Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг Ҳиндистон билан яқин шерикчилик ва дўстона муносабатларга асосланган ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга кенгайиб, самарали бўлиб бормоқда. Шу ўринда ҳарбий соҳада ҳам ўқув-жанговар вазифаларни бажаришнинг замонавий тажрибасини ўрганиш ҳамда янгича усул ва услубларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш, уларни халқаро терроризмга қарши курашишда кенг татбиқ этиш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш ҳамда «Дўстлик-2022» ўзбек-ҳинд қўшма тактик ўқувлари иштирокчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтишини ташкил этиш мақсадида ҳарбий округ томонидан «Спорт – тинчлик элчиси» шиори остида қатор спорт тадбирлари, беллашув ва мусобақалар ўтказиляпти. Жумладан, ўзбекистонлик ва ҳиндистонлик ҳарбий хизматчилар мини футбол, волейбол, стол тенниси каби мусобақалар ҳамда шахмат ўйинида ўз кучларини синаб, ўртоқлик беллашувларини ўтказди.

Аралаш таркибдан иборат жамоалар орасида арқон тортиш ва тош кўтариш каби ўзбек миллий ўйинлари ва баҳслар мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Ҳиндистон қуролли кучлари вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Чаққонлик ва чидамлиликни талаб этувчи ҳарбийча мусобақа, яъни узунлиги 20 метр масофадаги майдонда кўмилган бир нечта қувурларга қўл гранаталарни жойлаштириш ва йиғиштириш мусобақаси муросасиз баҳсларга бой бўлди. Жамоалар охирги сонияларга қадар кучли рақобат кўрсатиб, ғалаба учун жиддий кураш олиб борди.

Армия биатлони йўлагида «Ҳарбийча эстафета» баҳслари эса ирода ва матонатнинг ҳақиқий синовига айланди. Унда ҳар бир жамоадан иштирок этган олти нафар иштирокчи белгиланган масофага юк машинасининг ғилдирагини ағдариб бориш, патрон солинган қутиларни елкасида олиб ўтиш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш, шартли ярадорни замбил воситасида ташиш ҳамда газниқобни кийган ҳолда югуриш шартларини шижоат билан бажарди. Вақт мезони ҳамда мусобақа низоми талаблари билан баҳоланган ушбу беллашув кўтаринки руҳда ўтказилди.

Ғолиб ва совриндорлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан кубок, медаль, диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати