Содда қилиб айтганда, ЭРИ калитини олиш учун ариза берган ёки уни олишга келган шахслар ҳақидаги маълумотларни сақлаб қолади.

Тажрибадан маълумки, кўп ҳолларда бошқа шахс номидан электрон рақамли имзони олиш учун ариза беришга ёки тайёр ЭРИни олиб кетиш мақсадида Давлат хизматлари марказларига мурожаат этувчилар учраб туради. Афсуски, ана шундай мурожаатлар ортидан турли тушунмовчиликлар юзага келиши ҳам сир эмас.

Сабаби, фирибгарлар шахсга доир маълумотларни қўлга киритиб, улар номидан турли товламачиликларни амалга оширишади. Бунда эса электрон рақамли имзо уларга маълум даражада хизмат қилиши мумкин. Ёки аксинча. «Имзомни ҳалигача беришмади...», «Олиб кетган шахс мен эмасдим...» сингари инкорлар кўпаяди. Ўрнатилган янги қурилмалар бу каби муаммоларни ҳеч қандай инсон омилисиз бартараф қилади. Аниқроғи, тизимда хизматдан фойдаланган шахснинг бармоқ изини сақлаб қолади. Шу боис, мазкур хизматдан фойдаланиш учун фуқаронинг ўзи шахсан марказга келиши шарт.

— Вилоятда давлат хизматларини кўрсатишда қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида марказларга янги қурилмалар харид қилиниб, ўрнатилди, — дейди ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси моддий таъминот бўлими масъул ходими А.Маманазаров. — Ҳозирда 150 дан ортиқ бармоқ изини текширувчи қурилмалар фойдаланишда. Дастлабки босқичда улар ЭРИ калитларини расмийлаштиришда қўлланилади. Кейинчалик, бу қурилмалардан барча хизматларда фойдаланиш режалаштирилган.

Замон тараққийлашиб бораётган бир даврда талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб иш кўриш ҳам тадбиркор учун, ҳам фуқаро учун фойдалидир. Чунки хизматларни тақдим этишда янги имконият ва афзалликларни жорий қилиш ортиқча оворагарчилик ва сарсонгарчиликнинг олдини олса, бошқа томондан айрим муаммо ва камчиликларни вақтида бартараф этиш имконини беради.

Мансур Ҳасанов,

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари