Бугун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришларини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири сифатида баҳоламоқда. Мутахассисларнинг фикрича, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ҳамда унга мослашиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бу иқтисодиётни “яшиллаштириш”дир.
Шу билан бирга, аҳоли сони, янги қурилаётган хонадонлар, янги иқтисодий қувватларнинг ишга тушиши электр энергиясига бўлган талабни оширмоқда. Бу эса ўз навбатида, электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тежамкор воситалар ҳамда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда.
2023 йилнинг аномал совуқ билан бошланиши бу борадаги вазифаларни зудлик билан амалга оширилиши заруратини янада кучайтирди. Аҳолининг электр, куз-қиш мавсумида эса газга эҳтиёжи кескин ортиши сабабли барча юклама электр тармоқларига тушади. Мутасаддиларнинг фикрича, ҳозирги кунда камида 2–3 миллиард киловатт-соат электр энергиясига қўшимча талаб мавжуд. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж яна 10 миллиард киловатт-соатга ошиши мумкин.
Бундай вазиятда энг самарали йўл — муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтириш ҳисобланади. Бу борада мамлакатимизда амалий ишларга киришилган.
Президентимизнинг 2022 йил 2 декабрдаги “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида “яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежаш йўлидаги муҳим ҳужжат десак муболаға бўлмайди.
Қарор билан тасдиқланган 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастурида бир қатор муҳим стратегик мақсадларга эришиш кўзда тутилган.
Шунингдек, қарор билан саноат тармоқларида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш бўйича концепция, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси, 2022–2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари ҳам тасдиқланган. Шу билан бирга, ҳужжат билан “яшил” иқтисодиётни жорий этиш ва уни ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органлари белгиланиб, мутасадди вазирлик ва идораларнинг бу борадаги вазифалари аниқ қилиб белгилаб берилди.
Инсон қадрини улуғлаш учун ҳар бир юртдошимизнинг хонадонида яхши яшашига шароит яратилиши электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистонда бу мақсадлар учун бир йилда 10 миллиард долларлик электр қуввати ва газ йўналтирилмоқда. Агар бунинг 10 фоизи иқтисод қилинса, бу 1 миллиард долларни бошқа эҳтиёжлар учун сарфлаш имконияти юзага келади.
Ўтган йилнинг 10 июнь куни Президентимиз раислигида ўтказилган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда ана шундай рақамлар келтирилар экан, бугунги кунда бунинг энг самарали ва мақбул йўли — муқобил энергияни қўллашни кўпайтириш эканлиги алоҳида қайд этилган эди.
Давлатимиз раҳбари ушбу масала умуммиллий аҳамиятга эгалигини эътироф этиб, муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини таъкидлади.
Мазкур янги тизим 2022 йилнинг 1 сентябридан амалиётга жорий этила бошланди. Бунда аҳоли ва тадбиркорларга бир қатор қулайлик ва имтиёзлар берилди. Жумладан, ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўлаш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилди. Муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш истагида бўлган аҳоли ва тадбиркорлар бу имкониятлардан фойдаланиши учун бирон-бир идорага боришга мажбур эмас. Барча ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал бўлади.
Бунинг учун жамғарма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда ҳудудлардаги сотувчилар билан ҳамкорлик шартномаларини тузади. Ишлаб чиқарувчиларнинг аҳоли ва тадбиркорларга ускуналарни бўлиб-бўлиб тўлашга бериш харажатлари жамғарма томонидан қоплаб берилади. Жамғармага эса ушбу компенсация тўловлари учун зарур маблағ ажратилади.
Ўзим ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритаётган Нурафшон шаҳридаги “Чиғириқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 312 хонадон, қатор тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Айни кунда ушбу имтиёз ва имкониятлар, айниқса, ўтган йил декабрида ва шу йилнинг январида кузатилган совуқ об-ҳаво шароитида тежамкор қуёш электр панелларининг аҳамиятини маҳалламиз аҳли ва тадбиркорларимизга тарғиб қиляпмиз. Бу борада биринчи навбатда, тадбиркорлик субъектларига, кейин аҳоли хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиш учун тизимли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Энг муҳими, бу жараён аввало, пулни иқтисод қилиш ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларга барҳам беришини ҳар бир фуқарога аниқ мисоллар орқали етказяпмиз.
Қуёш панеллари ва сув иситгичларини хонадонларга ўрнатиш давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, хусусан, ушбу қурилмаларнинг қувватига қараб яхшигина компенсация тўланиши, бу ускуналар ўрнатилганда фуқаролар учун ҳеч қандай қўшимча солиқ ёки тўловлар жорий этилмаслиги, айниқса, қуёш панелларидан олинган энергиянинг эҳтиёждан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотиш мумкинлиги кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.
Аҳамиятлиси, бундай қурилмаларнинг кўп ўрнатилиши мамлакат иқтисодиётига ҳам фойда. Электр энергия муқобил энергия манбаларидан олингани сари, табиий манбалар тежалади. Энергетика тармоқларидаги юкламаларни енгиллаштириш, аварияларнинг олдини олиш, тармоқлардаги технологик йўқотишларни пасайтириш имконияти ошади. Асосийси, экологик тоза, “яшил” энергияга ўтиш жараёни фаоллашади.
Одилжон АТАУЛЛАЕВ,
Нурафшон шаҳар “Чиғириқ” маҳалла
фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси