Янги тизимга кўра, тўловлар онлайн шаклда амалга оширилади. Бу эса:
- исталган жой ва вақтда тўлаш имконини беради;
- банкка бориш ва навбат кутиш заруратини бартараф этади;
- ҳисоб-китобларни осон текшириш ва назорат қилиш имконини яратади;
- тўлов чекларини электрон шаклда юклаб олиш имконини таъминлайди;
- ноқонуний ундирувлар ва маблағларни ўзлаштириш ҳолатларининг олдини олиб, соҳада шаффофликни кучайтиради.
Эндиликда аҳоли томонидан амалга оширилган тўловлар тўғридан-тўғри санитар корхоналар ҳисоб рақамига эмас, балки Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади. Кейин операторларга маҳаллалардан олиб чиқилган ва полигонга жойлаштирилган чиқинди ҳажми (тоннаси) ҳамда махсус техниканинг босиб ўтган масофаси (километр) асосида, яъни фақат реал кўрсатилган хизмат учун тўлов қилинади.
Шунингдек, хизмат кўрсатувчи санитар корхоналар фаолияти ҳар ой баҳоланиб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади. Баҳолаш натижалари тўловларда инобатга олинади. Сифатсиз хизмат кўрсатган корхоналар жаримага тортилади, зарур ҳолларда шартнома бекор қилиниб, бириктирилган ҳудуд қайтариб олинади.
Айни пайтда 14 та корхона “қизил” тоифага киритилиб, уларнинг иккитаси билан тузилган шартнома бекор қилинган. Шунингдек, амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 11,9 млрд сўм миқдоридаги нореал дебитор қарздорлик электрон тизимдан чиқарилган.
Тоза Макон ягона электрон биллинг тизимида республика бўйича 9 430 та маҳалла, 7,1 млн абонент ҳамда 3 606 та чиқинди йиғиш жойи электрон харитага киритилган.
Чиқинди ташувчи 3 230 та (94 фоиз) махсус техника GPS орқали кузатилмоқда. Ҳозирда 846 та чиқинди йиғиш майдончаси ва 645 та техника онлайн камералар орқали назорат қилинмоқда. 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилган.
Биллинг тизимининг электр таъминоти соҳаси билан интеграция қилиниши орқали тармоқ тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Бу эса корхоналардан сифатли хизмат талаб қилиш ва соҳада шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.