Альянс йиғилишида Россия Федерацияси, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Беларусь, Сербия, Монголия ва Арманистон омбудсманлари, миллий инсон ҳуқуқлари институтлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва давлат ҳокимияти органлари, инсон ҳуқуқлари ҳамжамиятлари вакиллари қатнашди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова маъруза билан иштирок этди. У жорий йилдан эътиборан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси юртимиз бўйлаб маҳаллаларда амалга оширилаётганига урғу берди.
Мурожаатлар Омбудсман институти томонидан ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга зарурат бўлган соҳалар танлаб олинган. Бу лойиҳани амалга оширишдан мақсад – аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар юзасидан хабардорлигини оширишдан иборат, – деди Ф.Эшматова.
Евроосиё омбудсманлари альянси минтақада инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирадиган биринчи иттифоқ ҳисобланади. Ушбу ташкилот Евроосиё давлатлари омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаб, ўз мамлакатлари фуқароларининг чет элдаги муаммоли масалаларини тезкор ҳал этиш имконини беради.
Евроосиё омбудсманлари альянсининг VII йиғилиши якунларига кўра, Евроосиё минтақасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим йўналиши сифатида ҳуқуқий тарғиботни кучайтиришга доир масалалар муҳокама қилиниб, таклифлар ишлаб чиқилди.