Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг хабар беришича, Агентлик томонидан чакана савдо объектларида 41 та маҳсулотнинг назорат хариди ва экспертизаси амалга оширилган. Натижада, сифатсиз пахта ёғлари ва ош тузлари аниқланган.
Намуна сифатида олинган 32 та маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари учун берилган экспертиза хулосасида 8 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги маълум бўлди.
6 та пахта ёғ маҳсулоти намуналаридан 3 та ёғ намунаси “ Антиқа” пахта ёғи, “Шарқ пахта ёғи” ва “Дилбар” пахта ёғининг ишқорийлиги даражаси СанПин 0366-19 талаби меъёридан юқорилигини экспертиза натижалари аниқлади. Бундай маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз ҳисобланиб, уларни мунтазам равишда истеъмол қилиб бориш инсон ҳаёти ва соғлиги учун хавфли ҳисобланади, турли ошқозон-ичак касалликларини келтириб чиқишига сабаб бўлади.
Нима сабабдан пахта ёғининг ишқорийлик даражаси юқори чиққан? Маълумотларга қараганда, бундай салбий ҳолат уни тайёрлаш жараёни, сақланиш тартиб-қоидаларига риоя қилмаслик, яроқлилик муддати ўтгани, баъзида турли муддатларда тайёрланган ёғларни қўшиб қадоқлаш каби ҳолатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Яна рўзғорда кўп фойдаланиладиган маҳсулотлардан бири – ош тузи. Унинг сифати ва хавфсизлиги қандай? Ўтказилган синовларда “Денгиз ош тузи” ва “Ягона ишонч” каби маҳсулотларда йоднинг улуши меъёрдан камлиги, аксинча “Орзу” ош тузи намунасида эса йод миқдори меъёридан кўплиги (63,5) аниқланган бўлиб, СанПин 0366-19 талабига жавоб бермади.
Энди кўпчиликда савол туғилиши мумкин: тузда йоднинг миқдори кўплиги аслида фойдали эмасми? Тиббиёт мутахассисларнинг фикрига қараганда, тузда йод миқдори белгиланган талабларга мос бўлиши керак, йоднинг ортиб кетиши инсон организмининг қалқонсимон безида патологик ўзгаришларга олиб келиши мумкин.