Яъни, ўзаро рақобатга асосланган бозор муносабатларида кучли иқтисодиётга эга давлатлар устун мавқега эга бўлади. Бундай шароитда ривожланаётган давлатлар иқтисодиётини ислоҳ қилиб, аввало, инвестицион жозибардорлигини ошириш талаб этилади. Зеро, хориж капитали иқтисодиётга “янги қон” ўлароқ, янгидан янги йирик ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга замин яратади.
Инвестиция жозибадорлиги эса, ўз навбатида, мамлакатда мавжуд ишбилармонлик муҳити, зарур инфратузилма яратилгани, транспорт-логистика тизими, банк-молия соҳасининг замон талабларига мос ривожланганлик даражаси каби комплекс масалаларни қамраб олади.
Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан мақсадлар белгиланар экан, мазкур йўналишлар, шу жумладан, банк-молия соҳасини ислоҳ қилиб, халқаро рақобатга мос ривожлантириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Аслини олганда, банк, молия, инвестиция каби иқтисодий атамалар муомалага кириб келганига тарихан кўп бўлмаган бўлса-да, негизи тадбиркорлик, ишбилармонлик, савдо-сотиққа бориб тақаладиган бу йўналиш халқимизга бегона эмас. Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинида жойлашгани учун бу заминда қадимдан савдо-сотиқ тараққий этган. Хитой ва Марказий Осиё шаҳарларини Ўртаер денгизи мамлакатлари билан боғловчи ушбу карвон йўли ота-боболаримизнинг тадбиркорлик фаолияти ривожида муҳим роль ўйнаган. Афсуски, дунё цивилизацияларига бешик бўлган бу замин тараққиёти турли истилолар, мустамлакачилик туфайли маълум муддат таназзулга ҳам юз тутган.
Истиқлол шарофати билан Ўзбекистон яна ўз қаддини тута бошлади. Айниқса, сўнгги йилларда “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишнинг янги даври бошланди. Бу борада миллий иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва унинг жаҳон иқтисодиётига интеграцияси учун барча зарур шароитлар яратилди. Жумладан, валюта бозори эркинлаштирилди, хусусий инвесторларга энергетика, геология-қидирув, кимё ва нефть кимёси, тиббиёт ва таълим каби соҳаларда фаолият юритиш имкониятлари кенгайтирилди.
Иқтисодиёт драйвери – хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди ва улар асосида соҳада икки юздан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилинди. Солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага қисқарди, айрим солиқ ставкалари 2 баробар камайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Бизнес-омбудсман институти жорий этилди.
Эътиборли жиҳати, ушбу йўналишдаги янгиланишлар тизимли давом эттирилмоқда. Масалан, шу йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар натижасида сўнгги 5 йилда иқтисодиётимизга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баробар ошиб, қарийб 40 миллиард долларга етди.
Сунъий тўсиқлар олиб ташланди
Ҳар бир давлат ўзининг пул ва унинг негизида миллий валюта тизимига эга. Алмашинув курсини белгилаш, валюта бозори ва унинг инструментлари, халқаро тўлов тизимларининг мавжудлиги миллий валюта тизимининг элементлари ҳисобланади. Қайсики давлатда ушбу элементлар тараққий этган бўлса, ўша жойда халқаро иқтисодий алоқалар, пировардида эса, иқтисодиёт ривожланади, аҳоли фаровонлиги ошади.
Яқин-яқин вақтга қадар валюта операцияларидаги чекловлар, расмий ва параллел бозор курсларининг амал қилиши, нақд пул билан электрон пул ўртасидаги фарқланиш, қолаверса, яқин қўшнилар билан салбий алоқалар, халқаро логистика муаммолари каби кўплаб сунъий тўсиқлар иқтисодиётимиз ривожига тўғаноқ бўлаётган эди. Мана шу омиллар туфайли халқаро экспертлар Ўзбекистон иқтисодиётини ҳатто ёпиққа яқин иқтисодиёт сифатида таснифлашарди.
2017 йилдан мамлакатимизда туб янгиланиш жараёни бошланди. Натижада юқорида қайд этилган салбий вазиятларга барҳам берилди. Шу ўринда табиий савол туғилади: пул-кредит соҳасида амалга оширилган муҳим ислоҳотлар қайсилар ва улар қандай натижа берди?
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2017 йилда Ўзбекистон Марказий банки алмашинув курсларини унификация қилди ва валюта бозорини эркинлаштирди. Бу ўзбек сўмининг ягона курси шаклланишига олиб келиб, корхоналарнинг халқаро миқёсдаги фаолиятини осонлаштирди.
2018 йилда Марказий банк бошқаруви Молиявий оммабоплик алянсига (Alliance for Financial Inclusion) аъзо бўлиш тўғрисида қарор қабул қилди ва қатор ислоҳотларни амалга оширди. Натижада банк хизматларини масофадан кўрсатувчи тизимдан фойдаланувчилар сони 15 маротаба, кредит қўйилмалари 7,4 маротаба, банк активлари 6,6 маротаба, жалб қилинган депозитлар ҳажми 5,8 маротаба ошди.
Банк сектори эркинлаштирилди, соғлом рақобат муҳити шакллантирилди ва 2025 йилгача олтита давлат банкини хусусийлаштириш вазифаси қўйилди. “Ипотека-банк”даги давлат улушининг 75 фоизи Венгриянинг ОТП банкига сотилди. Мазкур тизимда рақамлаштириш кенг миқёсда амалга оширилди. Банкларнинг мобил иловалари сони 20 дан ошди.
Валюта биржаси
Иқтисодиёт ривожланишида молия бозорининг ўрни беқиёс. Ушбу бозорнинг асосий бўғини, бу – тижорат банклари. Улар томонидан ишлаб чиқаришнинг катта қисми кредитлар ёрдамида молиявий ресурс билан таъминланади. Тижорат банклари ички бозорга ихтисослашган тадбиркорлар ишлаб чиқаришини кредитлаш билан бир вақтда, ташқи иқтисодиётга мўлжалланган тадбиркорларга валюта ресурсларини етказиб беради. Шундай экан, тижорат банкларининг валюта қимматликлари билан боғлиқ операциялари ҳам иқтисодиёт ривожи, ҳам тижорат банклари даромадлари учун муҳим операциялардан биридир.
Тижорат банклари валюта операцияларини икки хил бозор – валюта биржасида ва ундан ташқарида амалга оширади. Банклар ва иқтисодиёт учун валюта биржасидаги операциялар катта қисмни ташкил этади ҳамда валюта курсини белгилашда муҳим ўрин тутади.
(Валюта биржасида тижорат банклари томонидан билдирилган талаб ва таклиф, миллиард АҚШ долларида)
2016 йилдан кейинги даврда тижорат банкларининг валюта биржасидаги фаолияти анча жонланди. Хусусан, тижорат банклари томонидан валюта биржасида сотган валюталарига қараганда сотиб олган валюталари ҳажми кўпроқни ташкил қилди.
— Бунга сабаб сифатида, биринчидан, 2017 йил сентябрь ойидан валюта курсининг либераллаштирилгани, иккинчидан эса, валюта биржасидаги сунъий чекловларнинг олиб ташланганини келтириш мумкин, — дейди Банк-молия академиясининг рақамли банк иши кафедраси мудири Акром Абдусаломов. — Ушбу чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда тижорат банклари томонидан 3 миллиард 369,20 миллион доллар сотилган бўлса, 6 миллиард 217 миллион доллар сотиб олинган. Биржадаги ортиқча талаб 2 миллиард 847,80 миллион долларни ташкил этган. Умуман олганда, валюта биржасида тижорат банкларининг талаби йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилга қадар тижорат банклари валюта биржасида экспортёрларнинг валюталарини сотган ҳамда импортёрлар учун валюта сотиб олиб берган бўлса, 2021 йил февралидан уларга ўз эҳтиёжлари ёки спекулятив операциялар учун ҳам чет эл валютасини сотиш ва сотиб олишга рухсат берилган. Бунинг натижаси ўлароқ, 2021 йилда валюта биржасидаги чет эл валютасига бўлган ортиқча талаб рекорд даражага кўтарилди.
Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилда тижорат банклари томонидан валюта биржасида умумий 3 миллиард 48 миллион доллар сотилган бўлса, ўша даврда банклар томонидан 9 миллиард 773,50 миллион доллар сотиб олинган ва чет эт валютасига бўлган ортиқча талаб 6 миллиард 725,49 миллион долларни ташкил қилган.
(Хўжалик юритувчи субъектларнинг ички валюта бозоридаги валюта операциялари ҳажми)
Тижорат банкларининг валюта биржасида ва биржадан ташқари валюта бозорларидаги чет эл валютаси билан операцияларининг катта қисми хўжалик юритувчи субъеклар иштирокида амалга оширилади. Яъни, банклар хўжалик юритувчи субъектлар номидан валюта биржасида валютани сотиб олади ёки сотади, шунингдек, валюта биржасидан ташқари валюта бозорида банклар тўғридан-тўғри хўжалик юритувчи субъеклардан чет эл валютасини сотиб олади ёки уларга валюта сотади.
2019 йилда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жами 5 миллиард 865 миллион доллар сотилган, ўз навбатида, 13 миллиард 724 миллион доллар сотиб олинган. Бундан кўриш мумкинки, 2019 йилда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб таклифга қараганда 2,5 баробардан зиёдни ташкил этган. Бу ҳолат 2021 йилда ҳам ўзгармагани ҳолда, талаб таклифга нисбатан 2 баробар кўп бўлган.
2022 йилда банкларнинг аҳолидан валюта хариди ва аҳолига валюта сотуви ўртасидаги ижобий тафовут 2,9 миллиард долларга тенг бўлди. Бунда, аҳолининг валюта сотуви 11,9 миллиард долларни, аҳолининг валюта хариди эса 8,9 миллиард долларни ташкил қилди.
Мамлакатимизга валюта маблағлари кириши 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 32 фоизга ортган бўлса, валюта чиқими – 22 фоизга ўсди ва ушбу вазият алмашув курсининг барқарор бўлишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
Чет эл валютасига талабнинг таркиби нималардан иборат?
Албатта, ривожланаётган давлатларда чет эл валютасига бўлган талаб таклифдан юқори бўлади. Аммо ушбу талаб қайси соҳадан вужудга келаётгани муҳимдир. Негаки, айнан ривожланаётган давлатларда янги ва замонавий технологияларга талаб катта бўлгани ҳолда, шунга мос равишда чет эл валютасига талаб ҳам юқори бўлади.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш фаолияти учун харид қилинган асбоб-ускуналар, товар ва хизматлар чет эл валютасига бўлган талаблар таркибида энг юқори ўринни ташкил этади.
— Бу жуда ҳам ижобий ҳолат, — дейди Банк-молия академияси докторанти Ҳусниддин Акбаров. — Бинобарин, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ёки мавжудларини технологик янгилаш жараёни ҳам аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодиёт барқарорлигига эришишда муҳим омил саналади. Аммо йиллар давомида асбоб-ускуналар, товар ва хизматлар салмоғи пасайиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилда умумий чет эл валютасига бўлган талаблар таркибида ишлаб чиқариш учун харид қилинган асбоб-ускуналар ҳамда товар ва хизматлар салмоғи 72 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 60,2 фоизни, 2021 йилда эса 56,6 фоизни ташкил этган.
Кейинги ўринни хорижий валютадаги кредитларни сўндириш эгалламоқда. Шу ўринда қайд этиш лозимки, бу кўрсаткичнинг ошиб бораётгани, бир томондан зарурат бўлса, бошқа томондан, бироз салбий ҳолатдир. Хусусан, 2019 йилда хорижий валютадаги кредитларни сўндириш учун сотиб олинган чет эл валютасига талаб умумий талаб таркибида 9 фоизни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 20,1 фоиз бўлган. Бунга сабаб эса, биринчидан, ушбу кредитлар қисқа муддатга, яъни 4–5 йилга олингани бўлса, иккинчидан, ушбу кредитлар фоизи юқори, яъни 5–6 фоиз атрофида экани ҳамда учинчидан, йилдан йилга кредит фоизининг кескин ошиб бораётганлигидир.
Рақобат сезиларли даражада кучайди
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари ўтказган тадқиқотга кўра, 2018–2023 йилларда Ўзбекистон банк тизимида рақобат сезиларли даражада кучайган.
Жумладан, 2023 йил 1 май ҳолатига кўра, активлар бўйича ҳисобланган HHI (Херфиндал-Хиршман) индекси 927 ни ташкил қилди ва 2018 йил 1 январь ҳолатидагига (1520) нисбатан 593 бирликка камайди. Бу эса, ўз навбатида, республикамизда банк тизими ўртача концентрациялашган даражадан рақобатбардош бозор тамойилларига ўтгани, банклар ўртасидаги рақобатнинг сезиларли даражада ошганидан далолат беради.
Кредитлар йўналишида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Хусусан, иқтисодиётимизда тижорат банклари томонидан ажратилган кредит қўйилмалари ҳажми сўнгги 5 йил мобайнида қарийб 3,3 баробар ошиб, 127,2 триллион сўмдан 413,4 триллион сўмгача ошган. Шундан жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми 7,5 баробар кўпайган.
Шу билан бирга, миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган номинал фоиз ставкаси 2018 йилнинг мос давридаги 20 фоиздан 2023 йилда 22,5 фоизгача кўтарилган.
Депозитлар бўйича HHI индекси мос даврда 893,7 дан 703 бирликкача пасайган. CR (Концентрация нисбати) индекси таҳлилига кўра эса, 2018 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, энг йирик банклар бешталиги банк тизимидаги жами депозитларнинг 51,8 фоизига эгалик қилган бўлса, 2023 йил 1 майга келиб уларнинг улуши 40,5 фоизгача қисқарди. Хусусий банклар томонидан жалб қилинган депозитлар улуши эса 32 фоиздан 40 фоизгача кўпайди.
Умуман олганда, мамлакатимиз банк тизимидаги айни ҳолатни бундан 7–8 йил олдингиси билан умуман таққослаб бўлмайди. Зеро, бугун тизимдаги бу ўзгаришлар, мижозлар, яъни сизу бизга яратиб берилган ва берилаётган қулайликлардан барчамиз фойдаланяпмиз. Пластик картадаги маблағни нақд пулга айлантириш учун аввалгидек “ким, қаерда кам фоиз ҳақ оларкан”, деб тентирамаяпмиз. Жойимизда ўтирган ҳолда мобил иловалар орқали кредит оляпмиз, қарз ва фоизини сўндиряпмиз. Хориж валютаси олиш учун “қора бозор” қидиришга ёки тижорат банкларида ойлаб навбат кутишга ҳожат қолмади. Очиғи, бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Асосийси эса, давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнини якунлаб, банк активларида хусусий сектор улушини ошириш, инфляцияни жиловлаш, банклар фаолиятини рақамлаштириш каби йўналишларда ислоҳотлар тизимли давом эттирилмоқда.
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири