Бу бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 1 август куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари иштирокида олий таълим муассасаларида талабаларини турар жой билан таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда янги ўқув йилида талабаларни муносиб кутиб олиш, ўқув йилининг дастлабки кунларида талабаларни турар жой билан тезкор таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, бунда юзага келадиган жиддий муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида 1 августидан 10 сентябригача бўлган муддат «долзарб қирқ кунлик» сифатида белгиланганди.
Масъуллар фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг барча босқич талабалари белгиланган мезонлар кетма-кетлиги асосида талабаларнинг ётоқхона ва ижара хонадонларига жойлаштирилиши бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, барча олий таълим муассасаларининг асосий бинолари ҳамда талабалар турар жойларига кириш қисмларига камида 4 та жойга Талабалар турар жойларига жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказлари (инфокиоск)ни ташкил этиш белгиланди.
Бунда ҳар бир талабани талабалар турар жойларига жойлаштириш бўйича ёрдам кўрсатиш марказлари (инфокиоск) фаолиятини йўлга қўйиш ва унга тажрибали волонтёрларни бириктириш, шунингдек, энг намунали фаолият юритган "Талабалар турар жойларига жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказлари" 20 млн сўмдан 30 млн сўмгача пул мукофотлари билан рағбатлантирилиши назарда тутилди.
Ижара хонадонлари базасини шакллантириш, талабаларни гуруҳ тюторлари орқали ижара хонадонларига жойлашишига кўмаклашиш, олий таълим муассасаси расмий веб-сайти орқали янги топилган ижара уйлари ҳамда ижара уйлари ҳақидаги маълумотлар (манзили, хонадон эгасининг исми шарифи, телефони, ижара уйининг нархи кўрсатилган ҳолда)ни эълон қилиш ишларини самарали ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Олий таълим муассасалари ректорлари ётоқхона ва ижарада истиқомат қилаётган талабалар ҳолидан шахсан хабар олиши, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқлаган ҳолда ижара хонадонларига ҳам, ётоқхоналарга ҳам ташрифлар ҳар ҳафтада камида 1 маротаба ташкил этилишини тизимли йўлга қўйилиши таъкидланди.