Ҳатто бугунги давримизда ҳам инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик тўлиқ таъминланяпти дейиш мушкул. Сайёрамизнинг қайсидир бурчакларида ўрмонлар аёвсиз кесилмоқда. Инсон омили туфайли келиб чиққан ёнғин гектарлаб яшил майдонларни култепага айлантиряпти.
Биохилма-хилликни асрашга етарли эътибор берилмаслиги натижасида бир қанча ноёб турлар йўқ бўлиб кетмоқда, кўплаб экотизимлар захираси ортга қайтариб бўлмайдиган жараёнга юз тутган. Аҳоли сонининг кундан кунга кўпайиши эса табиий ресурсларга талабни тинимсиз оширяпти. Бу ҳолат экологик вазиятни янада чигаллаштиряпти.
Шундай мураккаб вазиятда табиатга инсон омилининг таъсирини камайтириш ва барқарор ривожланишга эришишнинг мақбул ечимларини топиш халқаро ҳамжамият зиммасига катта масъулият юклаган. Бу муаммоларни ҳал этиш учун дунё миқёсида кўплаб ташаббуслар илгари суриляпти, бир қатор стратегия ва дастурлар ишлаб чиқилиб, ижросини таъминлаш бўйича узлуксиз иш олиб бориляпти.
Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади ҳам инсониятнинг эртанги тақдирига дахлдор ана шундай долзарб муаммоларга оқилона ечим топиш, экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган “яшил” ривожланиш моделига ўтишдир. Қатор стратегик ҳужжатлар доирасида бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида бу ишлар янада кенгайиб, самарали натижаларга эришилди.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бу борадаги устувор вазифалар хусусида тўхталиб, экологик мувозанатни таъминлаш мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири эканини алоҳида урғулади, мазкур жабҳада амалга ошириладиган муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Хусусан, экологик барқарорликка эришиш, ер ости ва ер усти бойликларидан оқилона фойдаланиш, мазкур жабҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилади. Жумладан, келгуси йил Самарқандда Глобал экологик жамғарманинг навбатдаги ассамблеяси ва Марказий Осиё халқаро экокўргазмаси ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирлар тармоқлар, ҳудудлар ва бизнес учун ҳамкорлар топиш, янги эколойиҳаларни биргаликда бошлашга катта имконият яратади.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2 мингга яқин кўмир ва газда иситиладиган иссиқхона бор. Улардан ҳавога йилига 137 минг тонна зарарли модда чиқади. Энди кўмирда фильтрсиз ишлайдиган қозонхоналардан воз кечилади. Уларни пойтахт атрофидан кўчириб, ҳамма жойда марказлашган қозонхоналар орқали иситиш йўлга қўйилади. Шу мақсадда 200 гектардан кам бўлмаган агрокластерлар ташкил этилади, уларнинг таркибига ўтадиган иссиқхоналарга алоҳида субсидия берилади.
Албатта, экология ва атроф-муҳит муҳофазасига бу қадар катта эътибор қаратилиши бежиз эмас. Келажак тараққиётини ўйлаган ҳар бир давлат бу борада тобора глобал тус олаётган экологик муаммоларга бугун эътибор қаратилмаса, эртага кеч бўлишини яхши англамоқда. Шунга монанд равишда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда, аввало, табиий мувозанатга безарар усулларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда 2025 йил давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар изчил амалга оширилиши натижасида сув, ҳаво, тупроқ мусаффолигини таъминлаш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича муайян натижаларга эришилди. Жумладан, тез суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимизнинг энергетикага талабини тўлиқ қондириш мақсадида “яшил” қувватлар жадал ривожлантириляпти. Сўнгги беш йилда 6 минг мегаваттли қуёш, шамол ва гидро электр станциялари ишга туширилди, умумий генерацияда “яшил” энергиянинг улуши 30 фоизга етди.
Яқинда ҳамкорлар билан жами 3,5 минг мегаваттли 4 миллиард 200 миллион долларлик янги “яшил” қувватлар қурилишига старт берилди. Бу — 2026 йилнинг ўзида 7 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва ҳавога 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олдини олишга замин яратиши билан аҳамиятли.
Қишлоқ хўжалигида сув сарфини камайтириш мақсадида ирригация тизимлари бетонлаштириляпти. Сувни тежайдиган технологиялар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Натижада сув сарфини камайтиришга эришилаётир.
Юртимизда йилига 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Лекин уларни қайта ишлаш даражаси паст. Шу боис, соҳадаги ишларни ташкил этишда ҳам замонавий ёндашувлар жорий этилмоқда. Чиқинди корхоналари учун янги техникалар олиб берилди. Авваллари давлат монополиясида бўлган соҳада тадбиркорликка йўл очилиб, қулай бизнес муҳити яратилди.
Жумладан, санитар-тозалаш ҳамда чиқиндини қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Четдан олиб келинадиган техника ва ускуналар импорт божидан озод қилинди. Натижада бир қатор санитар-тозалаш ва чиқиндини қайта ишлаш корхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Маҳаллаларда чиқинди майдончалари қурилди. Тўплаш ва ташиб кетиш яхшилангани натижасида ушбу тармоқ иккиламчи хомашё манбаига айланди.
Бу ишлар такомиллаштирилиб, чиқиндини ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, Хитой компаниялари иштирокида чиқиндиларни қайта ишлаш заводлари қурилиши бошланди. Лойиҳалар доирасида йилига 3,6 миллион тонна чиқинди қайта ишланади ва катта ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Табиатни асраш ва барқарор ривожланишга эришишда бу жабҳада белгиланган вазифаларни тезкор ҳамда янгича ёндашув асосида сифатли ташкил этиш, экологик қонунчилик ижросини таъминлаш, мазкур йўналишдаги давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Президентимизнинг “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони айни йўналишдаги ишлар ривожида муҳим дастуруламал бўлди.
Унга мувофиқ, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ташкил этилиши экологик муҳитни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга оширишда муҳим қадам бўлди.
Экотадбирнинг муҳим натижалари
Инсон соғлом ва узоқ умр кечириши учун тоза сув, тўйимли озиқ-овқат билан бир қаторда ҳавонинг софлиги ниҳоятда муҳим омиллар қаторида туради. Аммо сўнгги йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, чанг-тўзонлар кучайганини инкор этиб бўлмайди. Мамлакатимиз ва минтақамизда ҳам бундай экологик нохуш ҳолатлар тез-тез қайд этилаётгани барчамизни ташвишга солади, албатта. Бунда табиий омиллар қаторида табиатга антропоген таъсир ҳам кучайиб бораётгани экологик барқарорликка жиддий таъсир этмоқда.
Яъни кундан кунга кўпайиб бораётган саноат корхоналари, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ҳавонинг сифати ёмонлашишига сабаб бўляпти. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва экологик мувозанатни яхшилаш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини пасайтириш ҳамда табиатни муҳофаза қилишга доир қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида рейд тадбирлари ўтказилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил 25 ноябрдан 24 декабргача бўлган даврда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан 3700 дан зиёд объект текширилди. Бу жараёнда 1128 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилди. Атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган юздан ортиқ объект фаолияти 10 иш кунигача бўлган муддатга вақтинча тўхтатилди. Юзга яқин иссиқхонада чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилди. 6 та иссиқхона газ тармоқларига уланди.
Давлат дастури доирасида бу йўналишдаги ишлар йил давомида тизимли амалга оширилди. Хусусан, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 504 минг автомобиль экологик меъёрларга мувофиқлиги бўйича текширилди. 122 та саноат корхонасида чанг-газ тозалаш қурилмалари ўрнатилди. АI-80 бензинини ишлаб чиқариш тўхтатилди, жорий йилдан бошлаб эса савдоси тўлиқ чекланди. Автотранспортларга экостикер тизими жорий этилди. “Замин” халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда пойтахтимизда 7 автоматик ҳаво мониторинги станцияси ўрнатилди. 74 та корхонада маҳаллий тозалаш иншоотлари модернизация қилинди, икки минг гектар ер рекультивациядан ўтказилди.
“Яшил макон” ташаббуси доирасида 200 миллион тупдан ортиқ дарахт ва буталар экилди, “Менинг боғим” лойиҳаси орқали 208 та “яшил боғ” ва жамоат парклари барпо этилди. Саноат корхоналари атрофида 10 миллион туп кўчат экилиб, кўкаламзор ҳудудлар яратилди. Бу чора-тадбирлар юртимизда сув, ҳаво, тупроқ софлигини сақлаш, экологик муаммоларнинг инсон ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсирини камайтиришда ўз самарасини бермоқда.
