Эрон расмийлари Форс кўрфази орқали Қатар билан алоқани таъминловчи дунёдаги энг узун туннел қуриш ғоясини илгари сурди, дея хабар бермоқда ИРНА агентлиги.
Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг Қатарга ташрифи арафасида Эрон йўллар ва шаҳарсозлик вазири Рустам Ғасемий томонлар транзит, денгиз ва ҳаво транспорти соҳасида тўртта келишув имзолашини маълум қилди. Муҳокама қилинадиган масалалар қаторида Эроннинг Дейяр порт шаҳридан Қатар давлатига туннел қуриш ғояси ҳам бор. Сув ости туннели Эроннинг Дейяр портини Қатар билан боғлаб, темир ва автомобиль йўллар инфратузилмасини ўз ичига олади.
Эрон томони биринчи навбатда техник-иқтисодий асослаш амалга оширилишини маълум қилган. Қатар ярим оролининг шимолий нуқтасидан Эрон қирғоқларигача бўлган энг қисқа масофа Дейяр порти яқинидан тахминан 190 километрни ташкил қилади. Бу Франция ва Буюк Британияни боғлайдиган энг узун сув ости Ла-Манш туннелидан беш баробар узунроқ бўлади.
Лойиҳа Қатар-Эрон қўшма қўмитаси лойиҳа бўйича ўрганиш ва музокараларни якунлагандан кейингина ишга туширилиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий расмий ташриф билан Қатарга келган. Бугун эса Эрон раҳбари Доҳада бўлиб ўтаётган Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форумида иштирок этди.