“Тошкент шаҳрида барпо этилаётган ер усти метро линиялари остида жойлашган ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (291-сон, 01.06.2022 й.) қабул қилинди
Ҳужжатга кўра, Тошкент метрополитенининг “Дўстлик–Қўйлиқ” ер усти метро йўналиши 1–5 бекатлари оралиғидаги ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида:
— пиёдалар ва велосипед йўлаклари;
— автотураргоҳлар;
— аҳоли сайр қилиши учун сайилгоҳлар;
— болалар ва спорт майдончалари ташкил этилади.
Мазкур ер майдонлари хатловдан ўтказилган ҳолда уларнинг ер усти метро йўналишлари фаолиятига таъсир қилмайдиган қисми Тошкент шаҳар ҳокимлиги захирасига ўтказилади.
Аукцион савдолари орқали олинган ер участкаларида савдо ва хизмат кўрсатиш, тайёр ҳолдаги овқатланиш маҳсулотлари билан савдо қилиш шохобчалари, китоб дўконлари, автотураргоҳлар ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш ва спорт масканлари барпо этилади. Бу ҳақида ҳуқуқий ахборот телеграм канали хабар бермоқда.