Мамлакатимизда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш, бунинг учун эса барча керакли шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилиши зарурлиги таъкидланди.

Жорий йилда мактаб таълимини халқаро ўқитиш дастурлари асосида бутунлай ислоҳ этиш, янги ўқув бинолари қуриш ва мавжудларини ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда кенгайтириш, айниқса, бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқат билан таъминлаш амалиётини келгуси ўқув йилидан бошлаб жорий этиш каби масалалар илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона йўлидир”, дея соҳа ходимлари олдига ҳаққоний талабни қўйди. Бу фикрлардан кўзланган мақсад эса ёшларнинг сифатли таълим олиб, баркамол бўлиб улғайишини таъминлашдир.

Ўтган йилларда олий таълим муассасалари 2,5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 198 тага етди. Жумладан, Андижон давлат педагогика институти ташкил этилганига ҳам икки йил бўлди. Ҳозир олий таълим муассасамизда қарийб 6,5 минг талабага 160 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи касб сирларини ўргатмоқда.

2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилингани олти йил аввал Президентимиз ташаббуси билан давлат ва жамиятни ҳар томонлама янгилаш бўйича бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Айни пайтда аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз томонидан хайрли ишлар қилинмоқда. Мурожаатномада илгари сурилган ташаббуслар билан таниша туриб, Ҳазрат Навоийнинг “Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас” деган мисралари хаёлимдан ўтди. Ҳақиқатан ҳам мамлакатнинг ободлиги халқнинг розилиги, шодмонлиги билан чамбарчас боғлиқ. Бугун юртимизда қилинаётган ишлар замирида ҳам халқнинг кўнглига йўл топиш орқали давлатнинг, юртнинг ободлигини таъминлаш мақсади мужассам.

Ёқубжон ТОШПЎЛАТОВ,

Андижон давлат педагогика институти доценти,

фалсафа фанлари номзоди