Тизим поликлиникаларда автоматлаштирилган амбулатор электрон картани юритиш, аҳолига онлайн, яъни уйдан чиқмаган ҳолда яшаш жойи бўйича шифокор қабулига ёзилиш ва қулай вақтда тиббий хизмат олиш имконини беради.

Шунингдек, бемор зарурат туғилганда нафақат ўзи яшайдиган жойдаги поликлиникага, балки республиканинг исталган манзилидаги тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиши мумкин. Бундай пайтда унга компьютерга киритилган картадаги маълумотлар қўл келади.

Янги тизим Қорақалпоғистон Республикасида ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Бўзатов, Тахиатош туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги поликлиникаларга “Электрон поликлиника” ахборот тизимини жорий этиш белгиланган.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Бўзатов тумани тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасига 2 та компьютер, 1 та POS принтер, 1 та электрон табло ва 3 та принтер ажратилди. Шунингдек, тумандаги

5 та соғлиқни сақлаш муассасасига “Электрон поликлиника” ахборот тизими жорий қилинди. Ушбу тизимдан самарали фойдаланиш учун поликлиникалардаги масъул ходимлар Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси, Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан ўқитилди.

— Тахиатош тумани кўп тармоқли поликлиникасида “Электрон поликлиника” тизими жорий этилган. Рўйхатга олиш хонасидаги компьютерлар интернетга уланган, электрон навбатни кузатиб бориш учун монитор ўрнатилган, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Ўтамуродов. — Айни пайтда ҳудудимизга қарашли аҳоли рўйхатга олиняпти, тизимдан фойдаланиш учун 20 та компьютер жамланмаси сотиб олинди.

Нукусда ҳам шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 9 та оилавий поликлиникада “Электрон поликлиника” тизими жорий этилган. Тизимга бу поликлиникалар хизмат кўрсатадиган аҳолининг 98 фоизи киритилган.

Айтиш жоизки, янги тизим ҳар томонлама қулайлиги билан аҳоли узоғини яқин, мушкулини осон қиляпти.

Мнажатдин Қутлимуратов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири