Ғузорлик Шоҳида Муртазоева қизининг оғир буйрак касаллигига чалинганини эшитиб, аввалига бироз гангиб қолди. Ирода эндигина 12 ёшга тўлганди. Мурғак қалби бир дунё орзу-умидларга тўла дилбандининг кўз олдида сўлиб бораётгани онаизорни адойи тамом қилди.

Ота-­онанинг бормаган эшиги қолмади. Қизининг буйраги ўз вазифасини бажара олмас, икки йил шаҳар марказига қатнаб, кунора гемодиализ муолажасини олиш Иродани ҳам, бошқаларни ҳам руҳан, жисмонан толиқтирганди. Баъзан қизнинг тоби қаттиқ қочар, шифохонанинг шифтига термилиб ўтказилган кунларнинг адоғи йўқдек туюларди. Шифокорлар ягона чора буйрак алмаштириш эканини айтганда, ота-­онанинг кўзида умид ёлқинланди. Аммо унга маблағ қайда, ўзи ҳаминқадар яшаб келаётган оила учун бу яна бир мушкуллик эди.

— Оилавий шифокоримиз Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси барча харажатларни қоплаб бериши, ҳеч иккиланмай В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий­ амалий тиббиёт марказига мурожааат этишимизни айтганида аввалига ишонмадим, — дейди Шоҳида Муртазоева. — Марказ шифокорларига учрашдик. Улар буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти муваффақиятли бажарилаётгани, операция харажатларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси қоплаб беришини айтишди. Тезда зарур таҳлилларни ўтказиб, жарроҳлик амалиётига тайёрлашди. Иродага бувиси — онам битта буйрагини берадиган бўлди. Операция яхши ўтди. Ҳозир қизимнинг ҳам, унга донорлик қилган онамнинг ҳам аҳволи яхши. Шифокорларга, шундай шароит яратиб берган ҳукуматимизга раҳмат.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, бугун юртимизда ҳар бир инсоннинг саломатлиги давлатимиз эътибори марказида, имтиёзли тоифага кирувчи юзлаб беморлар йўлланма асосида ҳеч қандай маблағсиз дардига дармон топмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора­-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими асосида ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби жорий этилди. Бу жараёнда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини стандартлар асосида баҳолаш, ажратилган маблағ самарадорлигини назорат қилиш тизими йўлга қўйилди.

Қарорга кўра, имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни йўлланма асосида даволашга бир қатор ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари жамғарма билан шартнома тузиш орқали жалб қилинган. Республика даражасидаги 26 та тиббиёт муассасаси, 52 та ҳудудий шифохона ва 28 та нодавлат тиббиёт ташкилоти шулар жумласидан.

Ушбу даво масканларида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатилган юқори технологик тиббий ёрдам харажати жамғарма томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмоқда. Беморлар учун жамғарма билан шартнома тузган давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотлари орасидан ўзига қулай бўлганини танлаш ва зарур тиббий ёрдамни бепул олиш имконияти яратилди.

— Аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида жорий йилда жамғарма 14 та ихтисослашган тиббий марказ, 12 та клиника ва вилоятларда жойлашган 52 та тиббий муассаса билан шартнома имзолаган, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг молия бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Одилов. — Аввалги ордер тизимига барҳам берилиб, электрон ахборот тармоғи орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби йўлга қўйилди. Энди ҳар бир фуқаро йўналиши бўйича мурожаат этган аризаси нечанчи навбатда эканини кўриб туриши мумкин. Бу шаффофликни таъминлаш, ҳар хил коррупцион схемаларга барҳам беришга хизмат қилмоқда.

Ҳар бир беморда танлов ҳуқуқи пайдо бўлди. Яъни тиббий хизмат кўрсатадиган муассасалар ичидан ўзига маъқулини танлаши мумкин. Шошилинч ҳолатларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида буйруғи билан бемор шифохонага ётқизилади ва тиббий харажатлар жамғарма томонидан қоплаб берилади.

Дори­дармон, тиббий буюмлар айрим муассасаларда даволаш харажатларининг 80 фоизини ташкил қилади. Бу харажатларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси қоплаб бераётгани аҳолининг молиявий қийинчиликка дуч келмай, зарур тиббий ёрдам олишини таъминлаш, эл саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қилинаётган хайрли ишларга мисол бўла олади.

Жамғарма билан шартнома тузган тиббиёт муассасаларидан бири — Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий­-амалий тиббиёт маркази. Жорий йилнинг 10 ойи давомида ушбу марказда йўлланма асосида 2 минг 523 нафар имтиёзли тоифага кирувчи шахс даволанди. Улар учун 42 миллиард сўмлик даволаш харажатлари жамғарма томонидан қоплаб берилди. Шунингдек, марказда зарур ҳолларда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, ҳақиқий харажатлар кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ жамғарма томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланмоқда.

— Соғлиқни сақлаш вазири вилоятимизда сайёр қабулда бўлган пайтда бетоблигим ҳақида шикоят қилгандим, — дейди Бухоро вилояти Пешку туманидан келган Марям Қулматова. — Ўн йиллардан бери икки томонлама коксартроз, суяк емирилишининг III даражаси билан оғриганман. Охирги уч ойда юролмай қолдим. Мурожаатим бесамар кетмади. Оилавий поликлиника шифокори кўмагида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий­ амалий тиббиёт марказига келдим. Шифокорлар яхши кутиб олиб, шифохонага ётқизишди. Операция бепул ўтказилди. Илгари суриштирганимда, 35 миллион сўм кераклигини айтишганди. Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. Бунча маблағ топиш имконимиз йўқ эди. Оилавий шифокорларнинг саъй­ҳаракати билан барча харажатни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўлаб берди. Агар шу маблағ топилмаганда ҳозир ҳам қўлтиқтаёқда юрган бўлардим. Барчаси учун  миннатдорман.

Чаноқ­сон бўғими соҳасидаги суякнинг емирилиши оқибатида қўлтиқтаёққа суяниб қолган беморлар юртимизнинг ҳар бир ҳудудида топилади. Айниқса, коксартроздан азият чекаётган беморларнинг аксарияти касалликнинг оғир босқичида. Бундай ҳолатда фақат жарроҳлик усулидан даволаш ёрдам беради. Ана шу мураккаб амалиёт бепул бажарилаётгани туфайли кўплаб юртдошларимиз дарддан фориғ бўлиб, оёққа турмоқда.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий­ амалий тиббиёт марказида жорий йилнинг январь-­октябрь ойларида қарийб 47 минг нафар беморга бепул тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан 1400 нафари имтиёзли тоифага мансуб бўлиб, уларга кўрсатилган юқори технологик тиббий хизматлар учун жамғарма томонидан 33 миллиард сўм тўланди.

— 2021 йилнинг октябрь ойидан бошлаб имтиёзли тоифага кирувчи беморларга давлат бюджети ҳисобидан ёрдам кўрсатишнинг янгича тизими йўлга қўйилди, — дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий­амалий тиббиёт маркази бош шифокори Муҳиддин Қодиров. — Ҳозирги тартиб бўйича юқори технологик операцияга муҳтож беморлар электрон тизим орқали шакллантирилган йўлланма билан келадиган бўлди. Бунда беморнинг шифохонада ётишидан тортиб, таҳлил натижалари, қўйиладиган имплантлар, дори­дармон ва озиқ­овқат харажатигача тўлалигича Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Травматология ва ортопедия илмий­ амалий тиббиёт марказида қўлланадиган тизза бўғимини эндопротезлаш операциясида 35 миллион сўмгача маблағ талаб этилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати, эндопротезлаш амалга оширилган, аммо вақт ўтиб, эндопротезнинг компонентлари ностабил ҳолатга келган бўлса, қайта эндопротезлаш 65 миллион сўмга айланади. Имконияти чекланган беморнинг бунча маблағ топиши мушкул. Ана шундай ҳолатларда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси беморлар жонига оро кирмоқда.

Бундай операциялар нафақат пойтахтда, балки вилоятлар марказида ҳам муваффақиятли амалга ошириляпти.

“Инсон қадри учун” тамойилининг юзлаб юртдошларимиз тақдирида ўз ифодасини топиб бораётганини биргина Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси кўмаги мисолида кўришимиз мумкин. Муҳими, юртда инсон қадр топмоқда, унинг саломатлигини асраш йўлидаги саъй­ҳаракатлар изчил давом эттирилаётир.

Рисолат Мадиева,

“Янги Ўзбекистон” мухбири