Бу борада илм-фан ва илғор технологиялар ютуқларини барча соҳаларга татбиқ этиш, тармоқларни рақамлаштириш, электрон ҳукумат тизимини жорий этиш муҳим вазифадир. Сир эмас, бугунги кунда бу йўналишда дунёнинг қатор давлатлари салмоқли ютуқларга эришмоқда. Буни “ақлли шаҳар”, “келажак шаҳри”, “XXI аср мўъжизаси” деган таърифга сазовор бўлган мамлакатлар мисолида яққол кўриб турибмиз.
Ўзбекистонда ҳам барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида тараққиётга пойдевор бўладиган ана шундай муҳим вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада даставвал “Электрон ҳукумат” тизимини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий асослар шакллантирилди ва узлуксиз такомиллаштириляпти. Қолаверса, кўплаб соҳа ва тармоқларни рақамлаштириш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг бир қатор рейтинглардаги кўрсаткичи тобора яхшиланмоқда.
Бу жабҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, электрон ҳукуматни жорий этиш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам устувор мақсад этиб белгиланган. Хусусан, Тараққиёт стратегияси биринчи йўналишининг 9-мақсади айнан “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш, электрон давлат хизматлари улушини 100 фоизга етказиш ҳамда бюрократияни бартараф этишга йўналтирилган. Айни пайтда бу йўналишда барча соҳа ва тармоқларда изчил ишлар бошланган.
Президентимизнинг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуруламал бўлмоқда. Мазкур қарорда бизнинг марказимизнинг фаолият йўналишлари ҳам аниқ белгилаб берилди.
Рақамли ривожланишнинг устувор йўналишлари
Биринчидан, электрон ҳукуматни ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни таъминлаш. Яъни электрон ҳукумат ахборот тизимлари ўзаро ҳамкорликда ишлаши учун уларни ягона технологик ёндашув асосида жорий қилиш керак.
Бу борада марказимиз ҳар бир ахборот тизими ишлаб чиқилишидан олдин техник ҳужжатларни экспертизадан ўтказиб, ўзаро интеграцияси, бир хил марказий маълумотлардан, ягона идентификация тизимларидан фойдаланиш, улар орқали электрон давлат хизматларини кўрсатишга эътибор қаратмоқда.
Иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотларида рақамли ривожланишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш.
Марказимиз ҳар бир давлат органи ва ташкилотида рақамли ривожланиш даражасини рейтинг асосида баҳолаб боради ва яхши — “яшил”, ўрта — “сариқ”, ёмон — “қизил” рўйхатларга ажратади. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларини “яшил” рўйхатга ўтказиш мақсадида устувор йўналишлар акс этган тавсиялар ишлаб чиқилади.
Солиштириш учун: 2021 йил бошида 21 та давлат органи ва ташкилоти “яшил” рўйхатда бўлган, бугунги кунга келиб улар сони 66 тага етди, яъни 3 баробар ошди. Лекин шу билан бирга, ҳали 29 та давлат органи ва ташкилоти “сариқ” ва “қизил” рўйхатларда турибди.
Учинчидан, электрон ҳукумат соҳасидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш босқичларини мувофиқлаштириш.
Амалга ошириладиган электрон ҳукумат соҳасидаги лойиҳа ва дастурлар ҳар бир давлат органи ва ташкилоти рақамли ривожланишининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб белгиланган. Уларни амалга ошириш босқичлари мунтазам назорат қилиб борилади ва мувофиқлаштирилади. Бу борада “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида 2 мингдан ортиқ лойиҳа доимий назоратимизда.
Шунингдек, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази аҳолига электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириб, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида ҳам муҳим ишларни бажармоқда. Жумладан, my.gov.uz (Ягона интерактив давлат хизматлари портали) ҳамда “Лицензия” ахборот тизими орқали 330 га яқин турдаги хизматни онлайн шаклда кўрсатиш йўлга қўйилган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш кўрсаткичи — 142 фоиз). Йил якунига қадар яна 60 та электрон давлат хизмати жорий қилинади ва барчасининг тўлов жараёни Ягона биллинг тизимига уланади.
