Ҳатто бугунги давримизда ҳам инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик тўлиқ таъминланяпти дейиш мушкул. Сайёрамизнинг қайсидир бурчакларида ўрмонлар аёвсиз кесилмоқда. Инсон омили туфайли келиб чиққан ёнғин гектарлаб яшил майдонларни култепага айлантиряпти.

Биохилма-хилликни асрашга етарли эъти­бор берилмаслиги натижасида бир қанча ноёб турлар йўқ бўлиб кетмоқда, кўплаб экотизим­лар захираси ортга қайтариб бўлмайдиган жа­раёнга юз тутган. Аҳоли сонининг кундан кун­га кўпайиши эса табиий ресурсларга талабни тинимсиз оширяпти. Бу ҳолат экологик вазият­ни янада чигаллаштиряпти.

Шундай мураккаб вазиятда табиатга инсон омилининг таъсирини камайтириш ва барқарор ривожланишга эришишнинг мақбул ечимлари­ни топиш халқаро ҳамжамият зиммасига катта масъулият юклаган. Бу муаммоларни ҳал этиш учун дунё миқёсида кўплаб ташаббуслар илга­ри суриляпти, бир қатор стратегия ва дастурлар ишлаб чиқилиб, ижросини таъминлаш бўйича узлуксиз иш олиб бориляпти.

Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади ҳам инсониятнинг эртанги тақдирига дахлдор ана шундай долзарб муаммоларга оқилона ечим топиш, экологик барқарорликни таъмин­лаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежам­корлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишдир. Қатор стратегик ҳужжат­лар доирасида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида бу ишлар янада кенгайиб, самарали натижаларга эришилди.

Президентимиз Олий Мажлис ва халқимиз­га йўллаган Мурожаатномасида бу борадаги устувор вазифалар хусусида тўхталиб, эколо­гик мувозанатни таъминлаш мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишла­ридан бири эканини алоҳида урғулади, мазкур жабҳада амалга ошириладиган муҳим вазифа­ларни белгилаб берди.

Хусусан, экологик барқарорликка эришиш, ер ости ва ер усти бойликларидан оқилона фой­даланиш, мазкур жабҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кенг қамровли чора-тад­бирлар амалга оширилади. Жумладан, келгуси йил Самарқандда Глобал экологик жамғарманинг навбатдаги ассамблеяси ва Марказий Осиё халқаро экокўргазмаси ўтказилиши режалаштирил­ган. Ушбу тадбирлар тармоқлар, ҳудудлар ва биз­нес учун ҳамкорлар топиш, янги эколойиҳаларни биргаликда бошлашга катта имконият яратади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2 мингга яқин кўмир ва газда иситиладиган ис­сиқхона бор. Улардан ҳавога йилига 137 минг тонна зарарли модда чиқади. Энди кўмирда фильтрсиз ишлайдиган қозонхоналардан воз кечилади. Уларни пойтахт атрофидан кўчи­риб, ҳамма жойда марказлашган қозонхоналар орқали иситиш йўлга қўйилади. Шу мақсадда 200 гектардан кам бўлмаган агрокластерлар ташкил этилади, уларнинг таркибига ўтадиган иссиқхоналарга алоҳида субсидия берилади.

Албатта, экология ва атроф-муҳит муҳофаза­сига бу қадар катта эътибор қаратилиши бежиз эмас. Келажак тараққиётини ўйлаган ҳар бир давлат бу борада тобора глобал тус олаётган эко­логик муаммоларга бугун эътибор қаратилмаса, эртага кеч бўлишини яхши англамоқда. Шунга монанд равишда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда, аввало, табиий мувозанатга безарар усулларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилган.

Мамлакатимизда 2025 йил давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар изчил амалга оши­рилиши натижасида сув, ҳаво, тупроқ мусаф­фолигини таъминлаш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурс тежайдиган технология­ларни жорий этиш бўйича муайян натижаларга эришилди. Жумладан, тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимизнинг энергети­кага талабини тўлиқ қондириш мақса­дида “яшил” қувватлар жадал ривожлантириляпти. Сўнгги беш йилда 6 минг мегаваттли қуёш, шамол ва гидро электр станциялари ишга ту­ширилди, умумий генерацияда “яшил” энергиянинг улуши 30 фоизга етди.

Яқинда ҳамкорлар билан жами 3,5 минг мегаваттли 4 миллиард 200 миллион долларлик янги “яшил” қувватлар қурилишига старт берил­ди. Бу — 2026 йилнинг ўзида 7 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва ҳавога 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олдини олишга замин яратиши билан аҳамиятли.

Қишлоқ хўжалигида сув сарфини камай­тириш мақсадида ирригация тизимлари бе­тонлаштириляпти. Сувни тежайдиган техно­логиялар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Натижада сув сарфини камайти­ришга эришилаётир.

