Ғуломжон Назаров айни қирчиллама - 27 ёшда. Афсуски, у айнан ақли тўлишаётган вақтида ҳалол меҳнати билан ризқ-рўзини топиш ўрнига, йигит кишига мутлақо ярашмайдиган ишни қилиб, суд залида бошини кўтаролмай ўтирибди.

Унинг судда айтишича, тадбиркорликка қўл уриб, кичик дўкондорга айланган. Кимларнидир гапига учибми ё жуда тез бойиб кетиш мақсадидами, қонун билан тақиқланган савдо билан шуғулланишга одатланди. У терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган Абдурашид исмли шахсдан 16,1 грамм кўп миқдордаги “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаларини харид қилиб, келгусида уларни сотиб, фойда кўриш мақсадида пинхона жойда сақлаб келган.

Қўқон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Ғ.Назаров юқорида қайд этилган заҳри қотилнинг яъни, 10 дона капсуладаги 4,97 грамм қисмини махсус харидорга 250.000 сўм эвазига сотаётган вақтида қўлга олинган. Унинг ёнидан тадбирда фойдаланиш учун берилган 250.000 сўм пуллар ва махсус харидордан “Кент” ёзувли сигерета қутиси ичига солинган 10 дона “прегабалин” кучли таъсир қилувчи дори воситалари холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олиниб, ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилар томонидан Ғ.Назаровга тегишли бўлган озиқ-овқат савдо дўкони кўздан кечирилганда, ёстиқ ичидан келгусида ўтказиш мақсадида сақлаб келинаётган 1 дона конвалютада 14 дона капсуладаги “Илко Регапен” номли ва “Кент” ёзувли сигарета қутиси ичига солинган 14 дона капсуладаги “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддалар борлиги аниқланган.

Суд давомида айбланувчи ўз айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймон эканлиги, келгусида бундай ножўя ишлар билан шуғулланмаслиги хусусида кўрсатма берди. Начора, пушаймонлик жиноятчини жазодан озод қилишга асос бўлолмайди. Ғ.Назаровга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари қўлланиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш бўйича суд ҳукми ўқилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, жамиятимизда Ғ.Назаров каби ноқонуний савдо билан шуғулланувчи, хусусан, наркотик ва бошқа турдаги тақиқланган дори воситалари билан савдо қилувчи инсонлар учраб туради. Бундайларга халқимизнинг доно ўгитини эслатиб қўймоқчи эдик: “Эсинг борида, этагингни ёп”. Йўқса, кейин кеч бўлади.

Ҳуршид ҚОСИМОВ,

Жиноят ишлар бўйича Қўқон шаҳар судининг раиси