Кўнгил сўраш халқимизга хос қадрият. Навоий кон-металлургия комбинати ижтимоий масъулиятни зиммасига олиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, болажонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Янги йил байрами муносабати билан комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши ҳамкорлигида хайрли ишлар амалга ошириляпти.
Хусусан, байрам олдидан корхона томонидан 1,5 мингта эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик кўрсатилиб, 16 турдаги озиқ-овқат жамланмалари тарқатиляпти.
Шунингдек, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида Зарафшон, Ғозғон шаҳарлари, Учқудуқ, Томди ва Нурота туманларидаги 14 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 200 та эҳтиёжманд оила ва уларнинг фарзандларига Янги йил совғаси ва китоблар тўпламлари ҳамда озиқ-овқат жамланмалари туҳфа этилмоқда.
Куни кеча «НКМК» АЖ вакиллари Ғозғон шаҳрининг «Шайхон» ва «Мармаробод» маҳаллаларидаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олдилар.
— Байрам кунларида эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик кўрсатиб келаётган давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Қувонарлиси, шу кунларда бир гуруҳ комбинат вакиллари маҳалла фаоллари ҳамроҳлигида хонадонимизга келиб, байрам билан табриклагани ва озиқ-овқат тўпламларини улашгани оиламизга хурсандчилик бағишлади. Бунинг учун барча ташкилотчиларга катта раҳмат, — дейди Ғозғон шаҳри «Шайхон» маҳалласида яшовчи Нилуфар Ҳусайнова.
Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади.
«НКМК» Матбуот хизмати.