Бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, давлат-ҳуқуқий муносабатларнинг бутун тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этиш бўйича олдимизда турган кенг кўламли вазифалар, аввало, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш масаласи билан бевосита боғлиқдир.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётганлиги, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун кенг кўламли ишлар қилинаётганлиги ҳаммамизга маълум.

2023 йилнинг 11-апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонун қабул қилинганлиги мазкур соҳада оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак муболаға бўлмайди. Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги “411-модда Шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик” киритилди.

Эндиликда, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари яна бир модда билан қўриқланадиган бўлди. Қонунга кўра, шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Хулоса сифатида шуни қайд этиш керакки, қабул қилинган Қонун билан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари белгилаб берилади.

Азизахон Алланова,

 Жиноят ҳуқуқи, криминология

ва коррупцияга қарши курашиш

кафедраси доценти