Бугунги кунда мазкур порталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 1 миллион 600 мингдан ошган. Уларнинг портал хизматларидан фойдаланиши йил бошидан буён жами 4 миллиондан ортган (ўтган йилга нисбатан 204 фоиз ўсган). Натижада аҳолининг 18 миллиард сўмдан ортиқ маблағи иқтисод қилинишига эришилди. Энди 34 турдаги маълумотнома ва ҳужжатларни электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилгани ҳисобига аҳолининг ойига ўртача 1,3 миллиард сўм (бир йилда 16,8 миллиард сўм) маблағи тежалиши кутилмоқда. Ягона порталнинг мобиль иловасида эса, аҳоли ва юридик шахсларга 111 турдаги электрон давлат хизмати тақдим этилмоқда.
Эътиборли жиҳати: электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларининг маҳаллий бозорини янада ривожлантириш мақсадида барча ҳудудларда IT-парклар ташкил этиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашни кўзда тутувчи лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, айнан “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларини рақамлаштириш бўйича жами 444 та лойиҳа ижроси белгиланган. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳаларнинг 290 таси бажарилди, 154 та лойиҳа бўйича иш давом этяпти.
Ҳудудлар ва 29 та намунавий туманни рақамлаштириш бўйича 2022 йил якунига қадар 1644 та лойиҳани амалга ошириш топширилган бўлса, шу кунга қадар улардан 1416 таси татбиқ этилди ва 228 таси бажарилмоқда.
Давлат хизматлари кўрсатишда янгича тизим афзалликлари
Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда адолат ва шаффофликка эришиш учун барча тармоқларни рақамлаштириш бошланди. Масалан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини жорий этиш ортидан ижтимоий нафақа тайинлашда фуқаролардан 11 турдан ортиқ ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди ва бу турдаги моддий ёрдам пули 1,5 миллиондан зиёд оилага автоматлаштирилган тарзда ажратилди.
“Рақамли божхона” лойиҳаси орқали эса, божхона расмийлаштирувида инсон омилини кескин қисқартиришга эътибор қаратилди. Хусусан, 7 та ҳудуддаги (Қашқадарё, Хоразм, Сирдарё, Тошкент, Бухоро, Фарғона, Жиззах) товарлар расмийлаштируви масофадан ўтказилиб, бюджетга ундирилган тўловлар 52 фоизга ва декларациялар сони 17 фоизга ортди.
Божхона постларида ҳуқуқбузарлик хавфини аниқлаш тизими такомиллаштирилиши натижасида экспорт товарларини автоматик расмийлаштириш 14 баробарга ошди. Импорт товарлари кўригида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш самараси 2,1 баробар, ушлаб қолинган ноқонуний товарлар қиймати 55 фоиз кўпайди. Республика божхона постларига 7 мингдан ортиқ назорат-ўлчов мосламаси ўрнатилиши ҳисобига 2-3 кунгача давом этадиган божхона текширувлари вақтини эндиликда 10-15 дақиқага қисқартиришга эришилди.
Аҳоли ҳаёти фаровонлигини ўйлаб йўлга қўйилган лойиҳалардан бири — рақамлашган “Тез тиббий ёрдам” тизими бўлиб, у ҳам ўзини деярли оқлади. Шифокорларнинг чақирув жойига етиб келишигача бўлган вақт 2 баробар қисқарди. Авваллари мурожаат махсус гуруҳга 30 дақиқада етказилган бўлса, ҳозир 1 дақиқани ташкил этяпти. Маълумотлар қайтадан ёзиб олинмай, тизимга киритилгани тўғридан-тўғри планшетга йўналтириляпти. Натижада ишчи гуруҳ планшет орқали ҳам мурожаатчи ҳақидаги маълумотларни, ҳам харитадаги манзилни кўра олади.