Юртимизда йилига 14 миллион тонна маи­ший чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларни қайта ишлаш даражаси паст. Шу боис, соҳа­даги ишларни ташкил этишда ҳам замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Чиқинди кор­хоналари учун янги техникалар олиб берилди. Авваллари давлат монополиясида бўлган соҳа­да тадбиркорликка йўл очилиб, қулай бизнес муҳити яратилди.

Жумладан, санитар-тозалаш ҳамда чиқин­дини қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Четдан олиб келинадиган техника ва ускуналар импорт божидан озод қилинди. Натижада бир қатор санитар-тозалаш ва чиқиндини қайта ишлаш корхоналари фао­лияти йўлга қўйилди. Маҳаллаларда чиқинди майдончалари қурилди. Тўплаш ва ташиб ке­тиш яхшилангани натижасида ушбу тармоқ иккиламчи хомашё манбаига айланди.

Бу ишлар такомиллаштирилиб, чиқиндини ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, Хитой компаниялари иштирокида чиқинди­ларни қайта ишлаш заводлари қурилиши бошланди. Лойиҳалар доирасида йилига 3,6 мил­лион тонна чиқинди қайта ишланади ва катта ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Табиатни асраш ва барқарор ривожланишга эришишда бу жабҳада белгиланган вазифаларни тезкор ҳамда янгича ёндашув асосида сифатли ташкил этиш, экологик қонунчилик ижросини таъминлаш, мазкур йўналишдаги давлат бошқа­руви ва назорати тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Президентимизнинг “Эко­логия ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони айни йўналишдаги ишлар ривожида муҳим дастуруламал бўлди.

Унга мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ташкил этилиши эколо­гик муҳитни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммил­лий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибат­ларини юмшатиш, чўлланишга қарши кура­шиш соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назо­ратини амалга оширишда муҳим қадам бўлди.

Экотадбирнинг муҳим натижалари

Инсон соғлом ва узоқ умр кечириши учун тоза сув, тўйимли озиқ-овқат билан бир қаторда ҳавонинг софлиги ниҳоятда муҳим омиллар қаторида туради. Аммо сўнгги йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, чанг-тўзонлар кучайганини инкор этиб бўлмайди. Мамлакатимиз ва минтақамизда ҳам бундай экологик нохуш ҳолатлар тез-тез қайд этилаёт­гани барчамизни ташвишга солади, албатта. Бунда табиий омиллар қаторида табиатга антропоген таъсир ҳам кучайиб бораётгани экологик барқарорликка жиддий таъсир этмоқда.

Яъни кундан кунга кўпайиб бораётган саноат корхоналари, ав­тотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ҳавонинг сифати ёмонла­шишига сабаб бўляпти. Бундай ҳолатлар­нинг олдини олиш ва экологик мувозанатни ях­шилаш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоя­тида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш дара­жасини пасайтириш ҳамда табиатни муҳофаза қилишга доир қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида рейд тад­бирлари ўтказилди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўми­таси маълумотига кўра, 2025 йил 25 ноябрдан 24 декабргача бўлган даврда атмосфера ҳавоси­ни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан 3700 дан зиёд объект текширилди. Бу жараёнда 1128 та ҳуқуқбузар­лик ҳолати аниқланиб, маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилди. Атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган юздан ортиқ объект фаолияти 10 иш кунигача бўлган муддатга вақтинча тўхтатилди. Юзга яқин иссиқхонада чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди. 6 та иссиқхона газ тармоқларига уланди.

Давлат дастури доирасида бу йўналишда­ги ишлар йил давомида тизимли амалга оши­рилди. Хусусан, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 504 минг автомобиль экологик меъёрларга мувофиқлиги бўйича текширилди. 122 та саноат корхонасида чанг-газ тозалаш қурилмалари ўрнатилди. АI-80 бензинини ишлаб чиқариш тўхтатилди, жорий йилдан бошлаб эса савдоси тўлиқ чекланди. Автотран­спортларга экостикер тизими жорий этилди. “Замин” халқаро жамоат фонди билан ҳамкор­ликда пойтахтимизда 7 автоматик ҳаво мони­торинги станцияси ўрнатилди. 74 та корхонада маҳаллий тозалаш иншоотлари модернизация қилинди, икки минг гектар ер рекультивация­дан ўтказилди.

“Яшил макон” ташаббуси доирасида 200 миллион тупдан ортиқ дарахт ва буталар экил­ди, “Менинг боғим” лойиҳаси орқали 208 та “яшил боғ” ва жамоат парклари барпо этилди. Саноат корхоналари атрофида 10 миллион туп кўчат экилиб, кўкаламзор ҳудудлар яратилди. Бу чора-тадбирлар юртимизда сув, ҳаво, тупроқ софлигини сақлаш, экологик муаммоларнинг инсон ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсири­ни камайтиришда ўз самарасини бермоқда.

Айни пайтда пойтахтимизда экологик муво­занатни янада яхшилаш мақсадида шаҳарнинг 4 та қисмида сунъий кўл ва ҳавзалар қуриш ишлари олиб бориляпти. Шаҳримизда соя-салқин ҳудудларни кенгайтириш, яшил боғларни кўпайтириш бўйи­ча алоҳида дастур бошланади. Шунингдек, шаҳар дренаж тизимининг мастер-ре­жаси ишлаб чиқилиб, шу йилдан қурилиш ишлари бошла­ниши эълон қилинди. Дастур доирасида 150 кило­метр ёпиқ дренаж ти­зимини қуриш, 197 кило­метр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 63 километр янги каналлар барпо қилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш режа­лаштирилган. Ёмғир сувини йиғадиган 17 та иншоот барпо этилди. Бу сув дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилади.

Барқарор ривожланиш асоси

Сайёрамиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган яна бир долзарб экологик муам­мо иқлим ўзгаришидир. Бунинг олдини олиш учун иссиқхона газларини камайтириш, улар­нинг чиқарилишини чеклаш лозим. Шу мақ­садда БМТ томонидан қабул қилинган Париж битими мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган. Унинг доирасида иссиқхона газлари ташланмаларини камайтириш ва “яшил” ри­вожланиш тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш белгиланган.

Шу мақсадда “Иссиқхона газлари чиқа­рилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Президентимизнинг 2025 йил 7 июл­даги “Халқаро углерод бирликлари бозорида иштирок этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам бу борада муҳим ҳуқуқий асослардан бири бўлди. Ушбу ҳужжатларда белги­ланган вазифалар ўз вақтида бажарилиши мам­лакатимизнинг иссиқхона газлари эмиссиясини глобал миқёсда камайтиришга қўшаётган ҳис­сасини янада кенгайтириш ҳамда халқаро угле­род бирликлари бозорига чиқишини ташкил этиш орқали инвестицияларни жалб қилиш, атроф-муҳит яхшиланишига ҳамда иқтисоди­ёт барқарор ривожланиши учун зарур шароит яратишга хизмат қилади.

Айни йўналишдаги ишлар самарадорлиги­ни оширишда ўрмонларни ва яшил ҳудудлар­ни кенгайтиришнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, ўрмонлар табиий мувозанатни сақлаш, ҳаво софлигини таъминлаш ва барқарор ривожла­нишнинг муҳим омилидир. Шу боис, мамла­катимизда ўрмон майдонларини кенгайтириш ва деградацияга учраган ҳудудларни тиклаш бўйича чоралар изчил кенгайтирилмоқда.

2025 йилда ўрмонларни барпо этиш ва тиклаш ишлари 150,7 минг гектар майдонни қамраб олди. Ўрмон-мелиорация тадбирлари­нинг асосий ҳажми Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудига қаратилди, у ерда 145,2 минг гектар ўзлаштирилди. Энг катта майдонлар Мўйноқ туманига тўғри келади, у ерда 90,5 минг гектарда ўрмонзор барпо этилган. Шунингдек, Бухоро вилояти­нинг бир қатор туманлари, Навоий ва Хоразм вилоятларида ҳам сезилар­ли ишлар амалга оширилди. Бошқа ҳудудларда яна 5,5 минг гектар ўр­мон барпо этилди.

Шу билан бирга, кўчатхоналарни ривожлантириш ва ўрмон хўжалигининг моддий базасини мустаҳкамлаш бўйича тизим­ли ишлар олиб борилмоқда. Кўкаламзорлашти­ришда барқарор суръатларни таъминлаш учун ўтган йили 979 тонна дарахт ва бута уруғлари тайёрланди. Ўрмон хўжаликларида 1300 гектар майдонда замонавий кўчатхоналар ташкил эти­либ, у ерда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашган 123 миллион туп кўчат ва ниҳоллар етиштирилди.

Тупроқ деградациясининг олдини олиш­га алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили чўл ва тоғолди ҳудудларида 1390 гектар майдонда ҳимоя ўрмон чизиқлари яратил­ди. Бу тупроқ эрозияси ва шамол таъсири­ни камайтиради. Тоғли ва адир ҳудудларда 41 гектарда ўрмонлар террасалаш усули билан барпо этилди, бу эса нишабларни самарали мустаҳкамлаш ва табиий ландшафтларни сақлаш имконини беради. Қўшимча йўналиш сифатида доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари плантация­ларини ривожлантириш мақсадида 5890 гектар майдонда 7918 тонна маҳсулот етиштирилди.

