Бу гапни Самарқанд вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нарзиқуловнинг ўзидан эшитдик.
— Пандемия сабабли ўтган йили Самарқандга келган сайёҳлар сони 633 минг нафарга тенг бўлган. Шу йилнинг биринчи ярмида улар сони қарийб икки баробарга ошди, — деди у. — Меҳмонхоналарнинг ўзи ҳозирда 171 тани, оилавий меҳмон уйлари эса, 217 тани ташкил этади. Соҳада 2021 йилнинг 6 ойи давомида 84 та туристик лойиҳа ишга туширилди. Жумладан, 12 та меҳмонхона фойдаланишга топширилди, 45 та янги оилавий меҳмон уйлари иш бошлади. 136 та туристик синфга мансуб автобус, 126 та микроавтобус ва 20 та электромобил, 181 та туроператорлар ҳамда 336 та гид-таржимонлар томонидан маҳаллий ва хорижий фуқароларга сайёҳлик хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Пандемия шароитида туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 39 та меҳмонхона ва туроператорлик ташкилотларига ходимларини сақлаб туриш, уларнинг ойлик иш ҳақларини тўлаш учун 2,1 миллиард сўм миқдорида фоизсиз мақсадли ссудалар ажратилди...
Тез орада сайёҳларни Мирзо Улуғбекнинг 1444 йилда ёзилган “Зижжи Кўрагоний” асарига муқояса сифатида очиқ китоб кўринишида бунёд этилган аэропорт қарши олади. Ўз даврида бу китоб 1018 та юлдузнинг жойлашуви ҳақида маълумот берувчи дунё фалакиётшунослигининг энг мукаммал асари ҳисобланган. Аэропорт терминалининг том қисмида юлдузлар туркуми тасвири туширилган осмон кўриниши акс эттирилади, айниқса тунда бу кўриниш жуда улуғвор манзара касб этади.
Мазкур авиақўналға реконструкцияси халқаро терминални модернизациялаш, унинг янгисини қуриш, учиш-қўниш йўлакчасини бунёд этиш ҳамда радиолокация тизимларини янгилашни ўз ичига олган. Самолётлар учун 24 та қўниш ва 700 ўринли енгил автомобиллар тўхташ жойи қурилиши назарда тутилган. Эндиликда аэропортнинг ўтказувчанлик қобилиятини соатига 350 тадан 1000 тагача ошириш ҳисобига йўловчилар оқимини йилига 460 000 тадан 2 миллионтагача етказиш имконияти таъминланади.
Аслида Президентимизнинг вилоятга ҳар бир ташрифидан кейин унинг меъморий қиёфаси янада маҳобат, файз ва кўркамлик касб этади. Аэропортни таъмирлаш лойиҳаси ҳам 2019 йилдаги танишишдан кейин тубдан ўзгарди ва кенгайиб кетди.
“Enter Engineering PTE Lmd” компанияси томонидан қурилаётган Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилаётган мазкур аэропорт учун 80 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланмоқда. Шунингдек, бу ерда Россия, Туркия, Германия ҳамда Буюк Британиядан келган қурувчи-муҳандислар меҳнат қилмоқда.
Бугунги кунда узунлиги 3105 ва эни 60 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги қурилиши тугалланиб, ёритиш-сигнал чироқлари ва аэронавигация ускуналари ўрнатилмоқда. Қурилиши давом этаётган янги терминал бир соатда 2 баробар кўп, яъни 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.
— Янги терминалимиз ишга тушса, бир вақтнинг ўзида 4 та рейсга хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлади, — дейди "Самарқанд халқаро аэропорти" бош муҳандиси Зафар Гапиров. — 2019 йилда бир ҳафтада 49 та рейсга хизмат кўрсатган бўлса, энди бу бир иш кунида амалга оширилади.
Самарқанд эшкак эшиш канали бўйида барпо этилаётган замонавий сайёҳлик марказида амфитеатр, кўнгилочар парклар, “Абадий шаҳар” карвон саройи ва 8 та меҳмонхона қуриляпти. 212 гектарлик бу мажмуа сайёҳлик хабига айлантирилиши режалаштирилган.
Шаҳарнинг Бўстонсарой кўчасидаги йўл қурилиши ҳам жадал олиб борилмоқда. Мазкур кўчанинг 800 метр қисмидаги “снос” қилинган 78 та уй эгаларига 25 миллиард сўм компенсация пуллари, айримларига ўзлари хоҳлаган ҳудуддан уй-жой ажратиб берилган.
— Дастлабки босқичда қурилиш ишлари Бўстонсарой кўчасининг 800 метр қисмида олиб борилиб, Сиёб ариғи тепасидаги пастлик тўлдирилиб, текис йўлга айланади, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуров. — Автомобиллар учун қурилаётган 6 тасмали йўлнинг икки четида пиёдалар ва велойўлаклар бўлади, бетон ариқлар ўрнатилади. Сиёб ариғи устидаги кўприк ҳам кенгайтирилади.
Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишмасидаги туннель қурилишида иккинчи босқич ишлари олиб борилмоқда. Унинг узунлиги 624 метр, баландлиги 5,5 метрни ташкил этади. Пиёдалар учун ер ости йўлаклари қурилади.
—Туннель устига темир-бетон блокларни ўрнатяпмиз, - дейди “Кўприкқурилиштрести” АЖ муҳандиси Азиз Бекмирзаев. – Кўприк остида 4 тасмали автомобиль, 2 тасмали трамвай йўллари қурилади. Барча ичимлик сув, электр энергияси, табиий газ, оқова тармоқлари ҳамда коммуникация тизимлари ўтказиб бўлинди. Пиёдалар учун ер ости йўлаклари қуриляпти. Икки ой ичида кўприкдан транспорт қатнови йўлга қўйилади. 300 нафардан зиёд ишчилар меҳнат қилаётган мазкур объект 2021 йил якунига қадар ишга тушади.
Беш километрдан зиёд бўлган Ибн Сино кўчаси бўйлаб ичимлик сув ва оқова тармоқлари тортиш ишлари якунланди. Йўлнинг икки томонида пиёда ва велойўлаклар қурилиб, кўкаламзорлаштирилди. Афросиёб кўчасидан Ойдин ҳаёт кўчасигача бўлган қисмида эса, бунёдкорлик ишлари давом этяпти. Йўл четида кичик хиёбон бунёд этилади ва унинг ландшафт дизайни бутунлай замонавий тус олади.
Концепцияга кўра, Самарқанд шаҳри ва Янгиобод маҳалласини боғловчи Қорадарё устидан кўприк қурилади. Бугунги кунда 1788 та уй жойлашган 210 гектарлик ҳудудда 9,16 ва 25 қаватгача кўп квартирали уйлар барпо этилади ва 90 минг аҳолига мўлжалланган Ширин шаҳарчаси вужудга келади.
— Самарқанд темир йўл вокзалининг орқа томонидаги 15 минг аҳоли истиқомат қилувчи 6 та маҳалла жойлашган 270 гектар майдонда ҳам 90 минг киши яшовчи янги шаҳарча қурилади, — дейди Самарқанд шаҳар ҳокимининг ўринбосари Рустам Олимов. — Айни пайтда шаҳарча қурилиши мўлжалланган ҳудудда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашиб, уларга огоҳлантирувчи хатлар бериб бораяпмиз. “Снос”лар амалга оширилаётганда бирорта хонадон эгаси норози қилинмайди. Мазкур шаҳарча беш йил ичида қурилиб фойдаланишга топширилади.
Бугун Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудудида барпо этилаётган Туризм марказида ҳам қурилиш ишлари авжида. Сингапурнинг “Enter Engineering PTE Lmd” компанияси томонидан барпо этилаётган “Самарқанд Сити” туризм маркази 212 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уни бунёд этиш учун 353 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Замонавий лойиҳалар асосида 10 та объект, жумладан, 2 минг кишилик Конгресс холл, 8 та меҳмонхона ҳамда “Абадий шаҳар” карвонсарой мажмуаси бунёд этиляпти. 2022 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган марказга шу пайтгача 726 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Мухтасар айтганда, қадим тамаддун, боқий бунёдкор замин бўлган Самарқанд ҳар томонлама янгиланиб, ўзининг номига мос маҳобат ва улуғворлик касб этиб боряпти.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири