Ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун эрта оила қурган шахслар, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим ва диний муассаса ходимлари жавобгарликка тортилмоқда. Оила кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига никоҳ ёши тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳга киришиш, уни эрга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилди. Бу ўзгаришлар ҳам шу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Бизга маълумки, соғлом оилани шакллантиришнинг асосий шартларидан бири аёлнинг биологик ва маънавий етук ёшда турмуш қуришидир. Уларнинг оилавий ҳаётга руҳий, жисмоний, тиббий, маънавий жиҳатдан тайёр эмаслиги бир қатор салбий оқибатларга сабаб бўлади. Чунончи, фарзандни тарбиялаш, турмуш ўртоғи ва оила аъзолари билан муносабатларни ўрнатиш, рўзғор ишларини юритишда қийинчиликларга дуч келади. Психологик етуклик шахснинг турли ҳаётий вазиятларни тўғри баҳолай олишидир. Унда ҳамдардлик, ҳамфикрлик, ғам-ташвишга шериклик, сабр-тоқатлилик каби хусусиятлар мужассам. Психологик етуклик шахс хулқининг турли шароитларга мослашувчанлигида намоён бўлади.
Боланинг соғлом бўлишини белгиловчи омилларда ҳам ота-она, айниқса, онанинг ёши асосий ўрин эгаллайди. Ёш турмуш қуриш ва эрта она бўлиш аёлнинг жуда кўп имкониятларини чеклаши билан бирга, саломатлигига ҳам жиддий хавф солиши мумкин. Шунингдек, ёш келинчакнинг бир муҳитдан иккинчи муҳитга кўникиши ўта мураккаб жараёндир. Эрта турмуш қурган ёшларнинг оиласида туғилган болалар билан ҳар томонлама балоғатга етиб, ҳаётда ўз ўрнини топгандан сўнг никоҳ риштасини боғлаган йигит-қизларнинг оиласида дунёга келган фарзандларнинг саломатлиги, интеллектуал даражаси ва бошқа кўрсаткичларида тафовут бўлади. Юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад ҳам соғлом ва мустаҳкам оила барпо этишдир. Бу борада президентнинг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланиши муҳим аҳамиятга эга. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 28.08.2019 йилдаги қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартириш киритилиб, унга кўра никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланди. Бу албатта мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларни олдини олишга хизмат қилади. Зеро, ватан оиладан бошланади. Оила мустаҳкам экан, ватанимиз гуллаб-яшнайверади. Фарзандларимиз соғлом ва баркамол экан, келажагимиз порлоқ бўлади.
О.Жиянов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Риштон туманлараро судининг судьяси
И.Иброҳимов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Риштон туманлараро судининг судья ёрдамчиси