Айни пайтда пойтахтимизда экологик мувозанатни янада яхшилаш мақсадида шаҳарнинг 4 та қисмида сунъий кўл ва ҳавзалар қуриш ишлари олиб бориляпти. Шаҳримизда соя-салқин ҳудудларни кенгайтириш, яшил боғларни кўпайтириш бўйича алоҳида дастур бошланади. Шунингдек, шаҳар дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, шу йилдан қурилиш ишлари бошланиши эълон қилинди. Дастур доирасида 150 километр ёпиқ дренаж тизимини қуриш, 197 километр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 63 километр янги каналлар барпо қилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш режалаштирилган. Ёмғир сувини йиғадиган 17 та иншоот барпо этилди. Бу сув дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилади.
Барқарор ривожланиш асоси
Сайёрамиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган яна бир долзарб экологик муаммо иқлим ўзгаришидир. Бунинг олдини олиш учун иссиқхона газларини камайтириш, уларнинг чиқарилишини чеклаш лозим. Шу мақсадда БМТ томонидан қабул қилинган Париж битими мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган. Унинг доирасида иссиқхона газлари ташланмаларини камайтириш ва “яшил” ривожланиш тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш белгиланган.
Шу мақсадда “Иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Президентимизнинг 2025 йил 7 июлдаги “Халқаро углерод бирликлари бозорида иштирок этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам бу борада муҳим ҳуқуқий асослардан бири бўлди. Ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар ўз вақтида бажарилиши мамлакатимизнинг иссиқхона газлари эмиссиясини глобал миқёсда камайтиришга қўшаётган ҳиссасини янада кенгайтириш ҳамда халқаро углерод бирликлари бозорига чиқишини ташкил этиш орқали инвестицияларни жалб қилиш, атроф-муҳит яхшиланишига ҳамда иқтисодиёт барқарор ривожланиши учун зарур шароит яратишга хизмат қилади.
Айни йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда ўрмонларни ва яшил ҳудудларни кенгайтиришнинг аҳамияти беқиёс. Зеро, ўрмонлар табиий мувозанатни сақлаш, ҳаво софлигини таъминлаш ва барқарор ривожланишнинг муҳим омилидир. Шу боис, мамлакатимизда ўрмон майдонларини кенгайтириш ва деградацияга учраган ҳудудларни тиклаш бўйича чоралар изчил кенгайтирилмоқда.
2025 йилда ўрмонларни барпо этиш ва тиклаш ишлари 150,7 минг гектар майдонни қамраб олди. Ўрмон-мелиорация тадбирларининг асосий ҳажми Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудига қаратилди, у ерда 145,2 минг гектар ўзлаштирилди. Энг катта майдонлар Мўйноқ туманига тўғри келади, у ерда 90,5 минг гектарда ўрмонзор барпо этилган. Шунингдек, Бухоро вилоятининг бир қатор туманлари, Навоий ва Хоразм вилоятларида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Бошқа ҳудудларда яна 5,5 минг гектар ўрмон барпо этилди.
Шу билан бирга, кўчатхоналарни ривожлантириш ва ўрмон хўжалигининг моддий базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Кўкаламзорлаштиришда барқарор суръатларни таъминлаш учун ўтган йили 979 тонна дарахт ва бута уруғлари тайёрланди. Ўрмон хўжаликларида 1300 гектар майдонда замонавий кўчатхоналар ташкил этилиб, у ерда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашган 123 миллион туп кўчат ва ниҳоллар етиштирилди.
Тупроқ деградациясининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили чўл ва тоғолди ҳудудларида 1390 гектар майдонда ҳимоя ўрмон чизиқлари яратилди. Бу тупроқ эрозияси ва шамол таъсирини камайтиради. Тоғли ва адир ҳудудларда 41 гектарда ўрмонлар террасалаш усули билан барпо этилди, бу эса нишабларни самарали мустаҳкамлаш ва табиий ландшафтларни сақлаш имконини беради. Қўшимча йўналиш сифатида доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари плантацияларини ривожлантириш мақсадида 5890 гектар майдонда 7918 тонна маҳсулот етиштирилди.
Ўрмон фондидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш доирасида аввал паст самарали деб топилган 4842 гектар ер ўзлаштирилди. Бундан ташқари, 1530 гектар ўрмон фонди участкалари онлайн-аукционлар орқали ижарага берилди. Бу эса хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасида тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам беради.
Ислоҳотларнинг яна бир йўналиши илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўлди. Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги экспериментал плантациялар яратилди. Арнасой туманида шўрга чидамли ўсимликларнинг янги галофит боғини яратиш ишлари бошланди. Натижада мамлакатимиз ҳудудини қоплаган ўрмонлар майдони 4,7 миллион гектарга етди.
Электромобиллардан фойдаланиш рағбатлантирилади
Юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг қамрови кенг, кутилаётган натижалар эса анча салмоқли. Зеро, табиат бизнинг яккаю ягона яшаш маконимиз, тириклигимизнинг муҳим манбаи. Шу боис, бу жабҳадаги ислоҳотлар изчил давом этиши ва долзарб экологик муаммоларнинг ечимини топиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бардавом бўлиши бугунги ва келажак авлодлар олдидаги эзгу вазифамиздир. Шу маънода, Президентимизнинг парламент ва халқимизга Мурожаатномасида жамиятни юксалтиришнинг муҳим йўналишлари қаторида экологик масалалар ечимига устувор аҳамият қаратилгани давлатимизнинг бу борадаги узоқ муддатли стратегик сиёсатининг яққол ифодаси бўлди.
Хусусан, Мурожаатномада экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, саноатни модернизация қилиш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида йирик корхоналар учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилади. Ушбу маблағлар атмосфера ҳавосига чиқариладиган зарарли моддаларни камайтириш учун фильтрлар, тозалаш иншоотлари ва чиқиндиларни мониторинг қилиш станцияларини ўрнатишга йўналтирилади.
Мурожаатноманинг алоҳида қисми электромобиллардан фойдаланишни рағбатлантиришга бағишланди. Қайд этилганидек, экологик тоза транспорт воситалари сонини оширишга қаратилган беш йиллик дастур амалга оширилади. Дастур доирасида маҳаллий электромобиллар учун автокредитлар 12 фоиз, импорт электромобиллар учун эса 16 фоиз ставкада тақдим этилади. Зарядлаш станцияларини ташкил этаётган тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади.
Шунингдек, ер участкаларини аукционларда бозор нархидан икки баравар арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади. Электромобилларни қувватлашда 1 киловатт-соат учун 300 сўмдан ошган электр энергияси харажатларининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Электромобилларда такси хизматини кўрсатаётган фуқаролар учун ҳам қўшимча имтиёзлар белгиланган.
Чанг-тўзонларнинг олдини олиш мақсадида Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда “яшил макон” ҳудуди барпо этилади, Сирдарё вилоятида эса 84 километр узунликдаги “яшил девор” ташкил этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида жами 250 минг гектар майдонда, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари, шунингдек, камида 20 та соя-салқин сайр йўлаклари барпо этилиши режалаштирилган.
Президентимиз яқин беш йил ичида корхоналарда экостандартларни жорий этиш камида 30 минг нафар экологик менежер тайёрлашни талаб этишини таъкидлади. Шу муносабат билан 2026 йилда ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар ташкил этилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафаргача мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, Марказий Осиё Яшил университети фаолияти кенгайтирилади. Ҳаво, сув ва тупроқ сифатини баҳолашга мўлжалланган комплекс лабораториялар ташкил этилади. Шаҳарларда табиий шамоллатишни кучайтириш бўйича илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилади.
Умуман олганда, 2026 йилда экология соҳасини ривожлантириш учун 1 триллион 900 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
Соҳага қаратилаётган бундай эътибор табиатга меҳрли муносабат орқали келажак авлодларга унумдор ер, зилол сув, мусаффо ҳавога эга бўлган гўзал Ватанни мерос қилиб қолдиришдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида қўйилган муҳим қадамлардир. Табиийки, эзгу ниятлар амалга ошиши учун бутун жамиятимиз якдил ва ҳамнафас бўлиши айни муддао. Зеро, табиат ҳар бир инсонга онадек азиз. Шундай экан, унинг бағри бутун ва барқарор бўлиши ҳар биримизнинг фарзандлик меҳримиз ва эътиборимизга боғлиқ.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири