Учрашув давомида амалдаги ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг бориши, шунингдек, муқобил энергетика соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, A.Султанов ишлаб чиқариш лойиҳаларини ўз вақтида ишга туширишни таъминлаш, жумладан, «ACWA Power» компанияси томонидан қурилаётган иссиқлик электр станцияси (ИEС) ва шамол электр станцияларини ишга тушириш ҳамда келгусида техник хизмат кўрсатиш муҳимлигини таъкидлади.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон томони дунёдаги пандемия чекловлари билан боғлиқ қийин логистика ҳолатга қарамай, қурилиш-монтаж ишларининг режа-жадвалларга мувофиқ олиб борилаётганидан мамнунлигини билдирди.
Таъкидлаш керакки, Бухоро вилоятида Саудия компанияси томонидан умумий қиймати 1,3 миллиард доллар бўлган шамол электр станцияларини қуриш лойиҳаси амалга ошириляпти.
Айни пайтда мазкур лойиҳа доирасида потенциал кредиторлар билан музокаралар ўтказилиб, объектларда қўшимча тадқиқот-ўрганишлари олиб бориляпти.
Муҳокама давомида Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга шамол энергетикаси лойиҳасининг бориши кўриб чиқилди. Қайд этиш керакки, «ACWA Power» компанияси мазкур шамол электр станцияси орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси учун паст бўлган, яъни электр энергиясининг 1 кВт/соати учун 2,57 цент тарифини таклиф қилиб, тендер ғолиби бўлди. 2021 йил 17 декабрда Саудия компанияси билан электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида шартнома имзоланди.
Учрашув давомида Mуҳаммад Абунаян «ACWA Power» компаниясининг водород энергетикаси бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқишини таъкидлади.
Хусусан, «Air Products» халқаро компанияси иштирокида ушбу йўналишда уч томонлама ҳамкорлик имзоланди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.