Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий, молиявий, техник, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама шерикликнинг долзарб масалалари, шунингдек, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг (КШҲБ) келишилган лойиҳаси, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши ва Европа Иттифоқининг «ПБТ+» Преференцияларининг бош тизимига қўшилиши доирасида биргаликда олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги савдо айланмасида сўнгги 3 йил давомида эришилган 50% дан ортиқ ўсишни мамнуният билан қайд этдилар ҳамда ўзаро савдо кўрсаткичларини ошириш ва яқин келажакда унинг ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича биргаликда самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон томони ЕИга Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани, хусусан, техник кўмаклашиш лойиҳасини молиялаштиргани ва амалга оширгани учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Европа томони, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича кўп томонлама ва икки томонлама музокараларда амалий ёрдам беришда давом этишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, В.Домбровскис ЕИнинг Ўзбекистонга «ПБТ+»нинг бенефициар мамлакати мақомини олишда ёрдам беришга содиқлигини билдирди, бу эса ўзбекистонлик 6 мингдан ортиқ турдаги товарлар ишлаб чиқарувчиларига Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига божсиз экспорт қилиш имконини беради.
КШҲБ лойиҳаси бўйича келишиш жараёнида сезиларли ютуқларга эришилганлиги қайд этилди – ҳозирги кунга келиб музокараларнинг 18 тури ўтказилди, ҳужжатнинг бир қатор боблари ва бўлимлари келишиб олинди ҳамда мавжуд масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Музокара жараёнини жадаллаштириш борасидаги кейинги қадамлар ва бу йўналишдаги икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди, хусусан, таълим соҳасида – «Эразмус» ва «Горизонт Европа» Европа таълим дастурлари доирасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.