Ҳужжат ижтимоий тармоқлар, видеоплатформалар, онлайн ўйинлар, сунъий интеллект чатботлари ва бошқа рақамли хизматларда вояга етмаганлар хавфсизлигини кучайтиришни назарда тутади.

Таклифга кўра, 13 ёшга тўлмаган болалар ижтимоий тармоқларда аккаунт оча олмайди. 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўсмирлар учун эса аккаунтлар фақат ота-она ёки васий томонидан очилиши ва назорат қилиниши мумкин. Бундай «мини-аккаунтлар»нинг функциялари чекланган бўлади, улардан фойдаланиш вақти эса кунига кўпи билан бир соат этиб белгиланади.

15 ёшдан бошлаб ўсмирларга мустақил аккаунт очиш имконияти берилиши таклиф этилмоқда. 15–18 ёшдаги фойдаланувчилар учун эса платформалар «хавфсиз дизайн» тамойили асосида ишлаши керак бўлади.

Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, янги ёндашувда асосий масъулият платформаларнинг ўзига юкланади. Яъни хизматлар болалар учун хавфсиз эканини платформаларнинг ўзи исботлаши талаб этилади.

Таклифда болаларни ўзига жалб қилиб, ортиқча вақт сарфлашга ундайдиган «қарамликка олиб келувчи» функцияларни чеклаш, тавсия алгоритмларини болалар учун хавфсизлаштириш, бегона шахсларнинг болалар билан алоқасини чеклаш ва аккаунтларни стандарт ҳолатда махфий сақлаш каби талаблар ҳам белгиланган.

Фон дер Ляйен, шунингдек, болаларнинг тобора экстремал контентга жалб қилиниши ҳамда қизларнинг суратларидан сунъий интеллект орқали сексуаллаштирилган сохта тасвирлар яратилишини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Янги тартибда фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш механизми ҳам назарда тутилган. Европа Комиссияси маълумотига кўра, платформалар фойдаланувчининг ёшини ишончли усулда текшириши керак бўлади.

Шу билан бирга, EU KIDS Act ҳозирча қонунчилик таклифи ҳисобланади. Уни қабул қилиш учун кейинги қонунчилик жараёнларидан ўтиш талаб этилади.