Бу масканларда китобсеварлар ўзларини қизиқтирган адабиётлар билан танишиш имконига эга бўлишди. Айни вақтда кўпгина илмий ва бадиий адабиётларнинг электрон вариантлари ҳам яратилди.

Эндиликда муштарийлар таклифлари инобатга олиниб, чекка маҳаллаларда ҳам кутубхоналар ташкил қилинмоқда. Урганч туманининг Ҳилол маҳалласида туман ахборот-кутубхона маркази, туман маданият  бўлими ва  халқ депутатлари туман кенгаши котибияти ҳамкорлигида барча қулайликларга эга кутубхона ўз фаолиятини бошлади.

— Ҳозирча кутубхона фондида беш мингдан зиёд китоб бор, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мансур Яхшимуродов. — Маҳалламиз фаоллари, ҳомийлар мадади билан кутубхона фондини доимий равишда тўлдириб бориш ниятидамиз. Ўқувчилар орасида ёшлар кўп эканлиги қувонарли. Уларнинг таклифларини инобатга олиб, тез кунларда кутубхонамиз фондини бошқа тиллардаги адабиётлар билан ҳам бойитмоқчимиз. 

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, жорий йилнинг ўзида вилоятда давлат-хусусий шериклик асосида учта кутубхона иш бошлади.

                                               Рўзимбой Ҳасан,

                                    «Янги Ўзбекистон» мухбири