— Анчадан буён қуёш панелларининг қулайликлари ҳақида эшитиб, хонадонимга ўрнатиш ҳаракатида юрардим, — дейди Қарши туманидаги Сарой маҳалласида истиқомат қилувчи Хайрулла Чўлиев. — Бундан икки ойча аввал мутахассисларга мурожаат қилгандим, 3,3 киловатлик панел ўрнатиб беришди. Бунинг яна бир афзал томони шундаки, қуёш панелидан олинаётган электр энергиясининг эҳтиёжимиздан ортганини давлатга сотяпмиз. Шунинг орқасидан ҳозир ҳар ой ўртача 150–200 минг сўм даромад топаяпмиз. Бундан ташқари, 3 йил давомида ер ва мулк солиғидан озод қилинишимиз айни муддао бўлди.
Ушбу қурилмаларни сотиб олганимизда нархи бироз қимматдек туюлганди. Аммо, давлат томонидан берилган имтиёзларни ҳисобга оладиган бўлсак, харид қилганимга ачинмадим. Ҳозирда ҳудудий электр тармоқларига сотаётган электр энергияси учун маблағлар давлат томонидан ҳар ой “Soliq” мобил иловаси орқали банк паластик картамга ўтказиб бериляпти.
Маълумки, қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларидан фойдаланилганда электр ва иссиқлик энергияси текинга тушади. Бундан ташқари, қуёш панеллари атроф-муҳитга ҳеч қандай зарарли газлар чиқармайди, яъни, табиатга салбий таъсир кўрсатмайди. Қолаверса, аҳоли учун анчагина қулайликларга эга. Жумладан, қуёш панеллари биноларнинг том қисмига ўрнатилгани боис ҳеч ҳам халақит бермайди, ишлаш жараёнида шовқин чиқармайди.
Олим ака Очилов ҳам яқинда маҳалласида биринчилардан бўлиб қуёш панелларини хонадонига ўрнатди. Бу янгилик кўпчиликка қизиқ бўлгани боис, деярли ҳар куни қўни-қўшни, яқинлари келиб, қурилмаларга қизиқиш билдиришмоқда. Олим ака ҳам қуёшдан электр энергияси олувчи ускуна афзалликлари ҳақида тушунтиришни канда қилмайди.
— Ҳали ўрнатганимга кўп бўлгани йўқ, — дейди О.Очилов. — Имтиёзли кредит асосида 3 киловатлик панел харид қилдим. Қурилмаларни келтириб, томга ўрнатиш бошлангандан қизиқувчилар кўпайди. Барчани қизиқтирган савол — панелларнинг афзаллиги ҳақида. Энг аввало, бу ускуна орқали қуёшдан олинган энергия битта хонадонга бемалол етади. Биламизки, ёз ва қиш чилласида аҳоли ўртасида электр энергиясига талаб ошади. Шундай пайтда қуёш панеллари ўрнатилган хонадонлар кўпайиши ҳисобига умумий тармоқдан электр энергияси олиш камаяди. Бу эса ўз-ўзидан таъминотдаги узилиш ва тармоқдаги зўриқишларнинг олдини олади. Ҳозирда қўшниларим ҳам қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатиш ҳаракатига тушган. Тез орада маҳалламизда фойдаланувчилар сафи ортиб, қуёшли хонадонлар янада кўпаяди.
Қашқадарё вилоят ҳокимлиги масъуллари берган маълумотларга кўра, бугунги кунда воҳада кичик қувватдаги қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатган аҳоли хонадонлари сони бир ярим мингдан ошган. Икки мингдан ортиқ тадбиркорлик ҳамда мингдан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатилган. Бу ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда.
Шунингдек, жорий йил вилоятда “яшил энергия” борасида йирик лойиҳага старт берилди. Жумладан, Хитойнинг “China Gezhouba Group investment Company Co.LTD” компанияси ташаббуси билан Нишон туманида қуввати 500 мегабайт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш ишлари бошланган. Маълумотларга кўра, қиймати 400 миллион доллар бўлган лойиҳанинг биринчи босқичида станция 200 мегабайт қувватда жорий йил декабр ойида, иккинчи босқичда эса 2024 йилнинг якунига қадар тўлиқ қувватда ишга тушиши айтилмоқда. Бу эса вилоятда қайта тикланувчи энергия ислоҳи учун муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири