Ер ресурслари республикамизнинг миллий бойлиги ҳисобланади.  Давлат томонидан ер билан боғлиқ ўтказилаётган тадбирлар қанчалик тўғри ва оқилона ташкил этилса, ер майдониларидан фойдаланиш ва умуман иқтисодиётнинг ривожланиши шунчалик юқори бўлади.

Шу жиҳатдан ҳам ердан тўғри фойдаланишни ташкил этишга йўналтирилган давлат ер кадастри, ер ҳуқуқи, ер солиғи, ер тузиш, ер мониторинги, ерлардан фойдаланишни давлат назоратини ўрнатиш доимо долзарб бўлиб келган.   

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йилнинг 16 августида “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги   Қонун имзоланди.

Мазкур қонунга кўра, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, мазкур ер участкалари ва унга туташ ҳудудлар ҳамда ажратилган ер участкасига туташ бўлмаган участкаларда қурилиш ишларини амалга оширганлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробаридан 150 баробаригача, мансабдор шахсларга эса 50 баробардан 300 баробаргача жарима солинишига сабаб бўлади.

Эндиликда суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун ҳам тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик (2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) белгиланди.

Шунингдек, жиноят кодексига янги киритилган 2296-моддасида суғориладиган ер участкаларини сотганлик ёки уни ноқонуний тарзда ўзга шахсга берганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш  базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баробаридан 500 баробаригача жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агарда ўша қонун бузилиши жазони оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган бўлса, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, мазкур қонун билан ер муносабатларига оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Тошкент вилоятида ер билан боғлиқ қонунбузулиш ҳолатларини бартараф этиш учун ҳокимиятларга 16 та огоҳнома, 24 та тақдимнома, ноқонуний қарорларни бекор қилиш юзасидан судларга 10 та аризалар киритилди. Шунингдек, Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашига қуйи турувчи туман (шаҳар) кенгаш қарорларини бекор қилиш учун 4 та тақдимнома киритилиб, Кенгашлар қарорлари бекор қилишга эришилди.

Бугун мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 16,4 миллиони (жами аҳолининг 49,4 фоизи) қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Уларнинг иш билан бандлиги, ҳаёт тарзи ва турмуш кечириши эса ер билан боғлиқ. Ердан оқилона фойдаланиш, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиш, вужудга келаётган  қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш  аҳолининг ҳаёт тарзини яхшилашга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади.

Камолиддин Дастамов,

Тошкент вилояти адлия бошқармаси

етакчи маслаҳатчиси