Олимпиадани ўтказишдан асосий мақсад таълим муассасаларининг педагог-ўқитувчилари орасидан математика фани бўйича илғор, ташаббускор ва ижодкор педагогларни аниқлаш, улардаги қобилиятлар, касбий маҳоратни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Олимпиадада умумий ўрта таълим муассасалари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига қарашли таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари, нодавлат таълим муассасаларининг математика фани ўқитувчилари иштирок этади.

Олимпиаданинг ҳудудий босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда жорий йилнинг 12-13 декабрь кунлари, Хоразм вилоятида эса 19-20 декабрь кунлари бўлиб ўтади.

Олимпиаданинг илк кунида иштирокчилар 120 дақиқа вақт ичида жами 40 та тест топшириқларини бажариши керак бўлади. Тест натижаларига кўра энг юқори натижаларни қайд этган 50 нафар иштирокчилар олимпиаданинг ёзма иш босқичида қатнашади.

Ёзма иш 5 та топшириқдан иборат бўлиб, улар жами 50 балл билан баҳоланади. Иштирокчиларнинг икки тур бўйича баллари умумлаштирилиб, 5 нафар ғолиблар аниқланади ва улар республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.

Ўқитувчилар ўртасида Математика фанидан Республика олимпиадаси ҳар йили икки босқичда ўтказилади. Олимпиаданинг Республика босқичи февраль ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Республика босқичида 10 нафар иштирокчилар турли эсдалик совғалари билан тақдирланади. Шунингдек олимпиадада муваффақиятли иштирок этган ўқитувчилар келгусида математика фанидан ўтказиладиган ўқувчилар фан олимпиадаларида ҳакамлар ҳайъати аъзолигига, малака ошириш курсларини ташкил қилишга, математика фанига доир лойиҳаларни экспертизадан ўтказишга, назорат материалларини шакллантириш жараёнларига жалб қилиш ҳамда математикага ихтисослашган мактабларда ушбу фаннинг сифатли ўқитилишини таъминлашда ҳамкорликка таклиф қилинади, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.