Шунинг учун ҳам мамлакатимизда таълим-тарбияга, эртанги кунимиз эгаларининг интеллектуал салоҳият соҳиблари бўлиб камол топишига юксак даражада эътибор қаратилмоқда.
Ёш авлод камолини кўзлаб соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишларнинг амалий рўёби, самараси эса барчамизнинг кўз ўнгимизда яққол намоён. Давлат дастурлари асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янгидан, кўркам ва муҳташам мактаблар бунёд этилаётгани, мавжудлари капитал реконструкциядан чиқарилиб, уларда тараққиёт асри талабларига ҳамоҳанг қулайлик ва шарт-шароитлар яратилаётгани, маърифат масканларининг моддий-техник базаси йилдан йилга мустаҳкамланиб, такомиллаштириб борилаётгани замирида фарзандларимизнинг эртанги кунга муносиб, замонавий билимларни чуқур эгаллаган ўғил-қизлар бўлиб улғайиши мақсади мужассам.
Келажагимиз эгалари мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштиришига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқишига эътибор қаратилаётгани, фарзандларимизнинг камида 2 та хорижий тил ва 1 та замонавий касб-ҳунарни ўрганиб улғайиши илгари сурилаётгани шунинг ифодаси. Бу мақсадлар рўёбида ўқитувчининг билим-тафаккури, малака ва маҳорати, юксак маънавияти, инсоний фазилатлари ғоят муҳим ва долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, шиддат билан ривожланаётган янги давр муаллими замонавий фикрлайдиган, юксак билим ва илғор педагогик технологияларни мукаммал эгаллаган бўлиши, таълим жараёнига янгича ёндашувлар асосида инновацион усулларни муваффақият билан қўллай олиши зарур ва шарт.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги “Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа равнақи билан боғлиқ муҳим мезонларга қаратилгани билан аҳамиятли.
Ислоҳотларнинг изчил ва мантиқий давоми бўлган мазкур фармонда мактабгача ва мактаб таълимининг бугунги одимлари, эртанги равнақи, айнан ўқитувчи-мураббийлар, устоз-муаллимларнинг касбий билим ва тажрибаси, малака ва маҳоратини ошириб бориш каби устувор вазифалар, муҳим чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Янги ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларининг 1–4 синфларида ўқувчиларга бошланғич, 5–9 синфларида таянч ҳамда 10–11 синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган билимларни беришга йўналтирилган ўқув дастурлари ва ўқув-методик мажмуалар жорий этилади.
Юқори синф ўқувчиларининг қизиқишига қараб танлов фанлари жорий этилиши шу синфларда дарс берадиган ўқитувчиларга ҳам анча қулайликларга олиб келади. Айтайлик, ўқувчи ўзи қизиқиб маълум бир фанни танладими, демак ўқитувчининг ҳам билим бериш имконияти ва кўлами янада кенгаяди.
Ўқитувчилар томонидан синфларда фақат назарий билим бериш билан чекланиб қолишига барҳам берилиб, барча фанлар бўйича амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилиши ва дарс мавзулари аниқ муаммони ҳал қилиш орқали ўргатилиши асосий мезон қилиб белгиланди.
Шу ўринда фармонда педагог кадрларнинг касбий билим ва кўникмасини ошириш ва баҳолаш, мақоми ҳамда обрўсини мустаҳкамлаш, уларнинг моддий ва маънавий рағбатлантирилиши, шунингдек, ижтимоий муҳофаза қилинишини ташкил этиш каби кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ўқитувчининг билим-қобилияти, интеллектуал салоҳияти, изланиш ва ташаббуслари таълимда сифат ва самарадорликни белгилайди ва бу ўқувчининг умумтаълим фанларини чуқур эгаллаши, иқтидори, истеъдоди юзага чиқишида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам фармонда мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масаласига, уларнинг малака ва маҳорати билан боғлиқ муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.
Фармонда қайд этилганидек, 2023–2024 ўқув йилидан бошлаб педагогик касбларга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритади ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади.
Ўқитувчининг билим ва салоҳияти ортиши, ўз устида мунтазам ишлаши, малака ва маҳорат бобида тобланиб бориши эса шиддаткор давр, ривожланиш мислсиз даражада бораётган тараққиёт асрининг муҳим мезони, асосий шарти.
Айни пайтда мамлакатимизда таълим муассасаларидаги педагог-ходимлар сони 515 943 нафарни ташкил этади.
Эътиборлиси, устоз-муаллимлар фаолиятига назар ташлар эканмиз, улар орасида изланувчан-интилувчан, ўз касби ва фанини мукаммал биладиган, ҳамиша янги ташаббусларга интилувчилар кўплиги ва улар сафи тобора ортаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Юртимиздаги мактабгача ва мактаб таълими тизимида фаолият юритаётган устоз-муаллимлар, мураббийларнинг 285 063 нафари малака (олий, биринчи, иккинчи) тоифасига эга, уларнинг 20 436 нафари хорижий тиллар бўйича турли даражадаги сертификатларга эга. “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 42 нафар педагог турли ривожланган хорижий давлатларда малака ошириб қайтгани, бу борадаги ташаббуслар давом этаётгани таълим ва халқаро ҳамкорлик янада равнақ топаётганини кўрсатади.
Айни пайтда Абдулла Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти, вилоятларда ҳам шундай институтлар соҳа ходимларининг билим ва тажрибасини оширган ҳолда замон билан ҳамқадам, ҳамнафас ишлаши, изланиши, таълим жараёнига ёндашиши йўлида фаолият олиб бормоқда.
Барча эзгу мақсадлар рўёбига билим ва тарбия туфайли эришилар экан, бунда эртанги кун яратувчиси, келажак бунёдкори бўлган соҳа ходимлари зиммасидаги масъулият катта. Заҳмати оғир, машаққати улкан, айни пайтда шарафи юксак бўлган касб эгалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда, ёш авлод таълим-тарбияси, камоли йўлида янгидан-янги ташаббусларга руҳлантиришда ушбу меъёрий ҳужжатнинг долзарб ва муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Ваҳобжон РАЖАБОВ,
Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари
илмий-тадқиқот институтининг мустақил тадқиқотчиси