Европа дипломатлари билан мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов мамлакат саноат салоҳиятини ошириш, шу жумладан, Европа давлатларининг илғор технологиялари ва ноу-хауини жалб этиш Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

Саноат кооперацияси учун майдонлардан бири 2019 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик шаклида ташкил этилган «TEXNOPARK» МЧЖ бўлиб, унинг фаолияти юқори технологияли, рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқариш қувватларини яратишга йўналтирилгандир.

Дипломатик корпус вакиллари ишлаб чиқариш майдонларини бориб кўрдилар, технопарк корхоналари томонидан чиқарилаётган қурилиш материаллари, маиший техника, лифтлар ва эскалаторлар, сув насослари, металл конструкциялар, панель радиаторлари ва бошқа маҳсулотлар билан танишдилар.

«TEXNOPARK» МЧЖ томонидан жорий йили газ қозонлари, базальтдан иссиқлик изоляцион материаллар, HPL-панеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Автоматлаштирилган логистика марказини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган. Қайд этилганидек, мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш ва экспорт географиясини 30 мамлакатга етказиш имконини беради.

Европалик ҳамкорлар «TEXNOPARK» МЧЖнинг салоҳияти ва имкониятларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.