Ўрмон фондидан фойдаланиш самарадор­лигини ошириш доирасида аввал паст самара­ли деб топилган 4842 гектар ер ўзлаштирилди. Бундан ташқари, 1530 гектар ўрмон фонди участкалари онлайн-аукционлар орқали ижа­рага берилди. Бу эса хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасида тад­биркорликни ривожлантиришга ёрдам беради.

Ислоҳотларнинг яна бир йўналиши илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўлди. Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги экспери­ментал плантациялар яратилди. Арнасой ту­манида шўрга чидамли ўсимликларнинг янги галофит боғини яратиш ишлари бошланди. Натижада мамлакатимиз ҳудудини қоплаган ўрмонлар майдони 4,7 миллион гектарга етди.

Электромобиллардан фойдаланиш рағбатлантирилади

Юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг қамрови кенг, кутилаётган нати­жалар эса анча салмоқли. Зеро, табиат бизнинг як­каю ягона яшаш маконимиз, тириклигимизнинг муҳим манбаи. Шу боис, бу жабҳадаги ислоҳотлар изчил давом этиши ва долзарб экологик муам­моларнинг ечимини топиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бар­давом бўлиши бугунги ва келажак авлодлар олдидаги эзгу вазифамиздир. Шу маънода, Президентимизнинг парламент ва халқимизга Мурожаатномасида жамиятни юксалтиришнинг муҳим йўналишлари қатори­да экологик масалалар ечимига устувор аҳамият қаратилгани давлатимизнинг бу борадаги узоқ муддатли стратегик сиёсатининг яққол ифодаси бўлди.

Хусусан, Мурожаатномада экологик му­возанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, саноатни мо­дернизация қилиш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсир­ни камайтириш мақсадида йирик корхоналар учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилади. Ушбу маблағлар атмосфера ҳавосига чиқариладиган зарарли моддаларни камайти­риш учун фильтрлар, тозалаш иншоотлари ва чиқиндиларни мониторинг қилиш станцияла­рини ўрнатишга йўналтирилади.

Мурожаатноманинг алоҳида қисми элек­тромобиллардан фойдаланишни рағбатлан­тиришга бағишланди. Қайд этилганидек, экологик тоза транспорт воситалари сонини оширишга қаратилган беш йиллик дастур амалга оширилади. Дастур доирасида маҳал­лий электромобиллар учун автокредитлар 12 фоиз, импорт электромобиллар учун эса 16 фоиз ставкада тақдим этилади. Зарядлаш стан­цияларини ташкил этаётган тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади.

Шунингдек, ер участкаларини аукционлар­да бозор нархидан икки баравар арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади. Электромо­билларни қувватлашда 1 киловатт-соат учун 300 сўмдан ошган электр энергияси харажатла­рининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Электромобилларда такси хизмати­ни кўрсатаётган фуқаролар учун ҳам қўшимча имтиёзлар белгиланган.

Чанг-тўзонларнинг олдини олиш мақсадида Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдон­да “яшил макон” ҳудуди барпо этилади, Сир­дарё вилоятида эса 84 километр узунликдаги “яшил девор” ташкил этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 250 минг гектар майдонда, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари, шунингдек, камида 20 та соя-салқин сайр йўлаклари барпо этилиши режалаштирилган.

Президентимиз яқин беш йил ичида корхо­наларда экостандартларни жорий этиш камида 30 минг нафар экологик менежер тайёрлашни талаб этишини таъкидлади. Шу муносабат билан 2026 йилда ҳар бир ҳудудда “яшил” тех­никумлар ташкил этилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафаргача мутахассис тайёр­лаш йўлга қўйилади. Шунингдек, Марказий Осиё Яшил университети фаолияти кенгайти­рилади. Ҳаво, сув ва тупроқ сифатини баҳо­лашга мўлжалланган комплекс лабораториялар ташкил этилади. Шаҳарларда табиий шамолла­тишни кучайтириш бўйича илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилади.

Умуман олганда, 2026 йилда экология соҳа­сини ривожлантириш учун 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режа­лаштирилган.

Соҳага қаратилаётган бундай эътибор табиатга меҳрли муносабат орқали келажак авлодларга унумдор ер, зилол сув, мусаффо ҳавога эга бўлган гўзал Ватанни мерос қилиб қолдиришдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқа­риш йўлида қўйилган муҳим қадамлардир. Табиийки, эзгу ниятлар амалга ошиши учун бутун жамиятимиз якдил ва ҳамнафас бўлиши айни муддао. Зеро, табиат ҳар бир инсонга она­дек азиз. Шундай экан, унинг бағри бутун ва барқарор бўлиши ҳар биримизнинг фарзандлик меҳримиз ва эътиборимизга боғлиқ.

Баҳор ХИДИРОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири