Музокаралар Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияни (CМС) тарғиб қилиш бўйича юқори даражадаги тадбир доирасида бўлиб ўтди.

Энг қадимий ва нуфузли экологик ташкилотлардан бири раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқаро шартномалар доирасида ҳамкорлик қилиш борасида келишувларга эришилди. Хусусан, НАБУ Ўзбекистонга ушбу соҳадаги давлат мажбуриятларини амалга оширишда эксперт ёрдамини кўрсатади. Бундан ташқари, Қозоғистонда сайғоқлар популяциясини кўпайтириш ва Ўзбекистонда экологик дастурларни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар, шунингдек, жорий йилнинг ноябрь декабрь ойларида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган CИТEС конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши олдидан ҳужжатлар, ташаббуслар ва тадбирларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Табиат ва биохилма-хилликни асраш иттифоқи ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш билан якунланди. Ҳужжат йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонлар турлари ва уларнинг яшаш жойларини муҳофаза қилиш, шунингдек, табиий ресурсларни барқарор бошқариш соҳасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларга қаратилган.

Меморандум доирасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари:

— йўқолиб бораётган ёввойи табиат вакилларининг яшаш жойларини ҳимоя қилиш ва муҳофаза қилинадиган ҳудудларни яратиш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш.
— Ўзбекистонга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришда кўмаклашиш, шу жумладан, ИУCН ва бошқа кўп томонлама ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.
— Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари мутахассислари учун малака ошириш дастурларини амалга ошириш (мониторинг, турларни муҳофаза қилиш, экологик таълим).
— Ўзбекистонлик ёш олим ва мутахассисларни Германиянинг етакчи экология институтларида стажировка ва малака оширишни ташкил этиш орқали қўллаб-қувватлаш.
— Браконьерликка қарши кураш ва ёввойи табиат популяцияси мониторингини қўллаб-қувватлаш.
— кўчманчи қушлар ва уларнинг яшаш жойларини муҳофаза қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш.

Ушбу меморандум табиатни муҳофаза қилиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади, шунингдек, минтақада янада барқарор экологик сиёсатни шакллантиришга хизмат қилади.