Янада қулай томони тез ёрдам машиналари манзилга илдамроқ етиб бориши учун уларга ўрнатилган GPS технологияси ва датчиклар қайси кўчада тирбандлик бор-йўқлигини аниқлаб, энг маъқул йўлни белгилаб беради. Фаолият автоматлаштирилиши ҳисобига жараёнлар қисқарди, керак бўлмаган босқичлар олиб ташланди. Операторларга, бригада фельдшерлари ҳамда шифокорларга жуда катта қулайликлар яратилди. Энг муҳими, аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга эришилди. Яъни тезкор йўлга чиққан гуруҳ янги технологиялар шарофати билан “Энг қимматли биринчи соат”да беморларга сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўляпти.
Замонавий технологиялар ва электронлаштириш туфайли бугун тез тиббий ёрдамга келтирилган дорилар ҳисоботи, уларнинг тақсимоти, сарфланиши, ҳар бир бригада сумкасида нималар борлиги, тўлиқ таъминланганлик даражаси — ҳамма-ҳаммасини назорат қилиш имконияти яратилди. Бу ўз-ўзидан “103” ходимлари — ҳисобчилар, статистика бўлими, раҳбарият, дорихона, омборхона мутахассислари ҳамда операторларга ҳам жуда катта қулайликлар олиб келди. Ҳозирча Тошкент шаҳрида яхши натижа кўрсатаётган ушбу лойиҳани босқичма-босқич мамлакатимиз бўйлаб жорий этиш кўзда тутилган.
Республикамиздаги умумтаълим мактабларида жорий этилган “Электрон кундалик” тизими ҳар чоракда ўқитувчиларнинг 20 соатгача вақтини тежаяпти. Қоғоз кўринишидаги кундалик ва журналларнинг бекор қилиниши ҳисобига йилига 4,5 миллиард сўмгача бюджет маблағлари иқтисод қилиниши кўзланяпти.
“E-XSUD” тизими орқали судлар фаолиятини рақамлаштириш туфайли соҳа ходимларининг иш вақти 7 баробаргача қисқаришига ҳамда қоғоз иқтисод қилиниши ортидан йилига давлат бюджетига 10,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тежалишига эришилди.
Рақамли технологиялар ишлаб чиқариш суръатларини ошириш ҳам ўз самарасини бермоқда. Масалан, Навоий кон-металлургия комбинатида автоматлашган бошқарув тизими ишга туширилиши натижасида иш унумдорлиги ошиб, қувват сарфини камайтиришга муваффақ бўлинди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолиятида технологик ҳамда хизмат транспорти воситаларига GPS назорат тизими ўрнатилиши ҳисобига ёқилғи-мойлаш материалларини тежаш, харажатларни иқтисод қилиш, иш унумдорлигини оширишга эришиляпти.
Хорижда туриб ҳам электрон рақамли имзо олиш мумкин
Бугун электрон ҳукуматнинг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлган Ягона портал, яъни my.gov.uz орқали давлат хизматларини электрон кўринишда тақдим этиш тизими нафақат фуқароларимизнинг вақти ва маблағини тежашга, балки давлат органлари фаолиятини ҳам тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда. Жумладан, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га ва I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга my.gov.uz хизматларини кўрсатишда давлат божлари учун 50 фоиз чегирма йўлга қўйилди. Бунда фуқаролардан аввалгидек турли қўшимча маълумотнома ва ҳужжатлар талаб этилмайди, порталнинг ўзида мазкур тоифага киритилган шахслар автоматик аниқланади.
Бундан ташқари, Ягона порталда 2021 йил 1 октябрда жорий қилинган “Автотранспорт ойналари тусини қорайтиришга рухсатнома олиш”, халқ тилида “тонировка” хизматидан ўтган давр мобайнида 220 мингдан ортиқ талабгор фойдаланган. Ушбу хизмат тўлиқ автоматлашган бўлиб, аҳолидан ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмайди. Асосийси, тўлов амалга оширилган заҳоти рухсатнома шаклланади. Олдинлари бу рухсатномани олиш учун одамлар Йўл ҳаракати хавсфсизлиги туман бўлимларига бориши, соатлаб навбатда туриши, турли ҳужжатларни тўлдириши керак бўлган.
Ижро бўйича қарздорликни текшириш ва тўлаш хизмати йўлга қўйилиши аҳоли учун яна бир қулайлик бўлди. Эндиликда фуқаро ижро ҳужжатлари бўйича ўзининг қарздорлиги ҳақида электрон тарзда батафсил маълумот олиши ва тўловни тўлаши мумкин. Бу хизмат, айниқса, хорижга кўп қатнайдиганлар учун қулай. Шунингдек, 7 турдаги нафақаларни тайинлаш (ёшга доир, боқувчисини йўқотганлик, ногиронлик нафақаcи ва бошқалар) хизматида ҳам фуқародан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди.
Республикамизнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолини ўйлаб, уларга яқин почта боғламаларида 30 дан ортиқ энг оммабоп хизматлар йўлга қўйилган. Хориждаги фуқароларимиз эса, дипломатик ваколатхоналар томонидан 7 турдаги электрон давлат хизматларини, хусусан, электрон рақамли имзо ҳам олиши мумкин.
Давлат хизматлари фуқаролар билан бирга
Аҳоли дуч келаётган муаммоларни ўрганиш асносида Ягона порталда 2022 йили яна 60 дан ортиқ янги хизматни жорий этиш кўзда тутилган. Булар автомобиль тарихи маълумотини олиш, автотранспортга тақиқ мавжудлигини аниқлаш ва бошқалар. Режага, шунингдек, 50 дан ортиқ электрон хизматларни соддалаштириш, электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талабини бекор қилиш ҳам киритилган.
Истиқболли лойиҳалардан энг муҳими сифатида “Давлат хизматлари фуқаролар учун” тамойилидан “Давлат хизматлари фуқаролар билан бирга” тамойилига ўтиш орқали аҳолига муайян вазиятда керакли хизматдан фойдаланишни таклиф қилишни назарда тутувчи проактив хизматлар кўрсатилишини айтиш мумкин. Булар ижтимоий нафақаларни тайинлаш, ID-карта, хорижга чиқиш паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномаси каби ҳужжатларни олиш, лицензияни алмаштириш кабилардан иборат.
Шунингдек, барча давлат хизматлари учун тўловларни онлайн тўлаш ва кўрсатилган хизматлар натижасида бериладиган ҳужжатларни фойдаланувчиларнинг Ягона порталдаги шахсий кабинетидан бепул тарзда олиш имкониятини яратиш устувор вазифаларимиздан биридир. Яна оммабоп электрон хизматларни мобиль алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимларининг мобиль иловаларида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади.
Маҳалладан туриб давлат органларига мурожаат қилиш тизими яратилади
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2022-2023 йилларда электрон ҳукуматни янада ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви органларида умумий миқдори 199 миллиард сўм қийматга эга жами 127 та, хўжалик бирлашмаларида умумий миқдори 3 миллиард 321 миллион сўм қийматга эга жами 119 та, ҳудудларда эса 404 та лойиҳани амалга оширишни кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қарор лойиҳасида маҳаллалар фаолиятини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ҳамда уларнинг раҳбарлари билан мулоқотда бўлиш тизими яратилади ва фаолиятга доир ҳисоботлар тўлиқ рақамлаштирилади. Давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллаларда кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.
Маҳалла орқали расмийлаштириладиган ва олинадиган барча турдаги ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамни тайинлаш бўйича ҳужжатларни онлайн (электрон) тарзда тақдим этиш тизими жорий этилади.
Умуман олганда, рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли ҳаётини енгиллаштириш, узоғини яқин қилиш, ортиқча харажатлардан, оворагарчиликлардан, бюрократиядан холи қилиш, коррупциянинг олдини олиш ва давлатга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, жамиятимизнинг турли соҳаларида, жумладан, темир йўл, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини рақамлаштиришга оид ишлар кўлами кенгаяди.
Бу чора-тадбирлар янги Ўзбекистонни эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли давлатга айлантириш, мамлакатимизни дунёнинг ривожланган, иқтисодиёти барқарор ўсаётган, инсон капитали юқори бўлган рақобатбардош демократик давлатлар қаторига олиб чиқишда муҳим қадам бўлади.
Азиз Муҳиддинов,
Электрон ҳукумат лойиҳаларини
бошқариш маркази директори