Содда қилиб айтганда, билимли бўлиш, илм олиш ва тафаккур қонимизда бор. Нафақат давлатчилигимиз тарихи, балки дунё иқтисодиёти ва тамаддунига ҳам илм-фан, таълим ва савдо-сотиқ алоқалари билан муносиб ҳисса қўшган мамлакатлар тарихини ўргансак ҳам, улар таълимни ислоҳ қилиш орқали юксак тараққиётга эришганининг гувоҳи бўламиз.
Ҳозирги замондан мисол келтирсак, Япония, Сингапур, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг қудратли бўлишида таълим-тарбия, илм-фанга эътибор катта ўрин тутган. Ўз вақтида Япония таълим ривожида аёлларни оммавий саводхон қилиш сиёсати юритилгани, ҳеч бўлмаса, қизлар ўрта махсус, касб-ҳунарга ўқитилгани сир эмас. Негаки, бугун давлат томонидан беминнат таълим ва касб-ҳунарга ўқитилган қизлар эртага оила қуриб, билим ва кўникмаларини фарзандлар тарбиясига, уй хўжалигини намунали юритишга йўналтиради. Бундай аёллар давлатнинг ижтимоий тараққиётида муҳим таянч вазифасини бажаради.
Ёруғ келажагимиздан мужда
Бу йилги қабул ва тест синовлари ўзгача руҳда ташкил қилинди. Хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бу жараён муваффақиятли ўтди. Тест синовлари шаффоф ўтиши учун имтиҳон олинадиган бинолар камералар, абитуриентлар иссиқдан қийналмаслиги учун катта ўлчамдаги совиткичлар билан жиҳозланди. Ота-оналар учун алоҳида кутиш жойлари ташкил этилди.
Имтиҳонлар жараёнида абитуриентларни нафақат ота-оналари, балки болалар ҳам кутиб ўтириши кузатилгани боис улар учун ҳам мўъжаз ўйингоҳлар ташкил этилиб,. уларга ўйинчоқлар, китоблар қўйилди. Тест жараёнини сифатли ташкил этишда фаоллик кўрсатаётган кўнгиллилар болаларни зериктирмасликка ҳаракат қилди.
Давлат ғамхўрлигида хотин-қизларни олий маълумотли қилишга қаратилган эътибор келажакка қаратилган эътибор, дейиш мумкин. Оналари илму маърифатли юрт ҳеч қачон таназзулга юз тутмайди. Бундай мамлакатни келажакда илмли кадрлар бошқаради. Машҳур олимлар, ижодкорлар болаликдан эртаклар, асарлар ўқиб катта бўлгани, ўқиш ва уқиш орқали мувафаққиятларга эришгани ҳақида кўп эшитганмиз. Илмли инсонлар ҳаётида оналарнинг роли катта бўлган.
Шу маънода, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар жаҳонга андоза бўлгулик. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилиши белгилангани яқин тарихимизда кузатилмаган ҳодиса.
Хусусан, 2022/2023 ўқув йилидан Президентимиз қарорига асосан барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун имтиёзли шартларда таълим кредити ажратилди. Ижтимоий эҳтиёжманд оилалар вакиллари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум талаба хотин-қизларнинг таълим контракти тўлаб берилиши жорий қилинди.
Ҳозир “Аёллар дафтари”га 630 мингдан зиёд хотин-қиз киритилган бўлиб, уларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун катта ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Шу нуқтаи назардан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилди. Унинг доирасида 2021/2022 ўқув йилида таълим контрактини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилинди. 2022/2023 ўқув йилидан магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пули тўлиқ бюджетдан қоплаб берилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланди.
Жамиятимизда олим аёллар улушини сезиларли ошириш учун докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилди. Мономарказлар ва олийгоҳлар қошида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш, аёлларни талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитиш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда.
2022–2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилиниши белгиланди. Унинг ижросига жами 8 триллион сўм йўналтирилади. Аёллар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилади, имтиёзли кредитлар берилди.
Рақамлаштириш самараси
Глобаллашув шароитида ахборот технологиялари соҳасини ҳаётимизга жорий қилмай туриб тараққиётга эришиш қийин. Шу боис, ҳукумат томонидан рақамли университет лойиҳаси олий таълимга татбиқ қилиниб, “Рақамли Тошкент” комплекс дастури тизими вазирлик ва идоралар билан интеграциялаштирилди. Натижада ёшларни иш билан таъминлаш, кадрларга талаб ва таклифлар институционал таҳлил қилиниши йўлга қўйилди.
Профессор-ўқитувчиларнинг “Scopus”, “ScienceDirect”, “Web of Science” сингари халқаро илмий-техник маълумотлар базасида идентификация қилинадиган журналларда чоп этган мақолалар кўрсаткичи кўтарилди. Ушбу илмий журналларда мақоласи чиққан профессор-ўқитувчиларни 100 фоиз рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Халқаро “Elsevier” компанияси билан ҳамкорликда олий таълим муассасалари билан истиқболли конференциялар ўтказила бошлади.
2030 йилгача 10 та ОТМнинг халқаро Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities рейтингига кириши, аввал илғор мингталикдан, сўнгра 500 таликдан босқичли ўрин олиши белгилаб берилгани зиммамизга юксак масъулият юклайди.
Пастдан юқорига қараб ривожланиш тамойили асосида умумий ўрта таълим битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш 50 фоиздан ошиши қатъий белгилаб берилди. Олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти кенгроқ ташкил этилиб, самарали рақобат муҳити яратилди.
Шу билан бирга, ОТМларга академик мустақиллик берилгани, Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айлантириш саъй-ҳаракатлари бошлангани олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мустаҳкам ҳуқуқий асос
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, ўқитишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди. Таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан ҳамкорликда қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Профессор-ўқитувчилар, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.
Қонун олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, креатив фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришни тартибга солувчи дастуруламал бўлди.
Чунки мамлакатимизда таълимга устувор аҳамият бериш, уни давлат ривожининг аосий омили деб билиш, такомиллаштириш учун давлат бюджетининг сезиларли қисми йўналтирилди.
Буни таълим томирига урилган болта – пахта терими мажбурияти узил-кесил олиб ташлангани, ўқитувчиларнинг қадри оширилгани, 1 сентябрдан талабалар пахта далаларига эмас, балки ўқув бинолари томон ошиқадиган шароит яратилганида кўриш мумкин. Бу таълим ислоҳотларидаги буюк эврилиш бўлди.
Қамровни ошириш мактабдан бошланади
Илгари таълим олиш қайсидир маънода чекланган, яъни қабул квоталари анча кам эди. Ёшларнинг қанчалик олий маълумотли бўлгиси келмасин, борингки, билим, иқтисодий имкониятга эга бўлмасин, арзимаган 4–5 балл учун имтиҳондан “йиқилиб қолар”, яна бир йили куяр эди. Ўқишга коррупцион ҳаракат, бункерлар, нохолислик ва шаффоф бўлмаган омиллар катта таъсир кўрсатар эди.
Натижада кичик балл учун имтиҳондан ўтолмаган йигит-қиз илм олишга ташна бўлса-да, ҳафсаласи пир бўлиб, ўқишдан кўнгли совиб қолиши ҳам ҳеч гапмас эди. Ҳатто кейинги йили ўша баллни ҳам тўплай олмаган ёки иккинчи йил ҳам ўқишдан қолиб кетган ёшлар сони минглаб эди. Бундай оғир кунларни эсдан чиқармаслигимиз лозим.
Энди масаланинг иқтисодий томонига эътибор қаратсак: ўқиш имконияти бор минглаб ёшларимиз таълим олиш учун ота-онасини хавотирда қолдириб, хорижий юртларга, қўшни давлатларга борарди. Боз устига дипломи тўғри келмаса, нострификация қилиш билан овора бўларди. Ўқишга кириш учун йигит-қизларнинг умри, ота-оналарнинг вақти, пули ҳавога соврилганини айтмайсизми!
Ўтган йилларда таълимда газак олиб кетган бу муаммолар ечимини топди. Кадрлар тайёрлаш тизимига қаратилаётган эътибор ва халқаро ҳамкорлик самарасини, соҳага инновациялар татбиқ этилаётганини кўриб қувонади одам. Яратилаётган қулай имкониятларга бевосита гувоҳ бўлиб, унинг бир ижрочиси сифатида “мана бўларкан-ку, ҳамма ишнинг чораси бор экан-ку”, деб юборамиз беихтиёр.
Кейинги йилларда имтиҳондан ўтолмаган ёшлар учун табақалаштирилган контракт асосида ўқишга кириш имконияти яратилди. Хориждан ўқишни кўчириб келишга доир имтиёзлар кенгайтирилди. Қолаверса, абитуриент бир вақтнинг ўзида 5 та давлат олий таълим муассасасига, исталган қўшма таълим ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро университетларнинг юртимиздаги филиалларига имтиҳон топшириб талаба бўлиши мумкин. Шунча пайт четга чиқиб кетган пул оқими энди ўзимизнинг олий таълим муассасаларимизга тўланмоқда. Натижада таълимни ривожлантириш учун бюджетимиз анча бойиди.
Қамров борасида ўтган давр билан бугунги тавофутни сарҳисоб қилсак. 2016 йили ўтказилган хатлов маълумотларига кўра, юртимизда 25 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг ҳар 1000 нафаридан 163 нафари олий маълумотли экани аниқланган. 2023 йилда бу кўрсаткич тахминан бир баробар кўпайган. Чунки, 2015/2016 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишларига 57 минг 907 нафар абитуриент қабул қилинган бўлса, 2023/2024 ўқув йили учун ОТМларга бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича жами қабул квотаси 127 минг 259 та ўрин деб тасдиқланди.
Бундан ташқари, олий таълимни ортиқча қоғозбозликлардан қутқариш мақсадида 26 та таълим соҳаси бўйича давлат таълим стандартларидан воз кечилди. Халқаро стандартлар асосида иккита таълим стандарти амалиётда қолдирилди. Аҳамиятлиси, ушбу стандартлар ЮНЕСКО тизимида жорий қилинган “Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси” асосида қайта ишлаб чиқилиб, фаолиятимизга кенг татбиқ этилди.
Натижада олий таълимнинг меъёрий-услубий тизими халқаро стандартларга мувофиқ жорий этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар олий таълим тизимимиз юқори талаблар асосида халқаро таълим тизимига тўлиқ интеграция қилинганини англатади. Халқаро академик ва илмий мобиллик ҳуқуқий мақомига эга бўлганимизни кўрсатади. Бу мисоллар юртимизда таълим соҳасига катта эътибор берилиб, мисли кўрилмаган тарихий ислоҳотлар амалга оширилганидан далолат беради.
Ўтган даврда олий таълим муассасалари 78 та эди. Бугун улар сони 200 дан ошди. Давлат дастурлари асосида қўшма таълим очилди. Дунёнинг нуфузли университетлари билан талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинув дастурлари самарали йўлга қўйилди.
Чунки, умумий ўрта таълим битирувчиларининг олий таълимга қамровини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинди. Бунинг учун олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ишлари давом этмоқда. Яқин келажакда ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида олий таълим билан қамров даражаси 50 фоиздан ошиб, соҳада янада соғлом рақобат муҳити яратилади.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
техника фанлари доктори, профессор