Пойтахтимизда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Молия вазирлиги ходимлари ҳамда Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари иштирок этди.

Қайд этилганидек, лойиҳада тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли даромадларини оширишга қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда. Қонун лойиҳаси билан электр двигатель орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш учун йиғим тўлашдан озод этилиши назарда тутиляпти.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2024 йил 1 январга қадар фойда ва сув солиқлари бўйича 50 фоизлик имтиёз берилмоқда. Тадбиркорлар берилган имтиёзлардан оқилона фойдаланган тақдирда солиқлардан иқтисод қилинган маблағ ҳисобидан фаолиятини янада кенгайтириш имконияти яратилади.

Давра суҳбатида қонунчилик техникасидан келиб чиқиб лойиҳага бир қатор тузатиш ва ўзгартиришлар киритилди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.