— Пандемия шароитида аҳоли “Тез ёрдам” хизматига ҳар қачонгидан-да кўпроқ эҳтиёж сезмоқда, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси CALL-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудова. — Шу сабабли юртимизда ушбу тизим фаолияти янада яхшиланиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Натижада бугун “103” хизмати халқимизга туну кун сифатли тиббий ёрдам кўрсатмоқда. 

Рақамларга мурожаат қилсак, 2022 йил 1-18 январь кунлари пойтахт “103” хизматига жами 78 минг 771 та чақириқ келиб тушди, — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудова. — Шундан тана ҳароратининг кўтарилиши бўйича 23 минг 335 та, коронавирусга гумон қилинган, касалликка чалинган ва бошқа юқумли касалликлар билан 2632 та мурожаат қайд этилди.

Cўнгги 5 кун ичида шаҳар “103” хизматига бўлаётган чақириқлар сони кескин ошиб, кунлик ўртача 5200-5300 тани ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, январь ойи бошида бу рақам 3200-3400 тадан иборат эди.

Кейинги кунларда “Тез ёрдам” хизматига умумий чақириқлар сони ортгани сабабли шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига пойтахтимизнинг 12 туманида жойлашган марказий поликлиникалардан мутахассислар жалб этилиб, чақириқларни саралаш тизими йўлга қўйилди. 

Унга кўра, эндиликда “103” хизматига мурожаат қилган беморнинг шикоятлари тингланиб, агар унинг аҳволи енгил бўлса, бириктирилган ходимлар чақириқни ўз ҳудуди бўйича оилавий поликлиникаларга йўналтиради. Шундан сўнг мурожаат қилган беморга поликлиниканинг мобиль бригадалари томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилади. Оғир аҳволдаги беморлар эса “Тез ёрдам” хизмати билан қамраб олинади.

Бу эса “103” хизмати фаолиятини яхшилаш, аҳолига тезкор, сифатли, энг асосийси, ишончли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради.

Шунингдек, январь ойида “Тез ёрдам” бригадалари томонидан коронавирус аниқланган ва аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун вирусга қарши дори-дармонлар бўлган “COVID-box”лар бериш ҳамда касалликка гумон қилинган шахслардан экспресс-тест олиш ҳам йўлга қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, чақириқлар сони ортгани ва иш юкламаси кўпайиб бораётгани сабабли куни кеча шаҳар “103” хизмати тасарруфига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қўшимча 40 та замонавий жиҳозланган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчилари билан бирга бириктириб берилди. Шунингдек, Call-марказ иш самарадорлигини ошириш учун 30 та янги оператор ўрни яратилди.

Шу ўринда вазирлик аҳолидан ортиқча саросимага берилмасликни, агар коронавирус белгилари кузатилса, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга, пойтахтимиз аҳолиси эса Тошкент шаҳрининг 12 та туманида  фаолияти йўлга қўйилган махсус COVID поликлиникаларига мурожаат қилишларини сўрайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.