Бугун Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ғалладан бўшаётган 5 минг 626 гектар ер майдонининг 5 минг 300 гектарига, сув эҳтиёжидан келиб чиқиб, такрорий экинлар экиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ўтган мавсумда тумандаги “Қурбонбой Чориев” фермер хўжалиги 21 гектар майдондаги пахтани етиштиришда эгилувчан қувурлардан фойдаланиб, яхши самарага эришди. Пахта нақд 8 маротаба суғорилган бўлса-да, бунинг учун бор-йўғи 17 минг 300 куб метр сув сарфланди.

— Ер майдонлари анъанавий усулда суғорилганда ўртадан ўқариқлар қазилиши туфайли анчагина ғўза ниҳоллари нобуд бўлади, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Эркин Чориев. — Эгилувчан қувурлардан фойдаланганда эса ўқариқларга умуман ҳожат қолмайди. Ҳисоб-китобларимизга кўра, ўқариқлар олинмаслиги туфайли уч гектар майдондаги ғўза нобуд бўлишдан асраб қолинди. Бундан ташқари, илгари 4 нафар сувчи бажарган ишни энди бир киши уддалаяпти. Томчилатиб суғоришда сув ҳам, минерал ўғит ҳам исроф бўлмасдан, тўғри ниҳолнинг илдизигача етиб боради. Натижада сув тақчил бўлган йилда ҳам ғўза жуда яхши ривожланади.

Ўтган йилнинг 27 апрелида Қоракўл туманида рўй берган табиий офат туфайли фермер хўжаликлари ерга чигитни уч мартагача такрор экишга мажбур бўлганига қарамай, давлат шартнома режасини тўлиқ  бажарган ва соф фойда олишга эришган эди. Бунда экинни томчилатиб суғориш йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этганди.

Шуни инобатга олиб, жорий мавсумда туманда инновацион усулда томчилатиб суғориладиган майдонлар янада кенгайтирилди. Бу сув сарфини 35 фоиз, унинг сарфи учун ажратилган маблағни 20 миллион сўмгача тежаш имконини беради. Қолаверса, ҳосилдорлик янада ошишига замин яратади.

“Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери тумандаги 160 та фермер хўжалигига қарашли 8 минг гектар экин майдонига эга. Жорий йилда 50 та фермер хўжалигининг 1 минг 200 гектар ерида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди.

Кластер раҳбари Иброҳим Ҳамроевнинг айтишича, шу кунга қадар сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш мақсадида 100 та ҳовуз қазилиб, уларга 50 та мембрана ўрнатилган.

Таъкидлаш жоизки, мазкур кластер ерларида 32 километр узунликда электр тармоқлари тортилиб, трасформатор станциялари барпо этилди. Қуруқ иқлим ва сув ресурслари чекланган шароитда сув ресурсларидан оқилона, тежамкорлик билан фойдаланиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш учун олдиндан мақсадли режалар тузиб қўйилган.

“Сардор Баҳодир пахтакор” фермер хўжалиги ҳам туманда илғор хўжаликлардан ҳисобланади. Гулчеҳра Рўзиқулова раҳбарлик қилаётган мазкур фермер хўжалиги жорий йилда 30 гектар ерда ғалла парваришлаган. Мавсум жараёнида 19 гектар майдондаги ғалла ўриб олиниб, белгиланган шартномавий режа ортиғи билан бажарилди. Бугунги кунда ғалладан бўшаган ерлар сомондан тўлиқ тозаланиб, шудгорланмоқда ва тариқ экилмоқда.

Раббонқул МУХТОРОВ,

журналист