Этел 1909 йил 21 август куни Шиптон-Беллинджер қишлоғида дунёга келган. Ёшлигида у ҳукумат хизматчиси сифатида Ҳиндистонга йўл олган ва 1933 йилда Буюк Британия ҳарбий-ҳаво кучлари подполковниги Норман Катерхемга турмушга чиққан.

Оила Ҳонконг ва Гибралтарда яшаган, уларнинг икки нафар қизи дунёга келган. 1976 йилда турмуш ўртоғи вафот этган. Этел эса ҳозирги кунда дунёдаги энг қария инсон ҳисобланади.

«Этел ва унинг оиласи жорий йилда 116 ёшини нишонлаши муносабати билан йўлланган барча эзгу тилаклар ва эътибор учун миннатдорлик билдиради», — дейилади унинг кексалар уйи баёнотида.

Юбилей кекса аёлнинг оиласи иштирокида Лайтвотер шахридаги кексалар уйида нишонланди. Этел журналистларга интервью беришни истамади. Унинг ҳазилига кўра, у фақатгина ўтган йили 115 ёшга тўлганида табрикнома йўллаган қирол Карл III учун истисно қилишга тайёр экан.

Сўнгги йилларда 100 ёшдан ошган инсонлар сони тобора ортиб бормоқда. Масалан, 2022 йилда Германияда 16 мингдан зиёд, Буюк Британияда эса 15 мингдан ортиқ қария яшаган.

Тарихдаги энг узоқ умр кўрган инсон — француз аёли Жанна Луиза Калман ҳисобланади. У 1997 йилда 122 ёш ва 164 кунлик умр билан вафот этган.