Бу номофобия — “телефон касаллиги”нинг аломатлари. Бугун дунё олимлари мазкур касалликни кўплаб дунё мамлакатларини маълум бир муддатга эсанкиратиб қўйган, миллионлаб инсонларни ҳаётдан олиб кетган ва яна миллионлаб кишилар саломатлигида турли асоратлар қолдирган, “аср вабоси” деб ҳам талқин этилган COVID-19 дан ҳам хавфлироқ дея баҳоланяпти. Бугун, афсуслар бўлсинким, номофобия касаллиги кундан-кунга қанотини кенгроқ очиб, парвозини баландлатяпти.
Узоққа кетмаймиз. Келинг, ўзимиздан бошлаймиз. Эрталаб уйқудан уйғонарканмиз, биринчи бўлиб, мобиль телефонимизни қўлимизга оламиз. Юзимизни ювар-ювмас, уни титкилаб, бўлар-бўлмас ахборотлар билан “мия халтамиз”ни тўлдирамиз (мия халтаси, афсуски, ортиқча ёки бўлмағур овқатни чиқарворадиган ошқозон эмас).
Нонуштани ё тановул қиламиз, ёки йўқ. “Вақтимиз” етмайди. Эрталабки ризқимизнинг ярмини ёки ҳаммасини “телефонга едириб”, ишга отланамиз. Йўлда транспортнинг рақамига қараймиз. Аммо йўловчиларни эслай олмаймиз. Катталарга, болалиларга, ёш болаларга жой бермаймиз.
Қадриятларимиз доирасида қилишимиз мумкин бўлган ишларни бажаришимизга “телефон” рухсат бермайди. Агар қандайдир оламшумул воқеа-ҳодиса содир бўлса, дарҳол “телефонга” жойлаймиз. Хотирага ҳам иш қолмаяпти чоғи, “телефоннинг хотираси бор”. Ишхонада ҳамкасблар билан “телефон”даги узуқ-юлуқ, бўлар-бўлмас ахборотлар ҳақида ўзаро фикр алмашамиз. Бу орқали ўзимизни “замон билан(...ми телефон биланми) ҳамнафас” эканлигимизни исботлаймиз(ми?).
Ишдан чарчаб, уйга келгач, турмуш ўртоғимизнинг бугунги куни қандай ўтганлиги билан қизиқадиган саволимиз “фалон каналдаги” “фалон” видеони ёки хабарни кўрдингизми? Ҳайратларимизни ўртоқлашамиз. Фарзандларимиз “телефондан” бошини кўтарса, салом беради ёки йўқ. Қизиғи, уларни салом берган бермаганини биз ҳам эслолмаймиз. Жуда эътиборли бўлсак, ёки “яхши ота-она” ролини ўйнаш учун “виждон”га салгина қулоқ солсак, “Мактабинг тинчми?” деб сўраб қўямиз. Хуллас, бугун аксариятимиз “ёнма-ён” ўз виртуал оламимизда яшай бошладик...
“Фарзандингизнинг телефонига мана бунақанги дастурни ўрнатиб беринг, болангизнинг тарбиясига яхши таъсир қилади... Болам “телефон”даги “фалон” дастур асосида тил ўрганаяпти... Болангизни қаерда эканлигини билмоқчи бўлсангиз, телефонига мана бунақа “дастур” юклаб қўйинг... Вой, болам ҳали ёшига тўлмаган, телефоннинг “ичи”га кириб кетади-я!” Қойил... Булар кейинги пайтда ота-оналарнинг ўзаро суҳбатида тез-тез учраб турадиган “маслаҳатлар” ва “ҳаволанишлар”.
Кейинги пайтда аёлларнинг ҳам эркакларнинг ҳам нолишлари яна биттага кўпайди: турмуш ўртоқлари телефондан бош кўтармаяпти(!), телефон оила аталмиш муқаддас қўрғонни бузиб юборишга осонгина эришяпти.
Фарзанд тарбиясидаги “замонавийлик”ни ёҳуд номофобия билан хасталанганларни чиройли баннер билан ўралган қурилишга ўхшатиш мумкин. Пойдевор қандай қуриляпти, девор қандай материалдан кўтариляпти, чидамлилиги қанақа? “Уй (уй деб бўлса) сотилади, ҳолати “коробка”. Уй деганнинг ичига кириб, уйни топгунингизча ё маблағингиз етмайди ёки сабрингиз...
Ёнма-ён ўз виртуал оламларимизда яшай бошлаганимизни сезяпмизми? Тобора виртуал оламнинг домига кириб кетмаяпмизми?
Маълумотларга кўра, бундан ўн беш йил аввал мобиль алоқадан 2,5 миллиард одам фойдаланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич икки бараварга ошгани қайд этилмоқда.
Ватан ота-онадан фарзандга қолдириладиган буюк меросга ўхшатилади. Келажак ворисларининг таълим-тарбиясини ислоҳ қилиш ҳукумат даражасидаги энг долзарб масалага айлангани бежизмас. Ватанни ҳис қилиш, унга муносиб бўлиш учун тарихий тажрибалар асосида келажакка айнан бугун қадам қўйишимиз керак! Демак, мобиль алоқалардан қадриятларни электронлаштириш(!) учун эмас, уларни кенг тарғиб қилишда фойдаланишимиз керак.
Келинг, бир зум яқин ўтган, бугунги кун учун олис тарихдек туюла бошлаган ўтган кунларга қайтамиз. Мобиль алоқаларга қадар хабарлар, мактублар ўзаро таниш-билишлар орқали юборилган. Зудлик билан юборилиши лозим бўлгани эса қисқа хабар — телефонограмма бўлган. Хабар узатишнинг ушбу усули ва унинг объектив ва субъектив томонлари ҳақида тўхталишдан аввал, мобиль илова қандай ва қай тарзда пайдо бўлгани ҳақидаги маълумотларни эслайлик.
1973 йилда Манхеттен кўчасидаги бинолардан бирининг олдига келиб тўхтаган “Motorola” корпорациясининг мобиль алоқалар бўлими раҳбари Мартин Купер ғиштни эслатувчи нарсани олиб, “AT&T Bell Labs” компаниясининг тадқиқотлар бўлими бошлиғи Жоэл Энгел билан гаплашади. У ўзини мобиль алоқа орқали гаплашаётганини билдириш учун Жоэлга офисининг олд кўриниши жуда чиройли эканлигини айтади ва, айни пайтда, уяли телефон аппаратини яратиш устида олиб борилган 10 йиллик уринишларда Motorola компанияси енгиб чиққанини билдириб қўяди.
АТ&Т Bell Labs компаниясида уяли алоқани яратиш ғояси 1946 йилдаёқ туғилганди ва оғирлиги 40 килограммга тенг трубкаси автомобиль салонида олиб юриш учун мўлжалланган, ўзи автомобиль юкхонасига ўрнатилган радиостанция шаклидаги мобиль алоқа орадан деярли ўн йиллар ўтиб қийматини йўқотади. Аммо ушбу ташаббусдан олти йил аввал, яъни 1940 йилларнинг охирида скандинавияликлар Швециядаги Телеверкет компаниясининг икки ходими — Стюр Лаурен ва Рагнар Берглундга оддий стационар аппаратларга ўхшаб ишлайдиган, аммо кўтариб юриш мумкин бўлган телефон яратишни топширади. 1950 йилда Швециянинг Лидинг шаҳридаги Васагатан кўчасида, ўзининг Волво хизмат машинаси ичида туриб, автомобиль ичига ўрнатилган телефондан ҳаяжон билан қайнонасининг уй рақамини терган Стюрга кекса қайнонаси унинг ақлдан озиб қолганини айтиб, “Сен тадқиқотларингга жуда қаттиқ берилиб кетибсан. Албатта руҳшунос-докторимизга бориб учрашгин”, дея маслаҳат беради.
Дарвоқе, масофавий суҳбатлашишни енгиллаштириш мақсадида ўйлаб топилган ушбу қурилма, вақт ғилдираги билан айланиб, оммавий ахборот воситаларининг элекрон кўринишини олиши ва ҳар қандай тўсиқларни “ожиз” қолдириши тахмин ҳам қилинмагани шубҳасиз. Оғирни енгил қилиш мақсадида қилинган кашфиётларнинг баъзилари қорли тоғнинг тепасига минг машаққатлар билан кўтариб олиб чиқилиб, сўнг совуқдан омон қолиш учун ёқилган китобларга ўхшайди. Ёки оғирни енгил қилиш учун кичкина аравага мумкин бўлганидан 3–4 баравар оғир нарсани ортволиб, қийналиб тортишдек гап.
Ана энди, хабар тарқатишнинг эскича усуллари ва уларнинг объектив ва субъектив кўринишлари ҳақида озгина ўткан кунларга қайтсак.
“Қўшни, бу ёнғоқлар ўзимизнинг боғдан. Болаларга деб олиб чиқдим.” (Аслида, бу ҳовлида ҳам ёнғоқ борлигига шубҳа йўқ). Ўғлингиз шаҳарга кетаяпти, деб эшитдим. Мана бу ёнғоқни ўғлим Азимжонга олиб бориб беролармикан, деб чиққандим”. Бу ерда ўзаро қўни-қўшничилик қадриятини кўриш мумкин.
“Қизим, намунча ҳаммаёқни қоғозга тўлдириб юборибсан? Армиядаги акангга хат ёздингми яна?”... Мактубдаги биргина хато учун у қайта кўчириб ёзилган (бугун телефон орқали ижтимоий тармоқлардаги ўзаро ёзишмалардаги саводсизлик ҳақида гапириб ўтирмоқчи эмасман. Мисоллар тўлиб ётибди.). Саводсизлик уят ҳисобланган. Қавму қариндошлик, ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар дийдор билан ўлчанган.
Мулоқотнинг онлай шакли онлайн муносабатларни йўлга қўйди. Онлайн бозорлар шаклланди ва ривожланиш босқичига кўтарилди. Хизматлар онлайн амалга оширила бошланди. Билим олишнинг онлайн шакли, электрон кутубхоналар ташкил этилгани қулайликлар туғдирди албатта. Банк хизматларида, бозор муносабатларида онлайн тарздаги қулайликлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Афсуски, ўғирликнинг, турли ғоявий таҳдидларнинг, яна бошқа ғаламисларнинг ҳам онлайн шакли пайдо бўлди. Ёнгинамизда, аммо ўз виртуал оламида яшаётган айрим инсонларни танишимизнинг имконияти йўқ.
Тараққиёт ҳар замон учун муҳим, аммо унинг инсонлар фаровон яшашига, юрт тинчлигига хизмат қилиши муҳимроқ. Тарих 1945 йили муҳандис Беруш шарикли ручка ихтиро қилганини ўз саҳифасига муҳрлаб қўйган, лекин биз учун қамиш қаламни сиёҳга ботириб, шарикли ручка яратилишига асос солган аждодларимиз чинакам тарих!
Шу нуқтаи назардан, Оммавий ахборот воситаларининг шакли эмас, вазифасини англашимиз биз учун ғоят муҳим. Электрон шаклдаги газеталаримизнинг сегментларини, яъни аудиториясини ўзига тортиб олган турли ижтимоий тармоқ каналлари ва веб-саҳифаларда эълон қилинаётган хабарларнинг “фейк” кўринишларини жиддий таҳлил қилиш вақти етди. Хўш, уларнинг оҳанрабоси нимада? Албатта, одамлар орасидаги ҳақиқий воқеа-ҳодисаларнинг қисқа шаклда ёритилишида. Фейк хабарлар эса ана шу ҳақиқатлар кўйлагини кийиб олган ёлғондир. Мияда эса элак (фильтр) вазифасини илм-маърифат, маънавий, мафкуравий иммунитет бажаради.
Дунёда ҳар бир дарднинг давоси бор. Аммо касалликка маҳкум бўлишдан аввал унинг олдини олишда ҳикмат кўпроқ. Оммавий ахборот воситаларини, айниқса, матбуотни бугун халқ ичига “қайтариш”имиз, виртуал олам одамига айланмаслигимиз, миллий қадриятларимизни электронлаштирмаслигимиз учун ҳам тараққиёт биз эканимизни тушунишимиз, тараққиётни ўзимиздан бошлашимиз лозим. Маърифат ҳар қандай жаҳолатни енгишига ишонч бор экан, номофобияни маърифат билан, маънавият билан жиловлашимизга эҳтиёжимиз бор.
Зиёда Акбарқулова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси