Сенатор ташаббуси билан маҳаллага олиб борувчи йўл тўлиқ таъмирланди. Олис тоғ қишлоғига олиб борувчи йўлнинг қарийб 16 км асфальт, 3,8 км эса, бетон қоплама ётқизилди.

Маълумки сўнгги йилларда маҳаллага жамиятнинг асосий қуйи бўғини сифатида қаралиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Сариосиё туманининг жанубий-шарқий қисмида жойлашган «Ҳумоюн» маҳалла фуқаролар йиғини шаҳар марказидан қарийб 30-35 километр узоқликда жойлашган. Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида 447 та оилада 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, сенатор Абдуғани Сангинов, туман ҳокимлиги мутасадди вакиллари иштирокида бўлиб ўтган очиқ мулоқот маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтар»ига киритилган оилаларга кўмак бериш уларни дафтардан чиқариш масаласига бағишланди.

Ҳудудни шаҳар марказига боғловчи йўл кўп йиллардан бери таъмирталаб, аҳолининг шаҳарга бориши учун қийинчилик туғдирар эди. Сенатор ташаббуси билан маҳаллага олиб борувчи йўл тўлиқ таъмирланди. Олис тоғ қишлоғига олиб борувчи йўлнинг қарийб 16 км асфальт, 3,8 км эса, бетон қоплама ётқизилди.

Бундан ташқари маҳаллада 4 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачаси топширилди. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қорамол ва парранда берилди. «Аёллар дафтари» да турган 9 нафар хотин-қизлар учун тикув машинаси тақдим этилди.