Дунё аҳолиси сони тобора ортиб бориши тўқимачилик саноатида кенг қўлланадиган табиий ўсимлик толалари, жумладан, пахта толасига ҳам талаб ошишига олиб келмоқда. Пахта етиштиришдан олинадиган глобал бизнес даромади йилига 500 миллиард AҚШ долларини ташкил этади. Бу эса пахтани иқтисодий жиҳатдан энг муҳим қўшимча қийматга эга экинга айлантиради. Пахта дунё бўйлаб 80 дан ортиқ мамлакатда 32-34 миллион гектар майдонда етиштирилади.

Ҳозир ўртача йиллик ҳарорат кўтарилиши ва барча табиий тизимдаги номутаносиблик, яъни ёғингарчилик режими ўзгариши, ҳарорат аномалияси ва иқлим зоналари силжишида намоён бўладиган глобал иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига, жумладан, пахтачиликка ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда.

Шу ва бошқа омиллар таъсирида дунё бўйлаб шўрланиш даражаси юқори бўлган қишлоқ хўжалиги ери улуши ортиб бормоқда. Дунёдаги экин майдонларининг 20 фоизга яқини ва барча суғориладиган ернинг ярмидан кўпи шўрланишдан таъсирланган. Тупроқдаги юқори туз концентрацияси ўсимликларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига салбий таъсир кўрсатадиган турли ҳодисаларни келтириб чиқаради. Масалан, ўсиш ва ривожланишнинг сусайиши, фотосинтез фаоллиги пасайиши ҳосил камайишига олиб келади.

Умуман олганда, туз стресси ўсимликларнинг ўсиши, морфологияси ва омон қолишига таъсир қилувчи турли ҳужайра жараёнларида бузилишларни келтириб чиқаради. Тупроқ эритмасида туз концентрацияси ортиши билан илдизларнинг туз эритмасидан сув олиши қийинлашади. Туз концентрацияси юқори тупроқда ўсимликлар сув стрессини бошдан кечиради. Бунинг натижасида ўсишдан тўхтайди. Бу, айниқса, тупроқ намлиги пасайишида кўпроқ кузатилади.

Шўрга чидамли экинлар қаторига киришига қарамай, тупроқ шўрланиши ошиши ғўзанинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунки шўрланган тупроқда етиштирилган ғўзанинг илдизи ва пояси узунлиги сезиларли даражада қисқаради. Шунингдек, кўсак сони ва вазни камайиши натижасида ҳосил пасайиши кузатилади. Бундан ташқари, шўрланиш пахта толаси сифатига салбий таъсир кўрсатади, унинг узунлиги ва микронейрини камайтиради.

Буларнинг барчаси селекционерлар олдига шўрланишга чидамли, яхши агротехник белгиларга эга, юқори ҳосилдор ва аъло толали ғўза навларини яратишдек муҳим вазифани қўймоқда. Бироқ бундай навларни яратишда анъанавий наслчилик усулларини қўллаш абиотик стрессларга чидамлилик белгилари кўп генларнинг ўзаро таъсиридан келиб чиққани билан чекланади. Биотехнологик усуллардан фойдаланиш орқали анъанавий селекция усуллари камчиликларини муваффақиятли бартараф этиш мумкин. Қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, пахтанинг хавфсиз биотехнологик навларини яратишнинг энг замонавий усулларидан бири РНК интерференцияси технологиясидир.

Геномика ва биоинформатика маркази олимлари шу технология асосида ғўзанинг тола сифати ва ҳосилдорлиги юқори, қурғоқчилик, шўрхоклик ҳамда гармсел каби турли ташқи омилларга бардошли “Порлоқ” навини яратди.

Яқинда Ўзбекистон Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика марказида порлоқ туркумли, ген нокаут асосида олинган ғўза навларининг тузга чидамлилигини оширадиган ҳужайра механизмларини аниқлаш бўйича илмий изланишлар олиб борилди. Бу иш нуфузли “Physiological and Molecular Plant Pathology” (“Физиологик ва молекуляр ўсимликлар патологияси”) журналида чоп этилган. Фитохром А1 генини ўчириш антиоксидант тизимнинг ҳимоя ферментлари фаоллигини оширишга олиб келади. Бу эса ғўзанинг ўсиши ва ривожланишига салбий таъсирни камайтиради. Шўрланган тупроққа экилганида порлоқ туркумидаги ген нокаут асосида олинган пахта навлари юқори ҳосил беради ва толанинг сифати амалда пасаймайди.

Бундан ташқари, “Порлоқ” ғўза навлари замонавий томчилатиб суғориш технологиясига жуда мос. Чунки бундай навлар илдиз тизими кучли ривожлангани, айниқса, майда ён илдизлари кўплиги туфайли томчилатиб суғорганда сув билан қўшиб берилган озуқанинг катта фоизини ўзлаштиради. Натижада ниҳоллар ўсиши ва ривожланиши тезлашади ва керакли ҳосил учун зарур элементларни тўплашга улгуради.

Бугун ушбу ғўза навлари фермер хўжаликлари ва агрокластерлар томонидан экилмоқда. Мисол учун, Наманган вилоятида “Наманган тўқимачи”, “Чуст текстиль”, Тошкент вилоятида “Real tex agro cotton” кластерлари, Жиззах вилоятида “Семурғ” уруғчилик кластери, Қашқадарё вилоятида “Indorama Kokand tekstil”, “Бунёдкор текстиль”, “Косон бахт текстиль”, Сурхондарё вилоятидан “Surxon Sifat Tekstil” каби пахта етиштирувчи кластерларда “Порлоқ” навларидан фойдаланилмоқда.

Хусусан, тола сифати III тип, тола чиқими 37-38 фоиз бўлган “Порлоқ-4” ғўза нави 2013 йилдан буён юртимизнинг турли ҳудудида етиштирилиб, юқори ҳосилдорликни таъминлаб келмоқда. “Порлоқ-4” нави 2021 йили Қашқадарё вилоятида фермер хўжаликлари ва агрокластерлар томонидан 25 минг гектарга экилиб, вилоят бўйича энг юқори кўрсаткичга эришилди, яъни гектаридан ўртача 50-55 центнергача ҳосил олинди. Бу эса “Порлоқ-4” навини етиштирган фермерларнинг юқори даромад топишига олиб келди.

Шунингдек, вилоятда ғўзанинг “Янги порлоқ-3”, “Порлоқ-5”, “Порлоқ-7” навларидан элита авлодли уруғликлар етиштирилиб, кенг қамровли синов ишлари олиб борилди ҳамда уруғлик пахта хомашёси жамғарилди. Ушбу ғўза навлари ҳам Қашқадарё вилоятининг ноқулай, иссиқ гармсел шароитида бардошлилигини кўрсатиб, гектаридан 40-45 центнер ҳосил олинди. Бундан ташқари, “Порлоқ-4” ғўза нави ўтган йили Наманган вилоятида “Порлоқ”, “Чуст” брендини яратиш учун қарийб 500 гектар майдонда етиштирилди ва юқори ҳосил олишга эришилди. Айниқса, Чуст туманида бошқа навларга нисбатан ушбу навдан гектарига 10 центнергача юқори ҳосил олишга муваффақ бўлинди. Бу эса фермерлар ва агрокластерларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, тола сифати ингичка толали ғўза навлариникидан қолишмайдиган, яъни II типга мансуб “Порлоқ-1” нави Сурхондарё вилояти фермер хўжаликларида экиб келинмоқда. Илдиз тизими кучли ривожлангани, гармселга чидамлилиги, ҳосил элементлари кўплиги сабабли ушбу навдан гектарига 45-50 центнергача ҳосил олинмоқда. Хусусан, бу нав Денов тумани иқлим шароитига жуда мос тушгани боис, ҳудудда ҳосилдорлик бўйича юқори кўрсаткич кузатилди. Натижада мазкур туманда элита уруғчилиги йўлга қўйилиб, сифатли уруғлик тайёрланмоқда.

“Порлоқ” ғўза навлари тола сифати II-III типга мансублиги сабабли тўқимачилик саноатида юқори сифатли маҳсулот олиш имконини бермоқда. Бу эса пахта-тўқимачилик кластерларига қўшимча даромад келтириб, иқтисодий ўсишни таъминлаяпти.

Забардаст БЎРИЕВ,
Геномика ва биоинформатика маркази директори,
биология фанлари доктори