳамиша маза-матрасиз қўшиқлари билан санъатимизнинг обрўсини тўкадиган отарчиларга қарши бўлганман. Лекин инсоф билан айтадиган бўлсак, айнан ўзбегимнинг тўйлари шарофати билан бугунги кунгача миллий санъатимизнинг дурдоналари, халқ қўшиқлари ва ўйинлари, расм-русумлар ва қадриятлар сақланиб қолди. Бугун биз дунёга мумтоз мақомларимизни, бахшичилигимизни, кўпкариларимизни, бухороча ва фарғонача курашларимизни кўрсатиш учун ҳаракат қиляпмиз. Шундай бой ва бебаҳо маданий меросимизни омонликда асраб, бугунги кунгача етиб келишига тўйлари орқали ҳиммат кўрсатган шу халқдан бир умр миннатдормиз.
Гапни бежиз тўйдан бошламадим: тўй – ўзбекнинг муродига етган куни, бахт мазмуни. Биз, санъаткорлар ҳамма вақт элнинг боши тўйдан чиқмасин, деймиз. Чунки бизнинг тўйларимиз куй-қўшиқсиз ўтмайди.
Қўшиқ жамиятнинг барча қатламлари – ёшу қари, олиму шоир, ошиқу ориф… барча-барча учун нондек қадрли, маънавий йўлдош, руҳий мададдир. Инсон ўз қувончу қайғуси, ҳасрат ва изтироблари, орзу-армонлари, эътиқод ва муҳаббатини қўшиқлардан излайди, ўз ҳолати ва кайфиятига муносиб қўшиқ топилганда эса бу топилдиқдан ҳосил бўладиган руҳий сурурни бошқа ҳеч нарса билан алмаштирмайди. Қўшиқнинг ажойиб бир хусусияти борки, у ёлғизликда ёки икки-уч киши орасида туғилиб, миллионларнинг туйғусини бирлаштиради. Адабиёт ёки мусиқанинг бошқа жанрлари китобхонга ёки тингловчига етиб боргунча, қўшиқ бутун мамлакатни айланиб чиққан бўлади.
Дунёни меҳр қутқаради
Мен ўз умримни айнан шу санъат турига бағишлаганимдан, қўшиқ орқали элнинг корига яраганимдан бахтиёрман. Шу нуқтаи назардан, миллатни бирлаштириб, ягона мақсад сари сафарбар қилишга муҳим рол ўйнайдиган санъат ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар том маънода фаровон келажак пойдевори бўлишига ҳисса қўшади, деган фикрдаман.
Маърифатли инсон кучли бўлади. Кучли инсон ўзига ишонган бўлади. Ўзига ишонган инсон бағрикенг бўлади. Бағрикенг инсон халқнинг эҳтироми ва муҳаббатига сазовор бўлади. Қолаверса, бошқаларнинг ҳурмати ва эътиборини жойига қўя билади.
Яқиндагина ана шундай ҳурматдан мен ҳам баҳраманд бўлдим. Муҳтарам Президентимиз фармонига кўра, давлатимизнинг юксак мукофоти — “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирландим. Шу билан бирга камтарона хизматимизга юксак баҳо ифодаси — табрик ҳам олганимда, очиғи, хурсандчиликдан бошим осмонга етди. Бу эътироф нафақат менга, балки ўзбек санъати ривожи йўлида хизмат қилиб келаётган барча ҳамкасбларим, дўстларим, шогирдларимга ҳам бирдек тегишли.
Бугун биз инсон меҳнат қилса рағбат ва қадр топадиган адолатли замонда яшаяпмиз. Мана шу улуғ неъматнинг қадрига етайлик, биродарлар, дегим келади. Камтарона хизматимиз, эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббатимиз ҳурматли Президентимиз томонидан қадрланган экан, у кишига чин юракдан миннатдорлик билдираман. Мени эъзозлаган она халқимга бошим ерга теккунча таъзим қиламан.
Дунёни меҳр қутқаради. Бир инсонга бир оғиз ширин сўз айтсангиз, олам-жаҳонга ҳадя-эҳсон кўрсатганнинг савобини оласиз. Бу оламнинг асл маъноси омонат, ўткинчи эканлигини билган ориф зотлар бағрикенгликни, меҳру муҳаббатни улуғлайди, дўстона ришталарни мустаҳкамлайди. Одамийлик, инсонийликка амал қилиш қанчалар саодат. Бугун биз ана шундай меҳрпарварлик, инсонпарварлик, халқпарварлик сиёсатидан баҳрамандмиз. Бу сиёсат ёпилган йўлларни очди, умидсизланган қалбларга ишонч бахш этди, қуриган илдизга сув, тушкунликларга барҳам берди.
Мана шундай дориломон кунларимизга кўз тегмасин, илоҳим!
Шерали ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон халқ артисти,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби