Кўргазма доирасида Эрон Ислом Республикаси Нефть вазирлиги таркибига кирувчи бир қатор ташкилот, корхоналар билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Хусусан, Эрон миллий нефть компанияси (National Iranian Oil company, NIOC) ҳамда Миллий нефть-кимё компаниясида (National Petrochemichal Company, NPC) нефть ва газни қайта ишлаш лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, NIOC компанияси кунига ўртача 4 миллион баррель нефть ва 500 миллион куб/метр газни қазиб чиқариш имкониятига эга.

Учрашувлар давомида «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари томонидан бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида нефть ва газ саноатида амалга оширилаётган трансформация жараёнлари, инвестиция лойиҳалари, корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятлари, барпо этилаётган технологик кимёвий кластерлар ҳақида ахборот берилди.

Шунингдек, учрашув доирасида Эрон компанияларининг фаолиятига бағишланган ҳамда қайта ишлаш саноати, нефть-газ кимёси соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Ўз навбатида, эронликларга «Ўзбекнефтгаз» АЖ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари, импорт маҳсулотлар номенклатураси, тури, техник талаблари, харид тартиб-қоидалари бўйича атрофлича маълумотлар берилди.

Компаниялар вакиллари билан заводлар даражасида ҳамкорликда ишлаш бўйича мутахассисларни белгилаб олиш, ўзаро имкониятларни ўрганиб чиқиш бўйича таклифлар олишга келишилди.

Учрашувда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳамкорликда полимер маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, қувурлар ва плёнкалар учун композит полимерлар ишлаб чиқариш имконияти, шунингдек полимерларнинг янги маркаларини ўзлаштириш масалалари кўриб чиқилди, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.