Жиззах политехника институтини Венгриянинг нуфузли «Абуда» университети бошқарувига беришга қарор қилинди. Ўзбекистонда «Сукуба» миллий университети билан ҳамкорликда аниқ фанлар бўйича янги олийгоҳ ташкил қилиш ҳақида келишиб олинди.
Бу тажриба давом эттирилиб, аниқ фанлар ва техника йўналишидаги олийгоҳларимизга дунёнинг энг нуфузли университетлари жалб қилинади.
Яна бир масала – меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келмоқда.
Энди олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида «кўприк» бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратилади. Унда талабаларнинг академик кўрсаткичлари ва корхоналардаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар «онлайн» тарзда кўриниб туради.
Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради.
Тиббиёт тизимида ҳам касбий таълимни ривожлантириш учун Англиянинг «Пирсон» компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамширалар тайёрлаш бошланди.
Энди ана шу техникумларга Германия, Швейцария, АҚШ, Япония каби давлатларнинг таълим дастурлари ҳам жорий этилади.
Шу асосда халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамширалар таркиби шакллантирилади.
Кенг кўламли ислоҳотлар соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича ҳам жадал давом эттирилади.
Тиббиёт муассасаларини ягона ёндашув асосида ташкил этиш учун «мастер режа» ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, инфаркт, инсульт, онкологик, нефрологик каби юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда трансплантация, вакцинация, она-бола саломатлиги йўналишларига 3,5 триллион сўм ажратилади.